Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 22:57

Президентнинг кенжа куëви Тошкентдаги автоҳалокатда жароҳат олгани айтилмоқда


Ўзбекистон президентнинг кенжа куёви ҳамда унинг хавфсизлик хизмати мулозими Отабек Умаров - Instagram
Ўзбекистон президентнинг кенжа куёви ҳамда унинг хавфсизлик хизмати мулозими Отабек Умаров - Instagram

Ўзбекистон ҳукумати ва президент оиласига яқин манбалар президентнинг кенжа куёви ҳамда унинг хавфсизлик хизмати мулозими Отабек Умаровнинг 13 февраль оқшомида Тошкентда йўл-транспорт ҳодисасига учраганини айтмоқда.

Бир-биридан мустақил манбаларнинг иддао қилишича, Ўзбекистон президенти Давлат хавфсизлик хизмати (ПДХХ) раҳбарининг ўринбосари, 36 яшар Отабек Умаров 13 февраль куни пойтахт марказида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисасидан сўнг шифохонага ётқизилган.

Ўтган шанба маҳаллий вақт билан соат 18 лар атрофида юз берган ҳодиса ҳақида ижтимоий тармоқларда пайдо бўлган хабарни Озодликка Ўзбекистон ҳукумати ва президент Мирзиёев оиласига яқин бир неча манба тасдиқлади.

Ўзбекистон ҳукуматининг номи ошкор этилмаётган мулозими, Тошкентдаги шифохона ҳамда Отабек Умаровга яқин манбалар тасдиқлаган ҳодиса ҳақида расмий маълумот берилганича йўқ.

Парвозларни кузатувчи flightaware.com сайтида манбалар ҳодиса ортидан Германиядан Тошкентга учиб келганини айтган Гамбургдаги хусусий ширкатга тегишли учоқнинг Тошкент халқаро аэропортида 14 февралдан 15 февралгача тургани қайд этилган.

Озодлик манбалари Отабек Умаров Тошкентдаги Шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш Республика илмий марказида бир неча соат мобайнида дастлабки тиббий ёрдам кўрсатилганидан сўнг махсус тиббиёт учоғи билан хорижга олиб кетилганини ҳам иддао қилди. Аммо бу ва ҳодиса билан боғлиқ бошқа иддаоларни расмий манбалардан тасдиқлашнинг имкони бўлмади.

Ҳодиса юз берган 13 февраль куни Отабек Умаровнинг Инстаграм саҳифасида Дубай шаҳрида валиаҳд шайх Ҳамдон бин Зайд билан тушган сурати қўйилган эди. Сурат қачон олингани ҳақида маълумот берилмаган. 14 ва 15 февраль кунлари Отабек Умаров Инстаграм саҳифасида пост қолдиргани йўқ.

Айни пайтда ҳукумат доираларига яқин камида икки манба Отабек Умаровнинг ЙТҲга учраганини рад этди ҳамда у билан 14 ва 15 февраль кунлари шахсан мулоқотда бўлганини иддао қилди.

Озодликнинг ижтимоий тармоқларда пайдо бўлган хабар ва Тошкентдаги манбаларнинг иддаолари юзасидан расмий маълумот олишга уринишлари натижа бермади.

Отабек Умаров шайх Ҳамдон бин Зайд билан
Отабек Умаров шайх Ҳамдон бин Зайд билан

Президент трассасидаги мотоцикл

Озодликнинг бир-биридан мустақил манбаларига кўра, президентнинг кенжа куёви ҳамда унинг хавфсизлик хизмати мулозими, 36 яшар Отабек Умаров иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисаси 13 февраль куни соат 18ларда содир бўлган. Тошкентнинг халқ орасида “Президент трассаси” деб аталадиган йўлида, Мустақиллик кўчаси, Пушкин метро станцияси яқинида юз берган ҳодисада катта тезликда кетаëтган мотоцикл ҳайдовчиси йўл четидаги бетон бордюрга урилгани айтилмоқда. Ҳайдовчи енгил автомобилга чап бериш учун рулни бургани айтилган ҳодисада қурбон бўлмаган. Озодлик суҳбатлашган ҳукумат мулозимига кўра¸ мотоциклни Ўзбекистон президентининг кенжа куëви Отабек Умаров бошқарган. Ҳодисада мотоцикл ҳайдовчисининг "иккала оëғи лат еган". Умаров "жиддий жароҳатлангани" ҳақида ижтимоий тармоқларда пайдо бўлган хабарлар ортидан 14 февраль куни Озодлик боғланган Отабек Умаровга яқин манба президент куëви билан “кичик кўнгилсизлик” юз берганини айтди.

