Линклар

Шошилинч хабар
20 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:31

Хоразмда юзлаб "кўринмас ишчи" қонунийлаштирилди. Тадбиркорлар қўшиб ёзиш ҳақида гапирмоқда


Қоғозда бор кўринмас одамлар
Қоғозда бор кўринмас одамлар

Хоразм вилоят ҳокимлиги¸ давлат солиқ ҳамда Бандлик бош бошқармаси дохил ташкилот вакилларидан тузилган ишчи гуруҳ вилоятдаги 420 бизнес субъектларини текшириб, амалда ишлаëтган, аммо ишчи сифатида ҳужжатларда қайд қилинмаган юзлаб ходимларни легализация қилди.

Бу ҳақда Хоразм вилоят ҳокимлиги мулозими Озодликка маълум қилди. Мулозимга кўра, ишчи гуруҳ рейдларидан камида иккитасида вилоят ҳокими Фарҳод Эрманов ҳам қатнашган:

“Мақсад вилоятдаги корхоналарнинг иш ўринларини легализация қилиш орқали қўшимча иш ўрни яратиш” деган мулозим бу тадбир бевосита Президент Администрацияси раҳбари Зайнилобиддин Низомиддинов назорати остида эканлигини таъкидлади.

Иш ўринларини легаллаштиришга оид ҳужжат
Иш ўринларини легаллаштиришга оид ҳужжат

Мулозим Озодликка тақдим этган ҳужжатларда 2019 йил 2 август куни Ўзбекистон президенти ўтказган видеоселектор йиғилишда ишчиларни легализация қилиш эвазига янги иш ўринлари яратиш вазифаси қўйилгани тушунилади.

Рейдлар шу ҳужжат асосида ташкил қилинган
Рейдлар шу ҳужжат асосида ташкил қилинган

Хоразм вилояти Боғот туманида ошхона очган тадбиркор (исми Озодликка маълум) “легализацияни баҳона қилган солиқчилар қўшимча ишчи олишга мажбурлашгани” ҳақида Озодликка шикоят қилди.

“Налог ходимлари тадбиркорлар штат рўйхатига, яъни ишчи-ходимларини қўшишга мажбурлади. Катта овқатланиш жойларида¸ яъни камида 15 киши ишлайдиган кафе-ресторанларда бор-йўғи иккита ишчи штат рўйхатида. Қолгани чўрний. Чунки ҳаммаси таниш-билиш бўлиб ëтибди. Менга ўхшаган кичик тадбиркорларга эса, учтадан ишчини мажбуран олдириб, штат рўйхатига қўштирди. Буни ҳаммасини босим ўтказиш йўли билан қилишди”.

Боғот туманидаги кичик емакхона эгасининг иддаосига кўра¸ солиқ ходимлари бу Давлат солиқ қўмитаси буйруғи асосида қилинаëтганлигини таъкидлашган.

Озодлик айни масалада 26 май куни Давлат солиқ қўмитаси билан боғланди. Солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Мубин Мирзаевнинг ëрдамчиси Озодлик кўтарган масалани ўрганиб чиқиб, жорий йилнинг 27 май куни мухбир саволларига атрофлича жавоб берди.

Суҳбатдошга кўра¸ Боғот туманидаги кафе ва ресторанлардаги ишчиларни легализация қилиш билан боғлиқ рейдларда солиқ ходимлари бошқа ходимлар билан биргаликда ишчи гуруҳ таркибида фаолият олиб борганлар. Суҳбатдошга кўра¸“қоғозда икки киши кўрсатилиб, амалда 10 киши ишлайдиган тадбиркорлик субъектларидаги ходимлар легализация қилинган”.

“Нега изнсиз одам ишлатдинг, деб улар жазоланмади, балки қонунийлаштирилди. Конвертда ойлик бериш тизимига чек қўйилиб, кўринмас ишчилар штат рўйхати ва бошқа ҳужжатларда қайд қилинди. Қонун талаби бу. Катта ресторан очиб, фақат бир киши ишлайди, деб расмийлаштириб, амалда ўнлаб одамларга конвертда ойлик тарқатиб ишлаттирилган. Бу нотўғри. Ишчиларниннг ҳуқуқлари учун ҳам уларнинг расман қайд қилиниши лозим”.

“Қоғозда кўринмас” ишчилар ва қоғоздаги “ўлик жонлар”

Мавзуни ўрганиш жараëнида Озодлик бутун мамлакат бўйлаб янги ишчи ўринларини очиш мақсадида ташкилот ва корхоналардаги ишчилар сонини ошириб кўрсатиш фактларига дуч келди. Сурхондарë вилояти Шўрчи туманида цементдан тротуар тошини пресс қиладиган корхонанинг 28 яшар эгаси Хушнуд Жовлиев ўнта бутун ставкали ишчи ўрнига 20 нафар ярим ставкали ишчи расмийлаштирганини айтади:

“Ўзи шу ўнта ишчим ҳамма ишни бажаради. Энди катталар келиб, шу ўнта ишчини йигирмата қилиб ëзиб қўйинг, деб илтимос қилишди. Мен шу ернинг одамиман. Катталарнинг гапини ерда қолдирмадим. Гапнинг тўғриси, ҳамма ишни ўн эмас, бор-йўғи 8 киши қилади. Қолган 12 кишининг номи фақат дафтарда. Улар ойлик ҳам олмайди. Кўпи қозоқда¸ Туркияда.”

Қарши туманида тиббиëт ходими бўлиб ишлайдиган йигит Озодликка видео йўллаб, битта туман тез тиббий ëрдам тизимидаги 19та постга 420 нафар ходим олингани ва уларнинг аксари ярим ва чорак ставка ишлайди деб расмийлаштирилганидан шикоят қилди.

Аризачига кўра¸ Қарши туманида бутун ставканинг фақат 0,5 фоизини ишлайди, деб расмийлаштирилганлар ҳам бор:

“Ярим ставка эмас¸ чорак ҳам эмас¸ бор-йўғи нол беш фоиз ишлайди, деб ëзилган. Булар рекорднинг рекордини уришди. Қарши туман тез тиббий ëрдам тизимига 420 одам расмийлаштирилди”.

Видеоселекторда хатга тушган гап

2019 йилнинг 2 августида президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар таҳлилига бағишланган видеоселектор йиғилишида фаолият кўрсатмаётган корхоналарни тиклаш, иш ўринларини легализация қилиш, янги лойиҳаларни ўз вақтида ишга тушириш ҳисобига солиқ базасини кенгайтириш юзасидан кўрсатмалар берилган эди.

Видеоселекторда президент тилидан янграган “иш ўринларини легализация қилиш” калимаси Озодлик суҳбатлашган мутахассисга кўра¸ ўтган икки йил ичида "штат рўйхатларини сунъий шишириб кўрсатиш" тенденциясини яратган.

Каримов даврида Ўзбекистон расмий идоралари ҳар йили 1 миллион иш ўринлари яратилгани ҳақида ҳисобот бериб келган. Аммо 2017 йилда президент Мирзиёев бу ҳисоботларнинг ёлғонлигини тан олган ва ҳукуматга реал иш ўринлари яратиш юзасидан топшириқлар берган эди. Ўтган вақт мобайнидаги расмий ҳисоботларда йилига 300 мингдан ярим миллонга қадар иш ўринлари яратилгани айтилган. Таҳлилчилар Ўзбекистонда меҳнатга тўланадиган ҳақ миқдори пастлигича қолаётгани ишсизлик билан боғлиқ статистикага таъсир қилаётган муҳим омиллардан эканини айтишади.

XS
SM
MD
LG