Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 01:15

Янги Жиноят кодексида ноқонуний диний материаллар учун жавобгарлик бўлмайди


22 февралда Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексини тасдиқлаш тўғрисидаги қонун лойиҳаси муҳокама учун эълон қилинди.

Ҳужжатга янги Жиноят кодекси лойиҳаси ҳам илова қилинган бўлиб, у қабул қилингач, 2022 йилнинг 1 январидан кучга киради ва жорий кодекс бекор қилинади.

Қабул қилиниши кутилаётган Жиноят кодексида диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатиш декриминализация қилинмоқда, яъни жиноят қонунчилигидан чиқарилмоқда.

Ўзбекистонлик ҳуқуқшунос ва диний мавзуларни ёритувчи журналистнинг фикрича, кейинги йилларда диний адабиётлар учун жавобгарликка тортиш амалиёти кескин камайиб кетган.

Бироқ шу кунларда Сирдарё вилоятида айнан шундай айблов билан 19 яшар талаба тергов қилинмоқда.

Бош прокуратура тайёрлаган янги Жиноят кодекси лойиҳаси “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси портали” га 22 февралда жойлаштирилди.

Эскисининг ўрнига янгиси

Жиноят кодекси лойиҳасидан олдин берилган Президент фармони лойиҳасининг иккинчи бандида “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг 1994 йил 22 сентябрдаги 2012–XII-сон қонуни ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин”, дейилганки, демак, 2022 йилнинг 1 январидан кучга кириши режалаштирилган Жиноят кодекси бу соҳадаги янги қонун бўлади.

Янги Жиноят кодекснинг амалдаги кодексдан зоҳирий фарқи ҳам анча сезиларди. Масалан, янгиси 395 моддадан иборат бўлса, жорий кодекс 302 моддадан ташкил топган.

Янгидаги янгиликлар

Бош прокуратурага кўра, “лойиҳани ишлаб чиқишда жиноят қонунчилиги нормаларини унификация қилишга, уни янада либераллаштиришга, жиноий жавобгарлик ва жазо тизимини такомиллаштиришга ҳамда жиноятлар учун санкцияларни қилмишларнинг ижтимоий хавфлилик хусусияти ва даражасига қараб мувофиқлаштиришга алоҳида эътибор қаратилган”.

Янги Жиноят кодексида шу пайтгача жазо белгиланмаган жиноят турлари, масалан, ўзбошимчалик билан жазолаш ёки журналистнинг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилиш учун жиноий жавобгарлик назарда тутилмоқда.

Айни пайтда амалдаги Жиноят кодексида жазо назарда тутилган айрим ҳолатлар, жумладан диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатиш декриминилизация қилинмоқда.

2443- ва 1842-

Амалдаги Жиноят кодексининг 2443-моддасида (Диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатиш) бу жиноят шундай қилмишлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, — базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланиши белгилаб қўйилган.

Худди шундай қилмиш Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 1842-моддасида (Диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатиш) ҳам назарда тутилган.

Ҳуқуқшунос: 2443-ни қўллаш кескин камайиб кетган

Тошкентлик ҳуқуқшунос Руҳиддин Комиловнинг фикрича, янги Жиноят кодексидан 2443-модда олиб ташланади ва мантиққа кўра, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 1842-моддаси ҳам олиб ташланиши керак. Бироқ Маъмурий кодекс ҳам янгиланаётгани тўғрисида маълумот йўқ.

Руҳиддин Комиловнинг айтишича, 2443-модда йиллар давомида жуда кўп қўлланилган модда бўлган эди, кейинги 2-3 йилда бу моддани қўллаш кескин камайди: "Илгари қилган ишимиз асосан шу ва унга "қўшни" моддалар эди. Бугунга келиб бу модда ўз актуаллигини йўқотди".

Лицензияси тикланиб, 1 февралдан яна адвокатлик фаолияти билан шуғулланаётган Руҳиддин Комилов Биринчи президент даврини эслаб мана бундай деди:

"2009 йилгача, яъни адвокатлик қилиб юрган давримда 2443 ва шунга ўхшаш моддалар бўйича иш жуда кўп эди. Мен бир ўзим бир йилда камида 10-20 та ишда иштирок этар эдим. 10 та дейилгани билан ҳар бир иш ортида 30-40 кишининг тақдири турар эди. 2009 йилдан кейин адвокатлик билан шуғулланмадим, лекин одамлар мурожаат қилишдан тўхтагани йўқ. Кейинги 4 йилда эса, бундай мурожаатлар камайди, деярли тўхтади".

