Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:52

Эшик ёки тўсиқ? Тошкент ЕОИИ чегарасида Остона билан йирик логистика маркази қурмоқда


Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ва Қозоғистон Республикаси Бош вазири Аскар Мамин “Марказий Осиё” ХСИҲМ лойиҳаси билан танишмоқда. 2021, 10 апрель.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ва Қозоғистон Республикаси Бош вазири Аскар Мамин “Марказий Осиё” ХСИҲМ лойиҳаси билан танишмоқда. 2021, 10 апрель.

Қозоғистоннинг “Жибек жоли” ва Ўзбекистоннинг “Ғишткўприк” чегара масканлари атрофидаги 400 гектар майдонда қуриладиган “Марказий Осиё” халқаро савдо-иқтисодий ҳамкорлик маркази (ХСИҲМ) бир кеча-кундузда икки тарафга ўтадиган 35 минг киши ва 5 минг юк машинасига хизмат кўрсатади.

Бу марказга тамал тоши қўйишга бағишлаб 10 апрелда ўтказилган маросимга икки қўшни давлат ҳукумат раҳбарлари қатнашди.

Икки қўшни ўртасида “саноат ва савдо-логистик” марказ қуришга қандай зарурат бор эди? Бу марказ қуриб битказилса, нима ўзгаради? Марказнинг қурилиши Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқига кириши учун қурилаётган "эшик" эмасми? Озодлик бу саволларни иқтисодий таҳлилчи, Ўзбекистон ҳукуматига яқин тадбиркор ҳамда экспорт-импорт билан шуғулланиб келаётган тадбиркорларга берди.

Ўзбекистон-Қозоғистон чегарасидаги "Жибек жоли" чегара маскани.
Ўзбекистон-Қозоғистон чегарасидаги "Жибек жоли" чегара маскани.

Тошкент Остона билан битта марказ қурмоқчи

“Марказий Осиё” ХСИҲМ қурилишига тамал тоши қўйиш маросимига Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ва Қозоғистон Республикаси Бош вазири Аскар Мамин иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири матбуот хизматининг хабар қилишича, “Марказий Осиёда ягона бўлган ушбу лойиҳа нафақат икки томон учун самарали бўлади, балки минтақада савдо-иқтисодий алоқалар ривожига ҳам қўшимча туртки беради”.

Қозоғистон бош вазири матбуот хизмати хабарида қурилиши кутилаётган марказ ҳақида маълумот кўпроқ. Яъни “Марказий Осиё” ХСИҲМ “саноат ва савдо-логистик” марказдир; у 400 гектар майдонни эгаллайди, бир суткада 35 минг йўловчи ва 5 минг юк машинасига хизмат кўрсатиш қувватига эга бўлади.

Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳукуматлари ўзаро савдо ҳажмини 10 млрд долларга етказиш масаласи устида ишламоқда.

“Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳукуматлари ўзаро савдо ҳажмини 10 млрд долларга етказиш масаласи устида ишламоқда. Бугун бошланаётган лойиҳа ушбу мақсадга эришишда ёрдам беради ва иккала мамлакатнинг ҳар томонлама стратегик ҳамкорлигини мустаҳкамлашда кўмаклашади”, - деган Қозоғистон Бош вазири Аскар Мамин.

Марказ қачон қуриб битказилиши тўғрисида на Ўзбекистон ва на Қозоғистон ҳукумати хабар қилди. Ўзбекистон ҳукуматига яқин йирик тадбиркорнинг Озодликка айтишича, марказ жорий йил охиригача қуриб битказилиши кутилмоқда.

Расмий хабарларга кўра, “Марказий Осиё” ХСИҲМ қурилишини бошлаб бериш Абдулла Ариповнинг Қозоғистонга сафари кун тартибидаги масалалардан бири бўлган. Учрашувда “икки томонлама ҳамкорликнинг кейинги босқичларини муҳокама қилиш мақсадида икки мамлакат ҳукуматлари делегациялари иштирокида ишчи йиғилиши ҳам ўтказилди”.

Ўзбек-қозоқ чегарасидаги шу кундаги аҳвол қандай? Чегарадан юк олиб ўтувчиларни жорий вазият қониқтирадими? Марказнинг қурилиши экспортчи-импортчи тадбиркорлар учун қандай қулайлик яратиши мумкин?

Пессимист тадбиркор фикри

Бу саволларни Озодлик Қозоғистонга ва бу мамлакат орқали Россияга мева-сабзавот экспорт қилувчи ва асосан Россиядан ёғоч-тахта импорт қилувчи андижонлик тадбиркорга берди.

Билмадим, нима мақсадда қилишяпти марказни, лекин менимча, чегарадаги коррупцияни йўқотса кифоя эди.

