Линклар

Шошилинч хабар
07 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:09

ЕИ етакчилари Беларусдаги учоқ ҳодисаси ва Протасевичнинг ҳибсга олинишига муносабат билдирди


Роман Протасевич 23 май куни Минск аэропортига фавқулодда қўндирилган учоқдан тушириб олинган ва ҳибс қилинган.
Роман Протасевич 23 май куни Минск аэропортига фавқулодда қўндирилган учоқдан тушириб олинган ва ҳибс қилинган.

“Ryanair” ширкатининг 23 май, якшанба куни Минскга фавқулодда қўндирилган учоғи Вильнюсга етиб келди. Бу ҳақда журналистларга Литва ташқи ишлар вазири Габриэлюс Ландсбергис маълум қилган. Учоқ бортида 12 мамлакатдан 170 нафарга яқин йўловчи бўлган.

Литва президенти Гитанас Науседа Беларусдан Минск аэропортида ҳибсга олинган йўловчилардан бири, мухолифатчи фаол Роман Протасевични озод этиш талаб қилди.

“Мен НАТО ва ЕИдаги иттифоқдошларимизни Беларусдаги сиёсий режимнинг халқаро фуқаро авиациясига нисбатан таҳдидига дарҳол жавоб қайтаришга чақираман. Халқаро ҳамжамият бундай ҳолат такрорланмаслиги учун зудлик билан чора кўриши лозим”, деган Науседа.

Франция ташқи ишлар вазири Жан-Ив Ле Дриан учоқнинг Минск шаҳрига мажбурий қўндирилиши ортидан юзага келган вазиятни “номақбул” деб баҳолади. У Европанинг мазкур воқеа бўйича ягона позицияси зарурлигини айтган. “Европаликларнинг қатъий ва ягона муносабати керак”, деб ёзган Франция ТИВ раҳбари “Twitter”даги саҳифасига. У ушбу рейснинг барча йўловчиларига, жумладан, эҳтимолий беларус мухолифатчиларига ҳам Беларусни тарк этишга дарҳол рухсат берилиши лозимлигини урғулаган.

Греция ҳукумати раҳбари Кириакос Мицотакис юз берган воқеани мисли кўрилмаган ҳаракат деб атади. “Тижорат учоғини журналистни ҳибс қилиш учун зўрлик билан қўндириш – ҳеч кўрилмаган, ҳайратланарли ҳолат. Биз барча йўловчилар дарҳол қўйиб юборилишини талаб қиламиз”, деб ёзган у “Twitter”да. “Эртага Европа кенгаши Беларусга босимни кучайтириш зарурлиги ҳақида мурожаат билан чиқиши керак. Бас, етар энди”, қўшимча қилган Франциянинг бош дипломати.

Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен “Ryanair” учоғининг Минскга мажбурий қўндирилишини “мутлақо йўл қўйиб бўлмас ҳолат” деб атаган. У барча йўловчиларга зудлик билан Вильнюсга сафарларини давом эттириш имконияти берилиши, уларнинг хавфсизлиги таъминланиши лозимлигини таъкидлаган.

Европа дипломатияси раҳбари Жозеп Боррель Европа Иттифоқи мазкур рейснинг барча йўловчилари хавфсизлиги учун масъулиятни Беларусь ҳукумати зиммасига юклаши тўғрисида ёзган.

“Биз “Ryanair” авиаширкатига тегишли бортнинг Минскка мажбуран қўндирилгани ҳақидаги хабардан жуда ташвишдамиз. Биз Беларусни ушбу рейснинг ва унинг барча йўловчиларининг ўз парвозларини давом эттиришига дарҳол изн беришга чақирамиз”, дея муносабат билдирган Европа кенгаши раиси Шарл Мишель.

23 май куни кечқурун Европа кенгаши сайтида Мишелнинг янада кескин баёноти эълон қилинганди. “Мен “Ryanair” ширкати рейсининг Минскка зўрлик билан қўндирилишини... ва журналист Роман Протасевичнинг Беларусь ҳукумати томонидан қўлга олинишини қатъий қоралайман, – дейилади баёнотда. – ЕИ етакчилари ушбу мисли кўрилмаган воқеани эртага Европа Кенгаши йиғилишида муҳокама қилади. У оқибатсиз қолмайди”. Мишель Беларусь ҳукуматини барча йўловчиларни озод этишга ва уларнинг ҳуқуқларини бузмасликка чақирган.

Лайнер экипажи учоқ хавф остида эканлиги ҳақида Беларусь диспетчерларидан билишган, хабарларга кўра, учоқни Минск аэропорти томон буришни ҳам шу диспетчерлар таклиф қилган. “Новая газета”га “Ryanair” авиаширкати вакили шу жавобни берган.

“Учоқ эсон-омон қўндирилди, йўловчилар туширилди, маҳаллий хизматлар учоқни текширди. Ҳеч нарса топилмади ва тахминан икки соатдан сўнг учоқнинг йўловчилар ва экипаж билан бирга [Вильнюсга] учиб кетишига рухсат берилди”, дейилади авиаширкат баёнотида.

“Ryanair” аниқлик киритишича, учоқ Минск аэропортида қарийб беш соат қолган ва маҳаллий вақт билан соат 19.00 да Вильнюсга учиб кетиши керак бўлган.

“Немис тўлқини” радиоси “Ryanair” ширкати “диктатор Лукашенкога шерик” бўлгани учун ижтимоий тармоқлар фойдаланувчиларининг танқидлари остида қолганига эътибор қаратган. Энг кескин изоҳларда фойдаланувчилар ушбу ҳолат юзасидан дарҳол халқаро текширув ўтказишни талаб қилганлар.

“Ryanair” – ирланд авиаташувчиси бўлиб, Европадаги энг йирик бюджет авиаширкати ҳисобланади.

XS
SM
MD
LG