Линклар

Шошилинч хабар
25 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:38

Меъмор: “Кокилли қиз” тақдири Президент қизи аралашувидан кейин ўзгарди


"Кокилли қиз" панноси
"Кокилли қиз" панноси

Тошкент марказида жойлашган «Premier Hall» кинотеатри ташқи деворидаги таниқли рассом Алфред Мазитовга оид керамик панно сақлаб қолинадиган бўлди.

Бу ҳақда кинематография агентлиги Ахборот хизмати вакили Озодликка маълум қилди. Кинематография агентлиги панно таъмири билан боғлиқ бутун ҳаражатларни ўз зиммасига олиши ҳам ваъда қилинди.

Жорий йилнинг 18 июнида «Premier Hall» кинотеатри ташқи деворидаги тунука қоплама олиб ташланган пайтда Мазитов 1978 йилда яратган панно сақланиб қолгани ўртага чиқди.

Таъмир пайтида чиққан асар
Таъмир пайтида чиққан асар

Тошкент осори атиқалари ҳимояси билан шуғулланадиган фаол Никита Макаренко ва яна бир қанча журналистлар бинони ижарага олган арендатор билан 18 июнь куни гаплашганида арендатор паннони сақлаб қолиш бизнес режасида йўқлиги ва обида таъмири учун маблағ ҳам йўқлигини айтган эди.

Ўша куни Озодлик билан гаплашган Никита Макаренко “нега қандайдир арендатор деворий санъат асари тақдирини белгилаши керак” дея ҳавотир билдирган эди.

“Умуман тушунмадим. Нега у деворий асарнинг фасадда қолиш қолмаслигини ҳал қилиши керак. Бино давлатники. У - арендатор. Фасадлар муаммоси билан шаҳарнинг бош меъмори шуғулланади. Албатта сақлаш керак. Реставраторлар кошинлар таъмирини таъминласин.Яна худо сақласин устига тунука қоплашмасин”.

Ўша куни Озодликка архив фотоларни тақдим қилган рассом Алфред Мазитовнинг қизи ҳам отасининг шоҳ асари ҳисобланган паннонинг тақдиридан ҳавотир билдирган эди.

Бу расмни рассом Мазитовнинг қизи тақдим қилди
Бу расмни рассом Мазитовнинг қизи тақдим қилди

Орадан икки кун ўтиб панно миллий обида деб эълон қилиниб сақлаб қолинадиган бўлди. Ўта тез муддатда бадиий экспертизадан ўтказилиб маданий обидалар рўйхатига киритилди.

Тошкентлик меъмор Абдумалик Турдиевнинг Озодликка айтишича¸ обиданинг “космик тезликда” сақлаб қолиниши¸ таъмир учун маблағ ажратилиб маданий мерос рўйхатига киритилиши ортида “президент қизи турибди” :

“ «Premier Hall» кинотеатри президент ташаббуси билан янгидан тикланаëтган Тошкент Халқаро кинофестивали ўтказиладиган бино сифатида танланган эди. Бино дизайни тасдиқланган ва Мазитовнинг панноси чиқиб қолиши режада йўқ эди. Бино таъмири кинематография агентлигига топширилган эди. Таъмирлаш ишлари пайтида фасад юзасида эски панно топилди. Бу панно бир вақтлар “Ахборот” дастурида заставка сифатида ишлатилган ва Тошкент тимсолларидан бири эди. Фаоллар бу панно ҳимоясига чиқди. Бино ижарачиси фаоллар эътирозига скептик қаради. Ҳатто gazeta.uz нашрига “паннони сақлаш режамда йўқ” деб ҳам юборди. Чунки топилган панно ўрнида фильмлар анонслари учун LSD экран ўрнатилиши режаланиб экран ҳам ҳарид қилинган эди. Аммо президент қизи Саида Мирзиëева бу паннони сақлаб қолиш зарур деб бир оғиз айтганидан кейин вазият 180 даражада ўзгарди. Одатда йиғиш қийин бўлган илмий кенгаш ( Маданий мерос департаменти илмий кенгаши. Тахр) тўла таркибда йиғилиб панно ҳақиқатан Альфред Мазитовнинг қаламига мансуб «Кокилли қиз» мозаикаси эканлигини тасдиқлашди. Экспертлар хулосаси асосида Бадиий академия паннони реставрация қилишга тайëрлигини билдирди. Кинофестивал ташаббускорлари ҳам фрескани сақлаб қолиб, бинонинг янги дизайнини айнан «Кокилли қиз»дан келиб чиқиб яратиш мақсадга мувофиқ, деган хулосага келишди. Менга маълум бўлишича бино номи Premier Hall эмас “Кокилли қиз деб ўзгартириладиган бўлди. Бундай кам учрайдиган суръат ва ҳамфикрликни президент қизи таъминлади.”

