Ўзбекистондаги илк мустақил «Халқ бирлиги» касаба уюшмаси фаоллари расмийлар давлат рўйхатидан ўтиш йўлида "ортиқча тўсиқ" яратмаслигига умид қилишмоқда.
Озодлик билан суҳбатда ўтган жума таъсис этилган ташкилот раиси Роза Агайдарова Адлия вазирлигига тақдим этиш учун барча ҳужжатлар тайёр эканини билдирди.
Сирдарë вилоят, Сардоба туманидаги Indorama Agro МЧЖ ишчи-хизматчилари 19 март куни мустақил касаба уюшмаси Таъсис қурултойини ўтказган эди.
Ўзбекистон тарихидаги илк мустақил касаба уюшмаси таъсис этилганини қурултой очилишида сўзга чиққан ташкилот раиси Роза Агайдарова эълон қилди.
"Дўстлар, бугунги таъсис қурултойимизда «Халқ бирлиги» мустақил касаба уюшмаси тузилди. Барчани табриклайман", - деди қурултойда раисликка сайланган Роза Агайдарова.
Қурултойни кузатган Озодлик мухбирига кўра¸ тадбир ўтиши режаланган коллеж биноси маъмурияти келишувни бузиб, ташкилотчиларни киритмаган.
Бунинг ортидан қурултой ташкилотчилари қариялар чойхонасига ҳам қўйилмаган. Уларнинг Озодликка айтишларича, чироқ ўчириб қўйилган. Пировардида, Ўзбекистон тарихидаги илк мустақил касаба уюшмаси ўз йиғилишини кўчада, фонар ëруғида ўтказди.
Қурултой қатнашчилари ўз ташкилоти учун икки номдан бирини танлаши керак эди. Улар «Халқ бирлиги» деган номни бир овоздан маъқуллашди.
500 дан ортиқ ходимни ўзида бирлаштирган "Халқ бирлиги” Ўзбекистон тарихидаги илк мустақил касаба уюшмасидир.
Фаолларнинг сўзларига кўра, қурултой ишида дунëнинг турли мамлакатларидан касаба уюшмачи арбоблари телефон орқали онлайн тарзда иштирок этганлар.
Қурултойда кўпчилик овоз билан касаба уюшмаси раислигига сайланган 39 яшар Роза Агайдарова Озодлик билан суҳбатда мустақил касаба уюшмаси тузиш ғояси ишчиларнинг ўз ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш эҳтиëжидан келиб чиққанлигини айтди.
Агайдаровага кўра ,“шу пайтгача Ўзбекистонда мавжуд ва амалда давлат раъйига қарайдиган касаба уюшмалари ишчилар ҳуқуқларини деярли ҳимоя қилмагани боис мустақил уюшма тузишга қарор қилинган".
Агайдарова қурултой ўтказиш жараёнига тўсқинлик қилишга уринишлар бўлганини ҳам таъкидлади.
Қурултой иштирокчиси Насиба Усканова Indorama Agro ширкатида сувчи бўлиб ишлайди. Бундан олдин у Соқитош фермер хўжалиги раҳбари бўлган. Насиба опага кўра, «кластерга ўтганидан кейин ҳақ-ҳуқуқи поймол қилинган. Усканова янги тузилган касаба уюшмаси унинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишига ишонади.
Озодлик шу йил январида Сирдарёдаги 24 минг гектар пахта ва буғдой ерини 49 йилллик ижарага олган Сингапурдаги Indorama гуруҳининг маҳаллий шўъбаси оммавий қисқартиришни бошлагани ҳақида хабар берган эди.
Натижада вилоятнинг Оқолтин ва Сардоба туманларидаги юзлаб собиқ фермер ва пудратчи деҳқон иш ва даромад манбаидан ажралиш таҳдиди остида қолган.
Озодлик суҳбатлашган ишчилар Indorama Agro Ўзбекистон меҳнат қонунларини бузаётгани, ўзига берилган ерларда ишлаб келган фермер ва деҳқонларни жазирама иссиқ ва қаттиқ совуқда “қулдек ишлатаётгани"ни даъво қилганлар.
Европа тикланиш ва тараққиёт банки хулосасига кўра¸ 70 миллион долларлик ушбу лойиҳа Ўзбекистонда “пахтани етиштиришнинг самарали усулларини жорий этиш ва қишлоқ хўжалигида меҳнат унумдорлиги ҳамда иш ҳақини оширишдан иборат”.
Ислом Каримов нега хафа?
Янги тузилган касаба уюшма, асосан Indorama Agro кластери ерини олиб қўйган собиқ фермерлардан ташкил топган. Ери олиб қўйилган фермерлардан бири 30 йил олдин дунëга келганида, ота-онаси яхши ният билан ўғлим президент бўлсин, дея отини Ислом қўйганини айтади.
Ислом Каримов ўзининг президент адаши даврида ер олиб, фермер бўлган. Мирзиëев даврида Ўзбекистонга келган Indorama Agro ширкати эса, фермер Ислом Каримовнинг ерини олиб қўйди. Озодлик билан суҳбатда Ислом Каримов ери олиб қўйилгач, ўнлаб одам ишсиз қолганидан шикоят қилди.
"Исломбек Асилбек Ҳамкорлиги" фермер хўжалигида 15 йил ишладим. Пахта ва ғалла етиштирдим. Кластер келиб, еримни тортиб олгач, ишсиз ва ҳақ-ҳуқуқсиз қолдим. Энди ўз ҳуқуқимни ҳимоя қилмасам, отимни бошқа қўяман", - дейди фермер Ислом Каримов.
Бир йил олдин Сардоба тўғони ўпирилишини бошдан кечирган фермерлар ўз ҳуқуқларини ўзлари ҳимоя қилиш учун ташкилотланди.
Ўзбекистонда 1991 йилдан буён ягона Касаба уюшмалари федерацияси фаолият олиб боради. Бу ташкилот Совет давридаги касаба уюшмаси вориси ҳисобланади. Аммо 19 март куни тузилган «халқ бирлиги» касаба уюшмаси бу ташкилот тартибига кирмоқчи эмас. Ўзбекистондаги илк мустақил касаба уюшма раиси Роза Агайдаровага кўра, янги ташкилот мамлакатдаги рақобат муҳитини яратади.
Озодлик ҳозирча Indorama Agro ҳамда Касаба уюшмалари федерациясидан сирдарёлик фаоллар ташаббусига муносабат ололгани йўқ.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан 2019 йилнинг 24 октябрида қабул қилинган, Сенат томонидан 2019 йил 30 ноябрда маъқулланган “Касаба уюшмалари тўғрисида"ги қонун ишчи-ходимларнинг мустақил касаба уюшмаси тузишига изн беради.
Шу йил январида Хоразм вилоят, Шовот туманидаги 78 та фермер хўжалиги раҳбарлари “Шовот Текстил” кластер корхонасига қарашли “Textile Finance Khorezm” МЧЖ билан ишлашдан бош тортган ва мустақил кооперациясига бирлашишини эълон қилган эди.
Фермерлар кучли административ тазйиқ остида амалда деҳқонларнинг кластер қулига айланишини таъминлайдиган “шартномага имзо қўйишга мажбурланган”ликларини айтишган.