Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:51

“Real Tex Tashkent” кластери фермерларнинг икки йиллик буғдой ва пахта пулини тўламаяпти


Кластерлар икки йилдан буён пахтанинг пулини фермерларга ўз вақтида тўлаш шартномасини бажармаяпти.
Кластерлар икки йилдан буён пахтанинг пулини фермерларга ўз вақтида тўлаш шартномасини бажармаяпти.

Тошкент вилоят, Ўртачирчиқ туманидаги “Real Tex Tashkent” кластер корхонаси фермерларнинг 2020 йил буғдой ва пахта пулини тўлаб бермаяпти.

Баъзи фермерлар ҳатто 2019 йилнинг пахта пулини олмаганлигини айтмоқда.

Фермерларнинг норозилигидан сўнг, 25 январда қарзини узишга ваъда берган кластер раҳбарияти орадан бир ой ўтаётган бўлса ҳам, ҳозиргача фермерларга бир сўм бермаган.

Жуда оғир иқтисодий шароитда қолган фермерлар, дала ишларини жонлантириш учун пул тополмаётгани сабабли мол-ҳолини сотишга мажбур бўлмоқда.

“Real Tex Tashkent” кластер корхонаси муассиси Исроил Юнусов келгуси ҳафтанинг сешанба кунигача фермерларнинг буғдой ва пахта пули юз фоиз берилишига ваъда берди.

Озодлик Ўртачирчиқ туманидаги “Real Tex Tashkent” кластер корхонаси билан шартнома қилган ўнга яқин фермер билан гаплашди.

“Ёшлик” фермер хўжалигининг раҳбари Олим Йўлдошевнинг айтишича, у ҳатто буғдой пулини ҳам шу пайтгача ололмаган:

Чўнтагимиз тамоман қуриб қолди, бунақаси ҳали бўлмаган эди.

“Буғдойдан 50 миллион, пахтадан 91 миллион сўм пулимни шу пайтгача ололмадим. Ҳокимиятдаги катта йиғилишда 25 январгача ҳаммасини туширамиз деб ишонтирганди. Мана орадан бир ой ўтяпти, бу ҳам қулоққа осилган навбатдаги лағмон бўлиб қолди. Биз ер, сув солиғи тўлашимиз керак, улар пеня туғиб ётибди. Ишчиларимизга бергани пул йўқ, уларнинг ҳам бола-чақаси бор. Чўнтагимиз тамоман қуриб қолди, бунақаси ҳали бўлмаган эди, шартномани бажариб маҳсулотингни сотсангу, пулингни ололмасанг!”

“Абдувалиев Муҳриддин” фермер хўжалиги раҳбари Муҳриддиннинг айтишича, унинг амакиваччалари дохил тўрт фермер хўжалиги 2019-2020 йиллар учун жами 1,5 миллиард сўм пулини шу пайтгача ололмаган.

“Валижон Фатҳиддин” фермер хўжалигининг раҳбари Маъмура Каримова ҳам кластер корхонаси ундан қарийб бир миллиард сўм қарздор эканлигини айтади:

Лекин кейин бу уруғликка ўтмади, деб баҳона қилиб қолган 160 миллион сўм пулимизни бермаяпти.

“Бизда иккита фермер хўжалиги бор. 2019 йилда топширган пахтамиздан 160 миллион сўм пулимиз қолган. Лекин олмаган пулимизнинг ҚҚСни олиб бўлишган. Мен уруғлик пахтага шартнома қилган эдим. Бу нав учун қўшимча меҳнат, қўшимча харажат бўлади. Масалан, уч-тўрт марта ошиқча чоптирганмиз, техника ишлови ҳам кўп бўлади. Кунига 70-80 минг сўмдан одам ёллаб ишлатганмиз. Аъло сифатли пахта топширдик, уруғлик деб қабул қилиб олишди. Лекин кейин бу уруғликка ўтмади, деб баҳона қилиб қолган 160 миллион сўм пулимизни бермаяпти. 2020 йил учун ҳам икки фермер хўжалигимиз пахтаси учун 760 миллион сўм олишимиз керак, лекин шу пайтгача бир сўм ҳам бергани йўқ!”

Маъмура Каримованинг айтишича, фермерлар дала ишларини тўхтатиб қўймаслик учун ҳол-ҳолини сотишга мажбур бўлмоқда:

Биз кластерни бундай тасаввур қилмаган эдик. Кластер бўлмади, бало бўлди!

“Биз меҳнатдан қочмаймиз. Лекин моддий томондан жуда қийналдик. Ўзимизнинг фермамизда 17 та қорамол, 250 та қўйимиз бор эди. Сотяпмиз, сотяпмиз, етмаганига мошинани сотяпмиз. Чунки далада нақд пул бермасангиз одамлар ишламайди. Боримизни расход қилиб, тўкилиб бўлдик. Биз кластерни бундай тасаввур қилмаган эдик. Кластер бўлмади, бало бўлди!”

Озодлик суҳбатлашган ўртачирчиқлик бошқа фермерлар ҳам маблағсиз оғир аҳволда қолишганини айтишди.

Озодлик “Real Tex Tashkent” кластер корхонасининг янги раҳбари Жасур исмли мулозимга қўнғироқ қилганида у ўзининг Жасур эканлигини тасдиқлади, аммо Озодлик радиосидан қўнғироқ қилаётганимизни эшитганидан сўнг, “мен бошқа одамман”, деб алоқани узди.

“Real Tex Tashkent” кластер корхонаси муассиси Исроил Юнусов Озодлик билан суҳбатда корхонанинг фермерлар олдида қарзи борлигини тасдиқлар экан, келгуси ҳафтанинг сешанба кунигача бу муаммо ҳал бўлишига ваъда берди:

“Куни-кеча пахта заводи ишчиларининг маоши берилмаётгани ҳақида ёзган эдингизлар. Бугун бу муаммо юз фоиз ҳал бўлди. Ишчиларнинг маошлари тўлиқ тўланди. Фермерларнинг пахта пули ҳам душанба-сешанба кунлари юз фоиз тўлаб берилади. Ўзим қўнғироқ қилиб натижасини айтаман”.

Озодлик Тошкент вилоят, 17 февраль куни Ўртачирчиқ туманидаги “Real Tex Tashkent” кластер корхонасининг “Қорасув пахта тозалаш” заводи ишчилари икки ойлик маошлари берилмаганидан норози бўлиб, иш ташлаган ва бу акция қарийб 3 кун давом этгани ҳақида хабар берган эди.

19 февраль куни ишчилар Озодликка яна мурожаат қилиб декабрь ойи маошлари берилгач, ишга чиққанларини айтди.

Ўртачирчиқ тумани ҳокимлигининг исми сир қолишини сўраган мулозимининг айтишича, 155та пахтачилик фермер хўжалигининг 90 фоизи ҳосил пулини ололмаган. Кластернинг фермерлардан 26 миллиард сўмдан ортиқ қарзи бор.

Озодлик бундан аввал ҳам Ўзбекистонда кластердан пахта пулини ўз вақтида ололмаган ўнлаб тумандаги фермерлар муаммоларини ёритган эди.

Бухоро вилоятидаги “WWW Romitex MChJ” кластер корхонаси фермерларнинг пахта пулини тўламаган эди.

Андижон вилоят, Избоскан туманидаги “Sohib omad baraka” кластер корхонаси, фермерларнинг 2019 йил учун 2,6 миллиард, 2020 йил учун 22 миллиард сўм пахта пулини тўлаб бермаган.

Фермерларнинг айтишича, 2020 йилнинг пахта пулидан эса ҳали дарак йўқ.

XS
SM
MD
LG