“Сиз айтаётган логистик марказнинг нималигини, тўғриси тушунолмай турибман. Лекин нима бўлгандаям ўша марказ қурилиб қолса, сарф-ҳаражатларимиз бир неча баробар ошиб кетса керак, деб ўйлайман. Вирус туфайли бир неча ойдан бери иш қилолганим йўқ. Лекин вирус бошлангунча, рефрижераторларда мева-сабзавот чиқарардим. Россиядан лес опкелардим. Чегарада қозоқникиям, ўзимизникиям долясини олади. Одатда, мен юкни ўзимизнинг территориядан чиқариб қўйишни, шерикларим эса, Қозоғистоннинг чегарасидан Ўзбекистонга ўтказиб қўйишни, яъни расходларини бўйнимизга оламиз. Билмадим, нима мақсадда қилишяпти марказни, лекин менимча, чегарадаги коррупцияни йўқотса кифоя эди”, - деди исми айтилмаслик шарти билан гапирган андижонлик тадбиркор.

Оптимист тадбиркор фикри

Россиянинг Қозоғистон билан чегарадош Оренбург вилоятида яшайдиган ўзбекистонлик тадбиркор Равшан ҳожининг фикрича, Остона билан Тошкент қуришни бошлаганга ўхшайдиган логистик марказлар керак ва бундай марказларни самаралик тадбиркорлар ўзлари қуриш таклифини ўтган йилнинг кузида билдирган:

Ўзбекистондан чиқадиган маҳсулотларнинг катта қисми “скоропорт”лар. Бундай маҳсулотлар учун оралиқ логистик марказлар, уларда катта холодильниклар керак.

“Ўзбекистондан чиқадиган маҳсулотларнинг катта қисми “скоропорт”лар (тез айнувчи). Бундай маҳсулотлар учун оралиқ логистик марказлар, уларда катта холодильниклар керак. Агар Қозоғистоннинг чегарасида шундай марказ қурилаётган бўлса, буни олқишлаш керак. Самара вилоятилик тадбиркорлар ўтган йили Ўзбекистонга логистик марказ қуриш таклифи билан мурожаат қилганини биламан. Биз марказни қурамиз, шунга пул тикамиз, сизлар эса, мева-сабзавотни бизга юборасизлар, деб таклиф қилишган”.

Равшан ҳожининг айтишича, ўтган йилнинг кузида Андижон вилояти раҳбарлари Оренбургга амалий сафар билан борганда ҳам маҳаллий тадбиркорлар шундай таклифни ўртага ташлаган.

“Ўша гаплардан ишга ўтилдими-йўқми, хабарим йўқ”, - деди Оренбург вилоятида яшайдиган ўзбекистонлик тадбиркор Равшан ҳожи.

Ғишткўприкнинг у ёғи - ЕОИИ

Маълумки, Қозоғистон Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) аъзоси. Арманистон, Беларусь, Россия ва Қирғизистон ҳам кирувчи бу минтақавий иқтисодий интеграциялашув ташкилотига Ўзбекистоннинг ҳам қўшилиш эҳтимоли тўғрисида кейинги пайтларда кўп гапирилди.

Чегарада қурилаётган йирик логистика маркази Ўзбекистоннинг ЕОИИга қўшилиш йўлидаги навбатдаги қадам эмасми?

Бу саволга Ўзбекистон ҳукуматига яқин йирик тадбиркор “Йўқ”, деб жавоб берди. Унинг айтишича, қурилиши кутилаётган логистик марказ йирик олди-сотди майдони – бозор бўлади.

Агар Иттифоққа Тошкент аъзо бўладиган бўлса, бундай марказнинг умуман кераги бўлмас эдику?!

“Ҳозирча Ўзбекистоннинг ЕОИИга тўлақонли аъзо бўлиши ҳақида гап йўқ. Чегарада логистик марказнинг қурилаётгани ҳам бунинг тасдиғидир. Агар Иттифоққа Тошкент аъзо бўладиган бўлса, бундай марказнинг умуман кераги бўлмас эдику?!”, - деди тадбиркор.

Унинг айтишича, чегарадаги марказни қуриш ташаббуси Қозоғистон томонидан чиққан. Бироқ бу гапнинг расмий тасдиғи йўқ. Айни пайтда икки давлат ҳукуматлари етакчилари учрашувида автомобилсозлик, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаш, шунингдек, юқори тезликдаги Туркистон-Чимкент-Тошкент темир йўл магистралини қуриш лойиҳаларига алоҳида эътибор қаратилгани тўғрисида Қозоғистон ҳукумати хабар қилди.