Отабек Умаров ва Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев
Отабек Умаров ва Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев

Илизаров темирлари

Озодлик манбаларига кўра, Умаров халқ орасида "16-горбольница" деб аталадиган Шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш Республика илмий марказига 13 февраль куни соат 19лар атрофида олиб келинган. Касалхонага яқин тиббиëт ходимининг Озодликка билдиришича, “оëғидан лат еган пациент 6 соат мобайнида операция қилинган”. Биринчи оилага яқин манбанинг сўзларига кўра, Умаровнинг “ўнг оëғи 3 жойидан синган¸ чап оëқ суялари қаттиқ зарб оқибатида майдаланиб кетган”. У Умаровнинг оëқларига “Илизаров темирлари” номи билан билинган мослама ўрнатилганини айтмоқда. Совет жарроҳи Гавриил Илизаров ихтиро қилган бу мослама асосан, оëқлардаги суяклар авария оқибатида синиб, парчаланиб кетган пайтда қўлланилади. Парвозларни кузатувчи flightaware.com маълумотларига кўра, 14 февраль куни кундуз соат 12дан 17 дақиқа ўтганида Тошкент халқаро аэропортига Германиянинг Нюренберг шаҳридан хусусий Air Hamburg ширкатига тегишли учоқ келиб қўнди. Озодлик манбалари Нюренбергдан Тошкентга AHO787B рақамли парвозни амалга оширган учоқнинг махсус жиҳозланган тиббиëт учоғи эканини иддао қилмоқда. Flightaware.com сайти маълумотларига кўра, айни учоқ 15 февраль куни Тошкент вақти билан эрталаб 6.00да Ўзбекистон пойтахтидан учган ва маҳаллий вақт билан 8дан 13 дақиқа ўтганда Москванинг Внуково халқаро аэропортига қўнган. Озодлик ҳозирча бош қароргоҳи Германиянинг Гамбург шаҳрида жойлашган Air Hamburg ширкатидан айни парвоз билан боғлиқ маълумот ололгани йўқ.

Парвозлар жадвали
Парвозлар жадвали

Озодлик манбалари 14 февраль куни ижтимоий тармоқларда тарқалган “куëвнинг мияси лат ебди” деган иддаоларни тасдиқламади. Шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш Республика илмий марказидаги манбанинг айтишича, 14 февраль куннинг иккинчи ярмида Умаров ҳушига келган ва яқинлари билан гаплашган. Озодлик суҳбатлашган манбалар шанба куни куннинг иккинчи ярмида шифохонада фавқулодда хавфсизлик чоралари кўрилганини айтмоқда. Улардан бири ушбу хавфсизлик чораларини президент Мирзиëев ва рафиқаси Зироат Мирзиёеванинг касалхонага "ташриф буюргани" билан боғлади. Аммо Озодлик президент ва рафиқасининг шифохонага борганини Шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш Республика илмий марказидаги расмий манбалардан тасдиқлай олгани йўқ. Шифохона маъмурияти вакили 15 февраль куни Озодлик мухбирининг бу ва президент куёви билан боғлиқ бошқа саволларига "тиббиёт сири" бўлгани важидан маълумот бера олмаслигини айтди.

15 февраль куни куннинг биринчи ярмида Шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш Республика илмий марказигага борган Озодлик мобил мухбири шифохона ва атрофида “ноодатий ҳолатни” кўрмаганлигини айтди. 15 февраль куни ҳодиса содир бўлгани айтилган Мустақиллик кўчасининг Пушкин метроси яқинида ҳам фавқулодда ҳолат кузатилмаган. Ҳодиса жойидаги видеокамералар демонтаж қилингани ҳақидаги иддаолар эса ҳануз тасдиғини топганича йўқ.

Ўзбекистон ИИВ Йўл хавфсизлиги бош бошқармасининг Озодлик боғланган ходими биронта аниқ ЙТҲ ҳақида телефон орқали тўғридан-тўғри маълумот беролмаслигини айтди. Ходимнинг изоҳ беришича, йўл ҳодисаси, агар катта чорраҳада юз берган бўлса, камералар томонидан қайдга олинади ва 6 кундан сўнг автомат тарзда ўчирилади.

