Линклар

Шошилинч хабар
14 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:20

«Чегара билмас мухбирлар» Россия Свобода радиосига тазйиқ ўтказаётганини қоралади


Свобода радиосининг Москва бюроси.
Свобода радиосининг Москва бюроси.

«Чегара билмас мухбирлар» (Reporters sans frontières – RSF) ташкилоти Россия Свобода радиосининг (Озодлик радиосининг рус тилидаги хизмати) бир нечта хизматларига йирик жарималар солганини кескин танқид қилди. Ташкилот мамлакатнинг «чет эл агентлари» тўғрисидаги қонунини Россияда мустақил ва мухолиф оммавий ахборот воситалари овозини ўчириш учун ишлаб чиқилган «бемаънилик» деб атади.

Роскомнадзор Свобода радиосига қарши 260 та иш қўзғатган. Москва суди бугунга қадар Свободага 142 та иш бўйича қарийб 1 миллион доллар миқдорда жарима солди.

Свобода радиоси жарималарни тўлаши ва Роскомнадзор қоидаларга риоя қилишни бошлаши керак, акс ҳолда радионинг Россия ичидаги фаолияти ёпилиши мумкин.

RSF ташкилотининг Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича раҳбари Жанна Кавалье 16 март куни эълон қилган баёнотда «“Свобода”радиоси сўнгги 30 йил давомида Россияда эфирга узатиб келинаётган бўлишига қарамасдан, бугунги кунда бемаъни ва таҳқирловчи қонун асосида ёпилиш хавфи остида қолмоқда», дейилади.

«Ушбу ҳаддан зиёд жарималар перестройка плюрализмига чек қўйиш мақсадида “Россиянинг оммавий ахборот муҳитини тозалашга” қаратилган узоқ жараёнининг бир қисмидир. Биз мустақил ва мухолиф оммавий ахборот воситалари таъқиб қилинаётганини қоралаймиз ва Свободага қарши суд ишларини тўхтатишга чақирамиз» дея қўшимча қилди у.

Россиянинг «чет эл агентлари» тўғрисидаги қонуни 2012 йилда қабул қилинган ва бугунга қадар қайта-қайта ўзгартирилди. Қонунга биноан, чет элдан молиялаштириладиган ва ҳукумат сиёсий фаолият билан шуғулланади, деб ҳисоблайдиган нодавлат ташкилотлар ўзларини «чет эл агентлари» ўлароқ рўйхатдан ўтказиши ва аудиторлик текширувларидан ўтиб туриши керак.

Қонунга кейинги йилларда киритилган ўзгаришлар матбуот нашрларини нишонга олади.

2017 йилда Россия ҳукумати Свобода радиоси, радионинг олтита рус тилидаги янгиликлар хизмати ҳамда Озод Европа/Озодлик радиоси ва «Америка Овози» нашрининг қўшма лойиҳаси бўлмиш «Настояшчее время» телеканалини «хорижий агентлар» рўйхатига киритди.

2020 йил охирида Россия ҳукумати жисмоний шахслар, шу жумладан, чет эллик журналистларни «хорижий агентлар» рўйхатига киритиш ва уларга чекловлар қўйишга йўл очиш ниятида қонуни яна ўзгартирди.

2020 йил декабрида Россия расмийлари «чет эл агентлари» рўйхатига беш кишини, шу жумладан, Свобода радиосининг уч журналистини рўйхатга киритди. Уларнинг бешаласи ҳам ушбу қарор юзасидан судга шикоят қилган.

Ўтган йили Роскомнадзор рўйхатдаги оммавий ахборот воситаларидан барча ёзма материалларни катта ҳажмдаги ёзув билан, барча радио материалларни аудио баёнот билан ва барча видео материалларни 15 сонияли матнли декларация билан белгилашни талаб қилувчи қоидаларни қабул қилди.

Озод Европа/Озодлик радиоси президенти Жейми Флай ушбу қоидаларни «бизнинг контент платформаларимизни бузиш ва томошабинларимизни қўрқитиш бўйича буйруқлар» деб атади.

Унинг сўзларига кўра, Озод Европа/Озодлик радиоси «ушбу талабларга норозилик билдириш ва шикоят қилишда» давом этади.

XS
SM
MD
LG