Европа Иттифоқи Беларуснинг йирик автомоболсизлик корхоналари МАЗ ва БелАЗга ҳамда бу корхоналарга алоқаси бор россиялик тадбиркор Михаил Гуцериевга нисбатан санкциялар жорий этди. Жазо чоралари Беларусь ҳукумати томонидан инсон ҳуқуқлари бузилишига жавобдир.
Александр Лукашенко режимига қарши персонал санкцияларнинг тўртинчи туркуми 21 июнь куни маъқулланган эди. “Русснефть” ширкати раҳбари бўлмиш Гуцериев Беларусь ҳукуматининг йирик бизнес-шериги сифатида танилган.
“Коммерсантъ” хабарига кўра, россиялик тадбиркор ва “Сафмар” гуруҳи раҳбари Михаил Гуцериев Беларусь президенти Александр Лукашенкони дастаклагани учун ЕИ “қора рўйхати”га тиркалган. Маълум бўлишича, Гуцериев Александр Лукашенко билан аввалдан дўст бўлиб, шунинг ортидан “катта бойлик ва республика сиёсий элитаси орасида обрў-эътибор орттирган”, дея қайд этилган “Коммерсантъ” мақоласида.
ЕИ санкциясига тушганлар рўйхатида 78 жисмоний ва 8 юридик шахс номлари келтирилган. Тўлиқ рўйхатни “Озодлик”нинг беларус хизмати эълон қилган.
Санкциялар кучайтирилиши Беларусь ҳукуматининг охирги хатти-ҳаракатлари, хусусан Ryanair учоғи Минскга мажбуран қўндирилиши ва унинг икки йўловчиси — блогер Роман Протасевич ҳамда унинг қиз ўртоғи, россиялиик талаба София Сапегаларнинг ҳибсга олиниши билан боғлиқ.
ЕИнинг Лукашенкога қарши янги санкциялари мамлакатнинг энг йирик автомобилсозлик корхоналари бўлмиш МАЗ ва БелАЗга ҳам дахл қилади. Рўйхатда, шунингдек, Гуцериев билан боғлиқ “Новая нефтяная компания”, “Белаэронавигация” ва яна 4 ширкат бор.
Жисмоний шахслардан тадбиркорлар Алексей Олесин, Александр Зайцев ва Сергей Тетерин, Александр Лукашенконинг оила аъзолари, депутатлар, терговчилар, судьялар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимлари ҳамда ОТМ ректорлари ЕИ “қора рўйхати”га тушган.
Европа кенгаши раҳбари Шарль Мишель санкцияларни “Александр Лукашенко режимига мужда” деб атаган. Санкциялар бекор қилинишига, унинг айтишича, қатағонларни тўхтатиш, сиёсий маҳбусларни озод этиш ва умуммиллий сиёсий мулоқотни бошлаш билан эришиш мумкин.
ЕИ мамлакатлари ташқи ишлар вазирлари Беларусга қарши соҳавий санкцияларни ҳам маъқуллашган. Беларусь экспортига тааллуқли ушбу санкциялар ЕИ давлатлари раҳбарларининг 24-25 июнь кунлари ўтказилажак саммитида тасдиқланиши кутилмоқда.
Озод Европа радиоси/Озодлик радиоси мухбирининг хабар беришича, санкциялар Беларуснинг нефть ва калий саноатини, шунингдек банк соҳасини қамраб олади.
Қўшма Штатлар ҳам “Лукашенко режимининг зўравонлик ва қатағонларни авж олдиришига жавоб сифатида” Беларуснинг 16 нафар фуқароси ва олти кучишлатар тузилмага қарши санкциялар жорий қилган эди. “Зўравонлик ва қатағонлар” деганда, жумладан, Ирландиянинг Ryanair авиаширкати учоғининг Минск шаҳрига мажбуран қўндирилиши ортидан NEXTA телеграм-канали собиқ бош муҳаррири Роман Протасевич ҳибс қилиниши воқеаси назарда тутилган.