Озодликнинг Тошкент шаҳар Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Музифа Султонованинг мобил рақамларига қилган қўнғироқлари жавобсиз қолди.

Озодлик Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шохруҳ Ғиёсов билан боғланишга муваффақ бўлди, аммо у Отабек Умаров исмини эшитгач, телефон "эшитилмаётгани"ни айтди ва шу билан алоқа узилди.

Ўзбекистон президентининг матбуот хизмати эса оммавий ахборот воситалари учун ёпиқлигича қолмоқда.

Tesla видеоси

Шавкат Мирзиëев ҳокимиятга келиши ортидан унинг тансоқчисига айланган кенжа куëв Отабек Умаров қисқа вақт ичида ижтимоий тармоқларда Ўзбекистондаги давлат, айниқса, хавфсизлик мулозимларига хос бўлмаган очиқлиги ва фаоллиги билан эътиборга тушди.

Президентнинг кенжа куёви Инстаграм саҳифасида ўзининг қимматбаҳо машиналар¸ тунги пойга ва дрифтингга ўчлигини намойиш қилган.

2019 йилнинг 8 июлига ўтар кечаси Otabek_muhammadalievich ( Отабек Умаровнинг ники – таҳр.) ўз Instagram саҳифасида жонли кўрсатган видеода президент куёви Tesla машинасида тезликни қонунда белгиланганидан (тезлик чеклови 70 ва 50 км. -таҳр.) уч баравар юқори - соатига 201 кмга чиқаргани кўрилганди.

Эълон қилинишидан кўп ўтмай ўчириб ташланган бу видеони Озодлик сайти ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида бир куннинг ўзида юз минглаб одам томоша қилган. Маҳаллий матбуот президент куёвининг тунги пойгасини ёритмаган.

Озодлик жамоатчиликка тақдим этган бу видео ижтимоий тармоқларда кескин эътирозларга сабаб бўлгани ортидан – воқеадан 12 кун ўтиб , 19 июлда Отабек Умаров Тошкент шаҳар ИИББ Йўл ҳаракати хавфсизлик хизмати томонидан маъмурий жазога тортилди.

Бу ҳақда Умаровнинг ўзи Instagram саҳифасида хабар берди ва энг кам иш ҳақининг 9 баравари миқдорида- 1824570 сўм жарима тўланганлик ҳақидаги квитанцияни ҳам илова қилди.

Nissan GT-R ҳодисаси

Орадан бир ой ўтиб, 2019 йилнинг 6 августида Отабек Умаров номи яна бир йўл-транспорт ҳодисаси муносабати билан тилга тушди.

Отабек Умаров туркиялик таниқли қассоб Нусрет Гўкче (Nusret Gökçe) билан - Тошкент, 23 ноябрь, 2019
Отабек Умаров туркиялик таниқли қассоб Нусрет Гўкче (Nusret Gökçe) билан - Тошкент, 23 ноябрь, 2019

Тошкентнинг Пушкин метро станцияси яқинидаги Мустақиллик кўчасида 6 август, кеч соат 21:15 да юз берган автоавария расман қурбонларсиз якун топган бўлса ҳам тармоқларда қизғин муҳокама қилинди.

Учта автомобиль тўқнашгани тасвирланган видео ижтимоий тармоқларда тарқалар экан, Интернет фойдаланувчиларининг эътиборини бир машина – Nissan GT-R R35 русумли оқ рангли спорткар ўзига тортди.

Айни русумдаги автомобиль президент Мирзиёевнинг оилавий фотосида ҳам акс этган. Гувоҳларнинг айтишича, автоҳалокат юз берган жой зудлик билан ўраб олинган ва тезда тозаланган.

Маҳаллий матбуот уч киши, жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг икки ходими Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига ётқизилгани ҳақида хабар берди.

Автомобиль эгаси президент Мирзиёевнинг куёви Отабек Умаров эканини иддао қилинди.

Озодлик суҳбатлашган икки нафар хавфсизлик ходимига кўра, автоҳалокат бошқа бир “нуфузли хавфсизлик ходими” туфайли юз берган.

Уларнинг автоҳалокат қурбонлари ҳақидаги иддаолари ҳам расмий хабарлардан тубдан фарқ қилади.

Озодлик суҳбатлашган гувоҳлар “ҳамма нарса зудлик билан тозалаб ташлангани излар йўқотилгани"ни иддао қилган эди.

Отабек Умаров от устида
Отабек Умаров от устида

XS
SM
MD
LG