Линклар

Шошилинч хабар
15 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:55

Янги тузилган Туризм ва спорт вазирлигида ходимлар ёппасига ишдан бўшатилмоқда


Футбол. Сариқ карточка - иллюстратив сурат
Футбол. Сариқ карточка - иллюстратив сурат

Ўзбекистондаги спорт мактаблари директорлари Туризм ва спорт вазирлигидан олган огоҳлантирув хатларида улар билан тузилган меҳнат шартномаси 2 ойдан кейин бекор қилиниши айтилган.

Мактаб директорларидан олинган бу маълумотни Тошкент шаҳар Туризм ва спорт бошқармаси мулозими тасдиқлади.

Огоҳлантириш хатларида айтилган чора тўлиқ қўлланса, янги тузилган Туризм ва спорт вазирлиги тасарруфидаги тақрибан 250 та спорт мактабларининг директорлари, уларнинг ўрибосарлари, бош бухгалтерлари ишсиз қолади.

Вазиятни кузатиб келаётган ҳуқуқшунос фикрича, янги тузилган вазирлик спорт мактаблари раҳбарларини ишдан бўшатиш тўғрисидаги огоҳлантириши билан Меҳнат кодекси талабларини бузмоқда.

Озодликка мурожаат қилган спорт мактаблари директорлари ўзлари олган огоҳлантирув хатларининг нусхаларини тақдим этди.

Кутилмаган хат мазмуни

“Иш берувчининг ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида огоҳлантирув хати”ни Туризм ва спорт вазири ўринбосари А.Каримов имзолаган.

Унда адресатга Ўзбекистон президентининг 2021 йил 6 апрелдаги қарори билан Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси негизида Туризм ва спорт вазирлиги ташкил этилгани эслатилган.

“Шу муносабат билан, - дейилади хат давомида, - Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси 100- моддаси, 2-қисмининг 6- бандига асосан Сиз билан тузилган меҳнат шартномаси 2 (икки) ойдан сўнг бекор қилиниши тўғрисида огоҳлантириласиз”.

Туризм ва спорт вазирлигининг спорт мактаби директорига огоҳлантириш хати
Туризм ва спорт вазирлигининг спорт мактаби директорига огоҳлантириш хати

Меҳнат кодексининг 100- моддасида меҳнат шартномаси иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиниши назарда тутилган.

100- модда, 2-қисмининг 6- банди мазмунига кўра, нафақат корхона раҳбари, балки унинг ўринбосарлари, бош бухгалтер ёки у йўқ бўлган тақдирда, унинг вазифасини бажарувчи ходим ҳам ишдан бўшатилади.

"Бундай хатни мамлакатдаги барча директорлар олди"

Огоҳлантириш хати олганлардан бири исми очиқланмаслик шарти билан Озодликка “бундай хатларни мамлакатдаги барча спорт мактаблари директорлари олган”ини айтди. Унинг айтишича, “бутун республика бўйича 250 та атрофида спорт мактаблари бўлиб, уларнинг барчаси директорларига огоҳлантирув берилган”.

Бутун мамлакат бўйича вазиятни сиз қаердан биласиз, деган саволга спорт мактаби директори “Ўзимизнинг Телеграм каналимиз бор, ўша ерда барча вилоятлардаги ҳамкасбларимиз бир хил гапни ёзяпти”, деб жавоб берди.

"Огоҳлантирув хати берилгани рост"

Тошкент шаҳар Туризм ва спорт бошқармаси кадрлар бўлимининг ўзини таништиришни истамаган мулозими спорт мактаби директоридан олинган маълумотни тасдиқлади:

“Огоҳлантирув хатлари берилгани рост. Тошкент шаҳридагина эмас, бутун республика бўйича берилган бундай хатлар”.

Бошқарма мулозимининг сўзларига қараганда, масала спорт мактаблари директорлари даражасидан кенгроқ:

“Бундай огоҳлантирув тизимдаги кўпчилик ходимларга берилди. Спорт мактаблари директорларига огоҳлантирувни вазирлик берди. Бошқармамиз томонидан эса, бундай огоҳлантирув тизимидаги ходимларга ва туман бўлимларимиздаги инспекторларга берилди”.

Огоҳлантириш хатларини олганлар ишдан бўшайдими ёки улар билан янги шартнома тузиладими? Бу саволга жавобан бошқарма мулозими бундай жавоб берди:

“Билмадим, буни тепадагилар ҳал қилади. Бизга огоҳлантириш хатига қўл қўйдиринглар, дейишди. Биз қўл қўйдириб, олиб келиб топширдик”.

Туризм ва спорт вазирлиги матбуот хизмати 5 май куни огоҳлантириш хатлари юзасидан жавоб тайёрлаб, Озодликка тақдим этишга ваъда берди, бироқ жавоб 6 май куни, ушбу мақола битгунича ҳам келмади.

Юрист: 100- эмас, 98-модда қўлланиши керак

Янги вазирлик ўз ходимларига деярли ёппасига ишдан бўшатиш тўғрисида огоҳлантирув хатлари берганига Телеграмдаги Yuristkadr канали эътибор қаратди. Юрист Саидали Мухторалиевники эканлиги айтилган Yuristkadr канали мазкур масала юзасидан бир неча пост эълон қилди.

Постлар муаллифининг фикрича, янги тузилган Туризм ва спорт вазирлигидаги ходимлар ёппасига ишдан бўшатилмаслиги керак.

Чунки, юрист фикрича, Президентнинг 2021 йил, 6 апрелдаги қарорига биноан Туризм ва спорт вазирлиги Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси негизида Туризм ва спорт вазирлиги ташкил этилган.

Яъни янги вазирликка айланган бир вазирлик ва бир қўмита тугатилмаган.

