Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:45

Самарқандда ўласи қилиб калтакланган сочфурушлар ИИБни ҳаракатсизликда айбламоқда (ВИДЕО)


24 ёшли фермер Ғолибжон Ибрагимов ўзи ва уч ҳамкасбини номаълум шахслар 6 июнь куни қаттиқ калтаклаганини айтмоқда.
24 ёшли фермер Ғолибжон Ибрагимов ўзи ва уч ҳамкасбини номаълум шахслар 6 июнь куни қаттиқ калтаклаганини айтмоқда.

Самарқанд вилоят, Пайариқ туманида "ўласи қилиб калтакланган" тадбиркорлар туман Ички ишлар бўлимини ҳаракатсизликда айбламоқда.

24 ёшли Ғолибжон Ибрагимов ва уч ҳамкасби 6 июнь куни пахтазорда номаълум шахслар тарафидан "ваҳшийларча калтаклангани" ортидан шифохонага ётқизилган эди.

Соч олиб сотиш билан шуғулланувчи Ибрагимовнинг Озодликка даъво қилишича, "туман ИИБси калтакланишини текширишни турли баҳоналар билан чўзмоқда".

Озодлик тадбиркорларнинг дўппосланиши, уларга ўлим таҳдиди бўлгани юзасидан Самарқанд вилоят, Пайариқ туман ички ишлар бўлимига боғланганида¸терговчи бу воқеа текширилаётгани¸ аммо изоҳ берилмаслигини айтди.

24 ёшли фермер Ғолибжон Ибрагимов Озодлик билан суҳбатда ўзи ва яна уч ҳамкабини номаълум шахслар 6 июнь куни "ваҳшийларча калтаклагани, ўлим билан таҳдид қилишганини" айтди.

Тадбиркорга кўра, воқеа Пайариқ туман, Челак шаҳарчаси “Ғойиб ота” маҳалласида бўлган.

“Биз аёлларнинг тароқдан тушган узун сочини олиб сотамиз. Офисимиз бор. 6 июнь куни эрталаб йигирматача одам қўлида арматура билан соч қабул қилиб оладиган жойимизга бостириб кириб, ҳаммамизни калтаклади. Кўзлари қонга тўла, ичиб олгандай. Мени бошим ёрилиб, мия чайқалиши билан касалхонага олиб кетди. Қўлим остида ишлайдиган Баратов Зафар умуман ҳушсиз, гапиролмайдиган аҳволда касалхонада ётибди. Бошига уришган. Суванова Малика ва яна бир ҳамкасбимни ҳам уриб, тан жароҳати етказишган”.

Озодликка юборилган видеоларда, боши ёрилган Ибрагимовга ва унинг ҳамкасбларига шифокорлар ёрдам кўрсатаётгани, бошқа тасвирларда эса, офис биноси ва уни олдида турган автомашиналарга шикаст етганини кўриш мумкин.

Самарқандда номаълум шахслар ҳужумига учраган тадбиркорлар
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:49 0:00

Ибрагимов иддаосича, "туман ИИБ бу жиноятни текширишни турли баҳоналар билан чўзмоқда":

“Ўша куни туман ИИБсига шикоят қилганмиз. Мана орадан тўрт кун ўтди, бизни калтаклаганлар ким, нима учун калтаклади, билмаймиз. Машинамизни ҳам лом билан уриб, мажақлаб кетишди. Туман ички ишлар бошқармасига борсак, “текширяпмиз, текширяпмиз”, дейди, ҳеч нарса айтмайди. Булар атайлаб чўзишяпти. Чунки, бизни калтаклаганлардан бири, милицияга айтишинг бефойда, керак бўлса ўлдириб, олиб бориб кўмаман, ҳеч ким билмайди, деб қўрқитганди. Пайариқ туманида қонун йўқ. Бировни ўлдирса ҳам пул билан ёпиб кетади”.

Озодлик тадбиркорларнинг дўппосланиши, уларга ўлим таҳдиди бўлгани юзасидан Самарқанд вилоят, Пайариқ туман ички ишлар бўлимига боғланганида¸ ўзини Соҳиб деб таништирган терговчи бу воқеа текширилаётгани¸ аммо жиноят мотиви ҳақида ҳақида маълумот беролмаслигини айтди.

“Текширяпмиз, суриштирув кетяпти, бу ҳақда маълумот беролмайман”, - деди ИИБ терговчиси.

Калтакланиш оқибатида тадбиркорлардан айримлари бош мияси жароҳатланган.
Калтакланиш оқибатида тадбиркорлардан айримлари бош мияси жароҳатланган.

Калтакланган тадбиркор Ғолибжон Ибрагимов соч сотиб олиб, уни Хитойга экспорт қилиш билан шуғулланиши, бунинг учун махсус лицензияга эга эканини айтди:

“Аёлларни сочини олиб сотамиз. Килосини 500 минг сўмдан оламиз, 700 мингдан сотамиз. Аёлларни ўзлари олиб келади. Хитойга экспорт қиламиз. Лицензиямиз бор. Улар бундан парик қилади. Кимдир қилаётган ишимизни кўролмаяптими, билмаймиз. Ҳужум бўлди, милиция жим қараб турибди. Бизни ўласи қилиб калтаклашсаю милиция қараб тураверса? Қани ҳақиқат, ака?! Шу мурожаатимни президент Шавкат Мирзиёевга етказинг!”

Ўзбекистонда номаълум шахслар ҳужумига учраган шахслар Ички ишлар бўлими ходимларини жиноятга кўз юмиш ёки ишни бости-бости қилишда биринчи марта айблаб чиқаётгани йўқ.

Ўтган йил ёзида Самарқанднинг Пахтачи туманида 35 ёшли фермер Жамшид Бобоёров ва унинг 38 ёшли акаси Дилшод Бобоёровни Қорақўтан олтин кони яқинида номаълум шахслар ваҳшийларча калтаклагани оқибатида касалхонага ётқизилган.

Пахтачи туманининг "Ҳаёт элбеги" маҳалласида яшовчи Бобоёровларнинг онаси Сайёра Бобоёрова Озодлик билан суҳбатда фарзандларини калтаклаганларни билишини, улар “Қорақўтон” конидаги олтин тошларни ўғирловчилар экани, фарзандларини калтаклаганлар унинг ўзига ҳам ўлим таҳдиди қилишганини айтган, туман Ички ишлар бўлимини эса ишни атайлаб бости-бости қилишда айблаганди.

Бундан олдин эса Сирдарё вилоят, Сардоба туман маркази - Пахтаобод шаҳарчасида "ўласи қилиб келтакланган" фермернинг қариндошлари туман Ички ишлар бўлими "атайлаб ишни текширишни турли баҳоналар билан чўзаётгани ҳақда Озодликка арз қилганди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил август ойидаги ҳукумат мажлисида ички ишлар фаолиятини танқид қилиб, орган ходимлари халқ учун ҳимоячи бўлган тақдирдагина улар фуқаролар орасида обрў-эътибор қозонишини айтган эди.

"Одамлар ўзини қийнаётган муаммоларни ҳал қилиш учун тўла ишонч билан, авваламбор, ички ишлар идораларига, профилактика инспекторларига мурожаат қилишига, ҳар бир ходимда ўз ҳимоячисини кўришига эришиш зарур. Шундагина ички ишлар органлари халқ ўртасида муносиб обрў-эътибор қозонади", — деган эди Мирзиёев.

XS
SM
MD
LG