Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:00

Уй ҳибсидаги блогер Миразиз Бозоров янги айбловларга юз тутмоқда


Фаоллар Миразиз Бозоровга жиноят иши очилишининг асл сабаби унинг ҳукуматни танқид қилувчи чиқишлари эканини айтишади.
Фаоллар Миразиз Бозоровга жиноят иши очилишининг асл сабаби унинг ҳукуматни танқид қилувчи чиқишлари эканини айтишади.

Ўзбекистонда ҳақорат ва туҳмат уюштиришда гумонланиб, уй ҳибсига олинган блогер Миразиз Бозоров янги айбловларга юз тутмоқда.

Адвокати Сергей Майоровнинг Озодликка айтишича, 28 нафар фуқаро ҳамда Тошкентдаги 110-сон мактаб ўқитувчиларидан тушган жамоавий ариза асосидаги айбловлардан ташқари, Бозоровга яна учта блогер шикояти бўйича ҳам айблар қўйилган.

Майоровнинг билдиришича, Ўзбекистон ҳукумати ва куч ишлатар тизимларига яқин деб ишониладиган уч нафар блогер ҳам Бозоровни туҳматда айбламоқда.

“Бозоров устидан ҳақорат ва тухматлар ёғдириб, уни гейга чиқарган блогерларнинг аризаси алоҳида эпизод сифатида жиноят ишига тиркалмоқда. Бундан ташқари, 110-сон мактабнинг уч нафар ўқитувчиси ва яна 28 фуқаронинг шикоят аризаси жиноят ишига тиркалган. Уларнинг иддаосича, гўё Бозоров миллий анъаналарни оёқ ости қилган. Иш ҳали бу аризалар билан чекланмаса керак. Худди Бобомурод Абдуллаевга қарши ўйлаб топилган “Жатва”га ўхшаш давлат тўнтаришига уриниш каби нарсалар ҳам тиркалиши хавфи бор”, - дейди адвокат Сергей Майоров.

Миразиз Бозоров шу йилнинг 28 март куни тунда бейсбол биталари билан қуролланган 3 нафар ниқобли шахс томонидан Тошкентдаги уйи олдида уриб кетилиши ортидан оғир жароҳатлар билан шифохонага ётқизилган эди.

Ички ишлар вазирлиги ҳодиса учун блогернинг ўзини айблаган. Маҳаллий матбуотда унинг "иғвогарлиги" қораланган материаллар эълон қилинган.

Бозоровнинг ўзи калтакланишидан олдин Озодликка ҳукуматпараст блогерлар тарқатган “ҳар-хил ёлғон маълумотлар туфайли уларнинг обуначиларидан юзлаб ўлим таҳдидлари олгани"ни айтганди.

Адвокати Сергей Майоровнинг сўзларига кўра, Миразиз Бозоровга таҳдидлар унинг Telegram ва TikTok ижтимоий тармоқлардаги каналлари орқали ҳукумат сиёсатини танқид қилиши ортидан бошланган.

Франциядаги Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Надежда Атаева ҳам Бозоровга жиноят иши очилишининг асл сабаби унинг ҳукуматни танқид қилувчи чиқишлари бўлганини айтади.

"Миразиз 2020 йил, июль ойида Ўзбекистонда шаффофлик йўқлигини айтиб, Жаҳон банки ва бошқа донорларни Ўзбекистонга кредит бермасликка чақирди. Унинг Тик-ток ва бошқа тармоқлардаги бу баёноти минглаб лайк олди. Чунки у одамларнинг кўнглидаги нарсани ёзиб чиқди. Айнан шу чиқиши ортидан Бозоров Миробод РОВДсига биринчи повесткани олди. Лекин чиқишлари бу билан тўхтамади. Кейин нима бўлди, унга гей деган ёрлиқ илиниб, блогерларга фас берилди. Миразизни тармоқда сазойи қилиб, юз минглаб обуначиларига унинг уй манзилигача эълон қилган ўша блогерлар энди жабрланувчи, Бозоров эса жиноятчига чиқариляпти”, - дейди Атаева.

Ўзбекистонда ҳукуматни танқид қилиб келган бошқа бир блогер Отабек Сатторий шу ҳафта бошида ҳақорат қилиш ва товламачиликда айбдор, деб топилиб 6 ярим йилга қамалди.

Надежда Атаева Ўзбекистонда блогерларга босимларни ноябрь ойида бўлиши кутилаётган президентлик сайловлари билан боғлайди.

“Сатторийнинг қамалиши, Бозоровга эса жиноят иши очилиши президент сайлови арафасида бўляпти. Бу бежиз эмас, Мирзиёевнинг обрўси жойларда тушиб кетган. Тармоқларга қарасангиз, Мирзиёев ва унинг оиласига салбий шарҳлар билан тўлиб тошган. Сатторий ҳам, Бозоров ҳам назорат қилиб бўлмайдиган блогерлар. Ҳатто менга таҳдидлар бўляпти, Бозоров ҳақида ёзма, деган маънода, кўряпсизми, вазият нақадар хатарли нуқтага етган”, - дейди Атаева.”

Сатторийга чиқарилган ҳукм ортидан АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистонда блогерларга таъқибларни қоралаб чиқди.

“Биз ўзбекистонликлар ва халқаро ҳамжамиятнинг блогерлар билан боғлиқ сўнгги ҳодисалар бўйича хавотирларига қўшиламиз ва ҳукуматни оммавий ахборот воситаларининг эркинлигини ҳурмат қилишга чақирамиз. Президент Мирзиёев таъкидлаганидек, очиқлик ва сўз эркинлиги Ўзбекистонни ислоҳ қилиш учун зарурдир”, - дейилади АҚШ Давлат департаментининг 12 май куни Тветтерда эълон қилган баёнотида.

Миразиз Бозоров 28 март оқшомида Тошкентдаги уйи олдида қора ниқобли одамлар томонидан дўппослаб кетилганди. У оғир тан жароҳати билан касалхонага ётқизилган.

Шу куни ижтимоий тармоқларда "Аллоҳу Акбар" деб ҳайқираётган ўнлаб одам Амир Темур ҳиёбонига йиғилган баъзи одамларни калтаклагани акс этган видеолар тарқалди. Озодлик билан суҳбатда бўлган фаоллар калтаклаш “атайлаб уюштирилган бўлиши”ини айтишган.

Миразиз Бозоровнинг ўзи 28 март оқшомида, калтакланишидан бир неча соат олдин Озодликка Амир Темур хиёбонида ўтказилиши режалаштирилган тадбирнинг ЛГБТга мутлақо алоқаси йўқлиги ва бу каби тадбирлар аввал ҳам қаршиликсиз ўтказиб келинганини айтган. У ўзининг гетеросексуал эканлигини ҳам қўшимча қилган.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи қатор халқаро ташкилотлар, шунингдек АҚШ ҳамда Британиянинг Ўзбекистондаги элчилари Миразиз Бозоровга ҳужумни қоралаб чиқишган ва ўзбек расмийларини ҳодиса юзасидан текширув ўтказишга чақирганлар.

XS
SM
MD
LG