“Бу ерда ҳеч қанақасига тугатиш деган нарса йўқ. Аксинча, тизим сифатида иккита юқори юридик шахсни ва уларнинг жойлардаги ҳудудий органларини (юридик шахсларни) қўшиб юбориш орқали, ягона тизим – Туризм ва спорт вазирлиги ва унинг ҳудудий органлари ва туман (шаҳар) бўлимлари қайта ташкил қилинмоқда. Туризм ва спорт вазирлиги Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари, шу жумладан халқаро шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланиши белгиланган”, деб тушунтиради Yuristkadr.

Шундан келиб чиқиб, мутахассис Меҳнат кодексининг 98- моддаси талабини эслатади:

“Меҳнат кодексининг 98-моддасига (Корхона мулкдори алмашган, корхона қайта ташкил этилган, идоравий бўйсунуви ўзгарган ҳолларда меҳнат шартномаси амал қилишининг давом этиши) асосан корхона қайта ташкил этилганда (қўшиб юборилган, бирлаштирилган, бўлиб юборилган, қайта тузилган, ажратилганда) меҳнат муносабатлари ходимнинг розилиги билан давом этаверади”.

Шунга ўхшаш меъёр, Yuristkadrнинг мазкур мавзуга бағишланган яна бир постида ёзишича, Олий суд Пленумининг 1998 йил 17 апрелдаги 12-сонли қарори 40-бандида ҳам келтирилган.

Yuristkadrнинг фикрича, Туризм ва спорт вазирлиги огоҳлантириш хати мазмунидан келиб чиқилса, мамлакатлардаги спорт мактабларининг ўзиданоқ 1000 га яқин одам ишдан бўшатилади:

“Агар Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги чалғишда давом этса ва спорт мактабларига нисбатан Меҳнат кодексининг 100-модда 2- қисм, 6-бандини қўллаб туриб, ҳар бир спорт мактабидан биттадан директорни, унинг иккитадан ўринбосарини ҳамда биттадан бош бухгалтерини бўшатса: 250 та спорт мактабидан тахминан 1000 тача одам кўчада қолар экан. Қолгандаям, асоссиз ва қонунга зид равишда кўчада қолдирилган бўлади улар”.

Юрист “айрим давлат идораларида ҳали ҳам асоссиз ишдан бўшатиб, қайта ишга олиш деган одатлар тўхтамаётганига” эътибор қаратиб, бу ҳолатни у “ишдан бўшатиш бизнеси” деб атади:

...бўшаган иш ўринлари “савдога қўйилади”. Бўшатилган одам ҳам савдода иштирок этиши мумкин, у бўшаб туриб, қайтадан шу лавозимни эгаллаш учун яхшигина “соққасини отади”.

Ўзбекистондаги давлат идораларининг қайта ташкил этилиши туфайли юзлаб, ҳатто минглаб ишчи-хизматчилар ишсиз қолаётгани биринчи марта кузатилаётгани йўқ.

Масалан, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги тузилмасида 2019 йилнинг 1 январида бошланган қисқартириш жараёни 2020 йилнинг 1 январида якунига етди ва натижада ўн минг иш ўрни қисқартирилди.

Бу қадар кенг кўламли қисқартириш Соғлиқни сақлаш вазирлиги Санитария-эпидемиология назорати хизматининг Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси ​ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги сифатида қайта ташкил этилиши билан боғланди.

2020 йилнинг сентябрида оммавий қисқартириш собиқ Ёшлар иттифоқида юз берган, туманларда 5 ходимнинг 4 нафари ишдан бўшатилган эди. Бунга эса, Ёшлар иттифоқининг Ёшлар ишлари агентлигига айлантирилгани сабаб бўлгани айтилган.

Мақола чоп этилгандан сўнг келган жавоб

7 май куни Туризм ва спорт вазирлиги матбуот хизмати матбуот хизматидан Озодликка қуйидаги жавоб хати келди.

Хатда Ўзбекистон президентининг 2021 йил6 апрелдаги қарорига мувофиқ, Туризм ва спорт вазирлиги марказий аппаратининг бошқарув ходимлари чекланган сони 156 нафар этиб, вазирлик ҳудудий бўлинмалари бошқарув ходимларининг чекланган сони 980 нафар этиб белгилангани, бундан ташқари вазирлик тизимида 15 фоизгача ходимлар сонини оптималлаштириш кўзда тутилгани айтилган.

“Шу муносабат билан, - дейилади вазирлик жавобида, - Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг ходимларига Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 100- моддаси, 2-қисми 1-банди асосида (технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки иш хусусиятининг ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқарганлиги ёхуд корхонанинг тугатилганлиги) огоҳлантириш берилган”.

Жавобда қайд этилишича, Туризм ва спорт вазирлиги марказий аппарати ва тизим ташкилотларига ходимларни суҳбат асосида ишга қабул қилиш бўйича комиссия ташкил этилган бўлиб, ушбу комиссия томонидан Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ходимлари билан суҳбат ташкил этилган ҳолда, уларнинг малакасига мос иш таклиф қилинмоқда ва уларни малакасига мос лавозимга ишга олинишлари таъминланмоқда.

Туризм ва спорт вазирлиги матбуот хизмати матбуот хизмати Озодликка йўллаган жавобида ҳозирги вақтда вазирликнинг 14 нафар ходими бошқа ишга ўтганлиги сабабли ходимнинг аризасига кўра улар билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилингани ва 91 нафар ходим вазирлик марказий аппарати ва тизим ташкилотларига ходимларни ишга қабул қилиш бўйича комиссия томонидан суҳбат асосида малакасига мос лавозимлар таклиф қилиниб, ходимнинг розилиги билан тегишли лавозимларга ўтказилгани хабар қилинди.

XS
SM
MD
LG