Астрахань давлат университети уч талабани норозилик намойишларда қатнашгани учун ўқишдан ҳайдади.
“Қонунни бузишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ.. Руҳсат этилмаган намойишларда қатнашишдан олдин юз марта ўйлаб кўринг”, деб ёзди қарорни ижтимой тармоққа жойлаган университет ректори Константин Маркелов.
Россияда шу кунда Навальний ҳимоясига уюштирилган намойишларда қатнашганларга нисбатан тобора қаттиқроқ жазолар қўлланаётганига кўпчилик кўникиб қолган бўлса ҳам, университетнинг бу қарори катта шов-шувга сабаб бўлди.
Ҳайдалган икки талаба – Вера Иноземцева ва Александр Мочалов – университет устидан судга шикоят қилиб, ўқишга қайта тикланишларини талаб қилмоқда. “Мен ҳайдалишимни сиёсий қатағон деб ҳисоблайман”, деди Озод Европа/Озодлик радиоси билан суҳбатда Иноземцева.
Мен ҳайдалишимни сиёсий қатағон деб ҳисоблайман.
Унинг адвокатлари маҳкамада университет қарори ўқув юртининг ички низом ига ҳамда тинч уюшиш ҳуқуқини кафолатлаган конституцияга зид келишини исботламоқчи.
“Улар мавҳум гаплар билан кифояланиб, ўз қарорини асослаб беролмаяпти. Низом бузилган дейди. Қайси қоидалари бузилганини айтмайди”, деди талабаларнинг адвокати Ярослав Павлюков.
Норозилик намойишларининг оқибатлари россиялик талабалар жамоасини ларзага келтирмоқда. Кремль талабалар орасида сиёсий фаолликни чеклашга, уларнинг мойиллигини мухолифат эмас, давлат томонга оғдиришга ҳаракат қилмоқда.
Минглаб талабалар сўнгги намойишларда иштирок эди, ўқувчи ва талабалар томонидан мактаб синфлари ва университет аудиторияларида олинган TikTok видеоларини кўпчилик кўрди.
Норозилик акцияларига қарши чоралар ҳам ўзини куттирмади. Новосибирск Энергетика ва технология коллежининг ўқитувчиси Алексей Алексеев ижтимоий тармоқдаги изоҳи учун ишдан бўшатилди. Изоҳда у ёшларни 23 январга режалаштирилган намойишда иштирок этиб, “мамлакат келажаги ҳақида гаплашиб олишга” чақирган.
Самара давлат университети эса, ўз ички низомини таҳрир қилиб, унда университет ўқитувчи ва талабалари учун ҳукуматга қарши тадбирларда иштирок этишни тақиқлаб қўйди. Бу чора бошқа университетларга ҳам намуна бўлиб хизмат қилиши кутилмоқда.
Талабаларнинг айтишича, улар алдов ёки босим остида ҳукуматни ёқлаб ўтказиладиган йиғилишларда қатнашишга мажбурланмоқда. Meduza нашрининг ёзишича, тегишли йўриқнома президент маъмурияти томонидан маҳаллий ҳокимликлар ва ўқув муассасаларига туширилган.
Талабаларга нисбатан ўқишдан ҳайдаш таҳдиди кўп ишлатилади.
Қандай бўлмасин, Астрахандаги воқеа кишилар диққатини ўзига тортди. “Талабаларга нисбатан ўқишдан ҳайдаш таҳдиди кўп ишлатилади, лекин амалда бу чора камдан-кам ҳолда қўлланиларди. Биз бу ноқонуний ва адолатсиз эканлигини исботлашимиз керак”, деди талабаларнинг адвокати Ярослав Павлюков.
Ҳайдалган уч талабадан фақатгина 22 яшар Иноземцева мухолиф фаоллик тажрибасига эга. У 2017 йилда Навальнийнинг минтақавий сиёсий кампанияларидан бирида ишлаган. Иноземцева авваллари ҳам қатор норозилик акцияларида иштирок этган.
Иноземцеванинг айтишича, Астраханда 23 январь куни бўлиб ўтган намойишлардан уйга қайтаётганда, уни фуқаро кийимидаги ниқобли одамлар тутиб олиб, барча ашёларини олиб қўйган. Полицияда экан, кимдир унинг номидан норозилик намойишларда қатнашиш чақириқларини ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида эълон қилган.
Университетдан ҳайдалгач, Иноземцева Астрахань давлат университети ректори Маркеловни ишдан бўшатиш талаби билан кампания бошлаб юборган. Иноземцевани бунда «Яблоко» партияси қўллаб-қувватлади. “Диссернет” аксил-плагиат гуруҳининг маълумотларига таянган партиянинг таъкидлашича, Маркелов докторлик ишининг каттагина қисми бошқаларнинг илмий мақолаларидан ўзлаштирилган.
Кўчирмакашлик ёрдамида сохта докторликни ёқлаган инсон талабаларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлай олмайди.
“Кўчирмакашлик ёрдамида сохта докторликни ёқлаган инсон талабаларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлай олмайди”, дейилади партиянинг баёнотида.
Иноземцевага кўра, агар судда ютиб чиқса, бу сиёсий қарашлари деб ўқишдан ҳайдалган ёки сукут сақлашга мажбур бўлаётган бошқа талабаларга намуна бўлади.
“Бу уларга ҳеч қайси талаба сиёсий қарашлари деб ҳайдалиб кетмаслигига кафиллик бўлади”, дейди у.
Лекин кетма-кет икки ҳафта давомида юз минглаб одамларни кўчага чиқиши расмийларни қўрқитиб юборди. Сентябрь ойига режалаштирилган муҳим парламент сайловлари арафасида ҳукумат ҳеч қандай очиқ норозиликка йўл қўймайди деб ҳисоблайди фаоллар.
“Ишда сиёсий тус мавжуд бўлгани учун, суд қандай ҳукм чиқаришини билмайман. Лекин, камида, биз ҳаракат қилиб кўришимиз керак”, дейди авдокат.