Журналист: 2443- модда замирида бузуқ мантиқ бор эди

Руҳиддин Комиловнинг диний адабиётлар билан боғлиқ ишлар кейинги йилларда кескин камайиб кетди, деган фикрига дин ва диндорлар ҳаёти масалаларини ёритиб келаётган журналист ҳам қўшилди. Исми айтилмаслигини сўраган журналистнинг фикрича, Жиноят кодексининг 2443-, Маъмурий кодекснинг 1842-моддаси замирида бузуқ мантиқ ётганига эътибор қаратди:

"Бузуқ мантиқ шундаки, бошқа тиллар, масалан, араб ёки турк тилидан диний асарларни таржима қиладиганлар доим хавф остида яшар эди. Улар асарни таржима қилиб, таржимани Диний қўмита экспертизасидан ўтказгунларича, ўша асарни сақлайдилар. Агар экспертиза асарни зарарли деб топса, нима бўлади? Айнан шу мантиқсизлик ҳозир “эски Ўзбекистон” деб атаётганимиз даврда исталган одамни қамаш учун яхшигина сабаб бўлар эди".

Қонунга хилоф материаллар

Янги Жиноят кодексида диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатиш жиноят декриминализация қилинмоқда.

Хўш, диний материалларнинг қонуний ёки қонунга хилоф эканлиги қандай аниқланади?

Бу саволга Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 2020 йил 28 октябрдаги ҳал қилув қарори жавоб бўлиши мумкин. Олий суд қарори билан билан “Telegram” ижтимоий тармоғидаги ҳамда “YouTube” видеохостингидаги Абдуллоҳ Бухорий, Маҳмуд Абдулмўмин ва Содиқ Самарқандийларга тааллуқли бўлган қуйидаги каналлар экстремистик ва террористик деб топилган.

19 яшар талаба иши

Адвокат Руҳиддин Комилов ҳамда диний мавзуларни ёритувчи журналист диний адабиётлар билан боғлиқ жиноят ишлари йўқ даражага тушиб қолди, деб турган бир пайтда Сирдарё вилоятида 19 яшар талаба иши суд қарори билан қайта тергов қилинмоқда.

Сайхунобод суди Жавоҳир Омоновнинг ишини 9 февралда кўриб, “ишни судда кўриш учун етарли асослар мавжуд эмас, ишда камчиликлар мавжуд деб топиб, ўша камчиликларни тўғрилаб, судга қайтадан мурожаат қилиш тавсияси билан қайтарган” эди.

Судга тақдим этилган материаллар орасида Жавоҳир Омоновники дейилган телефондаги материаллар устидан ўтказилган махсус экспертиза хулосаси мавжуд. Ҳужжатга кўра, телефонда конституциявий тузумга қарши материаллар мавжуд эмас. Экспертлар хулосаси, сўнгги бандни истисно қилганда, мутлақо ижобий. Хулосанинг сўнгги бандида баъзи файллардан Ўзбекистонда тақиқлангани айтилган икки имомнинг маърузалари чиққани кўрсатилган.

Экспертиза хулосасидан экспертлар бир вақтнинг ўзида иккита - Samsung A3 ва Redmi 7 телефонлари таркибидаги материаллар устидан тадқиқот ўтказгани англашилади.

Омоновнинг 16 февраль куни Озодликка айтишича, унинг телефони Redmi 7 эди. Экспертизага жўнатилган Samsung A3 телефонига унинг ҳеч қандай алоқаси йўқ.

Жавоҳир Омоновнинг айтишича, унинг "таъқиб қилаётгани сиёсий фаолияти" билан боғлиқ:

"2020 йили Президент Ш.Мирзиёевнинг мухолиф партиялар тўғрисидаги баёноти ортидан янги Уйғониш номи остида мустақил партия тузишга ҳаракат қилганман. Баъзи сабабларга кўра бу ҳаракатим натижасиз тугаган бўлсада мустақил сиёсий партия тузиш фикримдан қайтмаганман. Қолаверса ижтимоий тармоқларда ўзимнинг кучли танқидий, таҳлилий ҳамда ҳолис фикрларимни билдириб бораман".

"Қора рўйхат"ларнинг бекор қилиниши

Тақиқланган диний-экстремистик гуруҳларга алоқадорлар, мойиллик кўрсатганлар ёки адашиб қўшилиб қолган кишиларнинг “қора рўйхати” мавжудлиги 2017 йилда президент Мирзиёев томонидан расман айтилган ва бу рўйхатдан адашганларни чиқариш ташаббуси кўтарилган эди.

Президент Шавкат Мирзиёев 2018 йилнинг 8 декабрида Конституция қабул қилинганининг 26 йиллигига бағишланган маърузасида диний экстремистик гуруҳларга алоқадор кўрилган 20 мингдан зиёд фуқаро назоратдан чиқарилганини маълум қилган.

"Бир пайтлар диний экстремистик гуруҳларга алоқаси бор, деб назоратга олинган 20 мингдан зиёд фуқаро “махсус ҳисоблар”дан чиқарилди. Ман этилган ташкилотларга адашиб кириб қолган, қилмишига пушаймон бўлиб, тузалиш йўлига ўтган фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича Республика идоралараро комиссияси тузилди", деб айтган президент.

XS
SM
MD
LG