Қозоғистон томони, шунингдек, Сурхондарё ва Фарғона вилоятларида $22,5 млн. инвестиция ётқизиладиган ишлаб чиқариш қуввати 67 минг тонналик учта улгуржи-тақсимлаш маркази очиш орқали Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида товар ишлаб чиқарувчи ягона тизим яратишга қизиқиш билдирган.

Иқтисодчи олим Сапарбой Жубаев бир пайтнинг ўзида ҳам ўзбекистонлик, ҳам қозоғистонликдир. Ўзбекистон ҳукуматининг ҳозирда Қозоғистонда яшаётган собиқ мулозими қурилиши бошлангани айтилаётган марказ ҳақида фикр билдираркан, бундай деди:

"Сўнгги 4 йилда Қозоғистон билан Ўзбекистон ўртасида савдо, автомобиль ишлаб чиқариш ва бошқа сохаларда катта иқтисодий ва инвестицион режалар амалга оширилди. Мана шундай шароитда, албатта, икки давлат ўртасидаги иқтисодий алоқаларни ривожлантиришда қурилаётган марказнинг аҳамияти катта".

Остона-Тошкент савдо-иқтисодий муносабатларининг ривожланаётганига далил сифатида Жубаев "Ўзбекистонда "Тенге банк"нинг фаолиятини ва Қозоғистонда Равон автомобилларининг ишлаб чиқарилишини айтсак бўлади", - деди.

Икки давлат ўртасида савдо эркинликларига йўл очиш керак.

Иқтисодчи олим Тошкент-Остона савдо-иқтисодий муносабатлари, асосан ҳукуматлараро муносабатлар даражасидан пастга тушолмаётганига эътибор қаратиб, "бундай тадбирларни фақат ҳукумат мулозимлари эмас, оддий тадбиркорлар ҳам амалга ошириши учун икки давлат ўртасида савдо эркинликларига йўл очиш керак", дейди.

Сапарбой Жубаевнинг фикрича, сунъий тўсиқларни, бож чекловларини олиб ташлаш зарур:

"Чегара савдосига сунъий чекловлар ўрнатиш, оддий товарларнинг маълум миқдордан ортиқ олиб ўтишига тақиқлар - буларнинг барчаси қурилаётган эркин Марказнинг ривожланишига тўсиқ бўлиши мумкин".

Сапарбой Жубаевнинг фикрича, икки қўшни давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар ривожига тўсиқ бўладиган яна бир омил бор:

"Икки қардош қўшни мамлакат ўртасидаги эркин савдонинг ривожланишига Қозоғистоннинг ЕОИИ ва Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСЎ) аъзолиги, Ўзбекистоннинг эса, бу ташкилотларга аъзо эмаслигидир. Бунинг оқибатида божхона тарифларида ва умуман савдо тартибларида ҳар-хиллик бор ва иккала томон шу масалаларни ҳал қилиб олиши керак".

ЕОИИ ва Ўзбекистон

Россия бош вазири ўринбосари Алексей Оверчук шу йилнинг январида Москвада бўлиб ўтган анъанавий "Гайдар Форуми"да Ўзбекистоннинг Евросиё иқтисодий иттифоқига тўлақонли аъзо бўлиб киришига ишонишини билдирган эди:

“Биз Ўзбекистонни иттифоқ аъзоси сифатида кўришга ишонамиз ва барча аъзолар бунда кўмак беради. Россия ҳам бу масалада Ўзбекистонга ёрдам беради”, - деб айтган Россия ҳукумати мулозими.


2020 йил майида Олий Мажлис Ўзбекистоннинг ЕОИИ фаолиятида кузатувчи давлат мақомида иштирок этишини маъқуллаганди.

Евросиё иқтисодий иттифоқининг (ЕОИИ)нинг 2020 йил 11 декабрда ўтган саммитида Ўзбекистон ва Кубага кузатувчилик мақоми берилди.

Ўтган йил 29 декабрида парламентга мурожаатида президент Мирзиёев Ўзбекистоннинг "ЕОИИ бозоридаги тўлақонли иштироки" ҳақида гапирган. Ўтган йил бошида у ташкилотда фақат кузатувчи мақомида иштирок этиш ҳақида сўз бораётганини айтиб, Ўзбекистон "мустақиллигини қўлдан бой бериши" ҳақидаги хавотирларни аритишга уринган.

"Ўзбекистон яқинда Евросиë иттифоқида кузатувчи мақоми олди. Ушбу ташкилотга аъзо бўлган давлатлар бозорида тўлақонли иштирок этиш учун миллий техник тартибга солиш меъëрларини уларнинг талабларига мослаштириш бўйича ишларни жадаллаштириши зарур”, деган президент парламентга сўнгги мурожаатида.

XS
SM
MD
LG