Меъморга кўра ўтган асарнинг саксонинчи йиллар қиëфаси шаҳарсозлик намунаси сифатида санъат тарихига кирган. Тошкентнинг ўша йиллардаги эстетик қиëфаси реанимация қилиниши учун курашаëтган фаол Никита Макаренко душанба куни шаҳардаги 53 та обидани маданий мерос рўйхатига киритиш учун Туризм ва Спорт вазирлигига топширди. Озодлик билан суҳбатда Макаренко одамлар каби шаҳарларнинг ҳам “истараси иссиқ” қиëфаси бўлишини таъкидлади:

“Шаҳарни мутлақ ўзгаришсиз сақлаб қолишнинг иложи йўқ. Ҳар қандай шаҳар ўзгариб боради. Мен тўқсонинчи йилларда совет тимсоларидан қутулишга уринган мулозимлар истагини тушунаман. Улар Совет иттифоқи мафкуравий меросидан қутулмоқчи бўлишди. Шу боис улар совет давридаги сарой ва биноларни қадрият сифатида кўришмади. Аммо Тошкентнинг уникал меъморий традициялар чоррахаси бўлганлигини вақт кўрсатди. 60-80 йилларда Тошкентда барпо қилинган бинолар модернизмнинг уникал «шарқона» усулига оид. Меъморий брутализм жанрида яратилган бинолар ëрқин ва бошқа биноларга ўхшамаган тароватга эга. Биз шаҳарликлар олдида битта вазифа бор. Меъмор оталаримиз яратган эстетик қадриятни сақлаб қолиш. У меъморлар коммунистик ғоя тараннуми учун бу бино ва панноларни яратди деган нуқтаи назарни унутайлик. Меъмор оталаримиз яратган бу панно ва бинолардаги новаторлик¸ ижодий жасорат ва бадиийликни қадрлайлик."

"Ҳеч нарсани бузмаслик" фалсафаси

Меъмор Абдумалик Турдиев жорий йил меъморлик соҳасидаги энг катта мукофотни (Pritzker Architecture Prize) олган француз архитекторлари Анна Лакатон ва Жан-Филипп Вассаль фалсафасига эътибор қаратди:

“Бу икки меъмор “Ҳеч нарсани бузмайлик” деган ғояни илгари суради. Бу эса, бузиб ер ўрнини сотиш касалига мубтало бўлган Тошкент учун муҳим ўгит. “Дом кино”, “Баҳор ансамбли” ва мустақиллик майдонидаги горизонтал фаввора нега бузилганлигини бу мулозимлар илмий тушунтириб бера олмайди.»

Тошкент шаҳар ҳокимияти жорий йилда мустақилликнинг 30 йиллиги муносабати билан пойтахт марказидаги «Мовий гумбазлар» хиёбони ва шу номдаги тарихий кафе биноси бузилиб, ўрнида «Истиқлол» мажмуаси барпо этилишини эълон қилгани тошкентликларнинг эътирозига сабаб бўлган эди.

Тошкент қиëфасини белгилаган бинолардан бир
Тошкент қиëфасини белгилаган бинолардан бир

XS
SM
MD
LG