Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 07:33

Ўзбекистонда камида 11 киши вакцина олганидан сўнг коронавирусга чалинди


29 июнь куни Тошкент вилоятининг Зангиота туманида жойлашган 1-сон юқумли касалликлар шифохонаси директори Анвар Ҳусанов 11 нафар шахснинг коронавирусга қарши вакцина олганига қарамай вирусни юқтириб, шифохонада муолажа олаётганини билдирди.

“Айни пайтда шифохонамизда даволанаётган 11 нафар бемор айнан биринчи вакцинация босқичидан сўнг шифохонага мурожаат қилган бўлиб, уларнинг иммун тизимида нейтралловчи антитаначаларнинг (Nab) титри ҳали тўлиқ шаклланмаган даврда касалланиш юз берган.

Бироқ шундай бўлган тақдирда ҳам бундай беморларда хасталик енгил ва симптомларсиз ўтади. Яъни, оғир асоратлар ва ўлим ҳолатига олиб келмайди” - деди шифохона директори.

Унинг таъкидлашича, ҳозирда қабул қилинаётган барча вакциналар коронавируснинг мавжуд штаммларидан ҳимоя қилади ва касалликнинг нохуш ва оғир асоратларидан асрайди.

Шунга қарамай вакцина олгандан кейин ҳам айрим ҳолларда касалланиш мумкин, бироқ бу ҳолат асосан вакцинациянинг фақатгина биринчи босқичидан сўнг рўй бериши мумкин.

Мутахассиснинг сўзларига кўра, коронавирусга қарши тўлиқ иммунитет мижозда орадан 3 ҳафтача ўтиб шаклланади. Яъни, бу давр оралиғида мижоз вакцинанинг 3 та босқичидан ўтиши лозим бўлади.

Бугунги кунда Ўзбекистонда AstraZeneca (CovieShield), “Спутник V” ҳамда ўзбек-хитой вакциналаридан фойдаланилмоқда.

29 июнь куни Ўзбекистонга яна 1 миллион доза ZF-UZ-VAC2001 вакцинаси олиб келингани ҳақида Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилди.

“Шундай қилиб, Ўзбекистоннинг вакцина захираси 6,4 миллион дозага етмоқда. Айни пайтга қадар шундан 3,4 миллион дозадан ортиғи вакцинация жараёнларида қўлланилди”, -дейилади расмий баёнотда.

Вазирликнинг билдирилишича, 30 июнь куни ҳам Хитой вакцинасининг яна 1 миллион дозаси Ўзбекистонга келтирилиши кутилмоқда.

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони, жорий йилнинг 28 июнь ҳолатига кўра, 110 минг 190 нафарни ташкил этган. Соғайганларнинг умумий сони 106 минг 416 нафарга етган.

Касалхоналарда муолажаси давом этаётган беморлар сони эса шу кунда 3 минг 41 нафарни ташкил этмоқда.

Вазирлик кеча коронавирусга чалинган беморлардан яна 2 нафари вафот этиб, коронавирус қурбонлари сони 733 нафарга етганини қўшимча қилган.

XS
SM
MD
LG