Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:57

"10 йил олдингидан яхшироқ". Freedom House Ўзбекистонда "умид белгилари"ни кўрди


Freedom House га кўра, умумият-ла Президент Шавкат Мирзиёев бошқаруви авторитарлигича қолмоқда.
Freedom House га кўра, умумият-ла Президент Шавкат Мирзиёев бошқаруви авторитарлигича қолмоқда.

АҚШда жойлашган Фридом Хаус (Freedom House) инсон ҳуқуқлари ташкилоти Европа ва Евроосиёда “антидемократик бурилиш” содир бўлаётганидан огоҳлантирди. Ташкилотга кўра, кўплаб мамлакатларда сайланган амалдорлар ҳокимиятда қолиш учун демократик институтларга путур етказмоқда ва “альтернатив авторитар бошқарув”ни тарғиб қилмоқда.

Ташкилотнинг “Ўтиш давридаги давлатлар” (Nations in Transit 2021) деб номланган йиллик ҳисоботида Венгрия ва Польша демократик принциплар энг кўп бузилаётган Европа Иттифоқи мамлакатлари экани қайд этилган.

Ҳисоботда ёзилишича, ушбу икки мамлакат “сўнгги ўн йил ичида кузатилмаган демократик таназзулга учраган”.

Шунингдек, ҳисоботда Freedom House баҳолаган мамлакатларнинг аксариятида аҳвол “10 йил олдингидан ёмонроқ” экани айтилган.

Россия ва Беларусь “консолидацияланган авторитар режимлар” тоифасига киритилди.

“Беларусдаги демократия тарафдорлари намойишларига қарши зўравонлик, Кремлнинг коррупцияга қарши курашиб келаётган фаол ва мухолифат етакчиси Алексей Навальнийни ўлдиришга урингани ва Россия ҳарбийлари яқинда Украина чегараси бўйлаб ўз кучини кўрсатгани ушбу тузумлар ҳокимиятда қолиш учун қўл уришга тайёр бўлган чоралар кўламини кўрсатади”, дейилади ҳисоботда.

Freedom House давлатларни 7 мезон бўйича баҳолайди. Булар миллий бошқарув, сайлов тизими, фуқаролик жамияти, мустақил оммавий ахборот воситалари, маҳаллий ўзини ўзи бошқариш, суд мустақиллиги ва коррупциядир.

Евроосиёда ўтган йил давомида Арманистоннинг демократик рейтинги пастлаган.

Грузиянинг рейтинги эса 2011 йилги ҳолатига тушиб қолган.

Ҳисоботда олдинги йилларда демократик бошқарув томон қадам ташлаган Қирғизистон президент Садир Жапаров раҳбарлиги остида авторитаризмга қайтгани айтилади. Бу йилги ҳисоботда мамлакат рейтинги сўнгги инқилоб ҳамда қирғизлар ва ўзбеклар ўртасида низо чиққан 2010 йилга нисбатан пастроққа тушиб қолган.

Freedom House ўз ҳисоботида Ўзбекистон ва “2020 йилда энг катта демократик ўзгаришларни бошдан кечирган” Шимолий Македонияда “умид белгилари” пайдо бўлганини билдирди.

“Шимолий Македония ва Ўзбекистонда қилинаётган саъй-ҳаракатлар аста-секин маҳаллий даражада ижобий ўзгаришларга олиб келди, натижада мамлакатлар баллари яхшиланди. Жумладан, Ўзбекистон ташкилотнинг сиёсий эркинликлар ва интернет эркинлиги рейтингида 2019 йилга нисбатан бир поғона юксалган, демократия рейтингида эса 2 поғона кўтарилган. Аммо ташкилотга кўра кўра, Ўзбекистон ҳануз авторитар давлат сифатида қолмоқда.

"Ўзбекистондаги ислоҳотлар, шу жумладан, қишлоқ хўжалиги ва суд соҳасидаги ислоҳотлар фуқаролар ҳаётини яхшилади, гарчи улар демократияни ривожлантиришга ёки ҳақиқий сиёсий плюрализм яратишга қаратилмаган бўлса ҳам”, дейилади ҳисоботда.

ЯНГИ ҚОНУН: Мирзиёев интернетдаги "танқид" ва "ҳақорат"лардан ҳимоя топди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:07:32 0:00

Шунингдек, ҳисоботда Босния ва Герцеговинанинг демократия рейтинги 2006 йилдан бери биринчи марта яхшилангани қайд этилди.

Бунга қарамасдан, Freedom House ташкилоти Европа ва Евроосиё бўйлаб “демократиянинг умумий кучи” 17 йилдан бери пасаймоқда, деган хулосага келди.

“Демократик давлатлар деб таснифланган мамлакатлар сони ҳисобот 1995 йилда биринчи марта эълон қилинганидан бери энг паст даражага тушиб қолди”, дейилади ҳисоботда.

Freedom House ташкилотининг Европа ва Евроосиё бўйича тадқиқотлар директори Желике Чаки:

“Авторитаризм бу нафақат миллий муаммо, балки бутун минтақалар ва ҳатто қитъаларга тарқалиши мумкин бўлган иллат”, деди.

“Европа демократиялари ва фуқаролик жамияти гуруҳлари авторитаризм кучайган мамлакатларда демократияни дастакловчи ҳаракатларни мувофиқлаштиришлари керак”, дея қўшимча қилди у.

XS
SM
MD
LG