Линклар

Шошилинч хабар
25 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:13

Жаҳонгир Отажонов: ИИБ менга қарши провокация уюштирди


Сиëсатчи Жаҳонгир Отажонов бир вақтлар саҳна юлдузи эди.
Сиëсатчи Жаҳонгир Отажонов бир вақтлар саҳна юлдузи эди.

Мухолифатдаги “Эрк” партияси фаолиятини Ўзбекистон ичкарисида тикламоқчи ва президентликка номзодини кўрсатмоқчи бўлгани ортидан сиёсий майдонга кириб келаётган собиқ хонанда Жаҳонгир Отажонов Озодлик билан суҳбатда Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси ходимларини сиëсий тазйиқ инструментига айланганини таъкидлади.

“Ҳамма кўриб билиб турибди очиқ тазйиқларни. Кеча мен яшамайдиган уйимга участкавой келиб яқинларимга тазйиқ қилибди.. Ундан олдин Хоразмдаги ота онам яшайдиган уйга ДХХ ходимлари борган. Укам Алишер менга оид машинани уйимнинг ëнида мингани учун “техпаспорти йўқ” деб тазйиқ қилишди. Бутун дунëда полиция криминал билан шуғулланса Ўзбекистондаги полиция сиëсий тазйиқ инструментига айлантирилган. Туркиядан қайтганимга 47 кун бўлган бўлса ҳар куни шахсим ва сиëсий фаолиятимга қарши тазйиқ ва провокациялар билан юзма юзман.”

Аввалроқ Жаҳонгир Отажонов ижтимоий тармоқларда машинасини жарима майдонидан ололмаётгани тўғрисидаги видеони тарқатган эди. Видеода у ички ишлар ходимларини танқид қилган.

Озодлик билан суҳбатда Жаҳонгир Отажонов бу холатга ойдинлик киритди:

“Биринчидан мен ҳужжатсиз машина ҳайдаш бошимга бало келтиришини яхши биламан. Укам Алишер билан боғлиқ холат ғирт провакация. 17 июнь куни Тошкент шаҳар ИИББ Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати инспектори уйимни ëнида укам Алишерни тўхтатиб ҳужжат сўраган. Укамни праваси бор бўлган аммо техпаспортни тақдим қила олмаган. Холбуки техпаспорт машина ичида эди. Буни укам билмаган. Уйга келишганида мен инспекторга машина ичидаги техпаспортни олиб кўрсатдим. Хужжатлар тўкислигини тушунган инспектор чест бериб нари кетиши лозим эди. Аммо бундай бўлмади. Улар машинани асоссиз жарима майдонига қамаб қўйишди. Мен далолатнома сўрасам бермади. Умуман қоидага кўра далолатнома онлайн тузилиши керак эди¸ тузилмади. Хуллас ўта примитив усуллар билан мени обрўсизлантириш¸ сиëсий фаолиятимни чеклаш ва Конституция кафолатлаган ҳуқуқларимни камситиш билан Ўзбекистон ички ишлар вазирлиги шуғулланиб келмоқда. Аслида уларда бундай ҳуқуқ йўқ. Такрор айтаман ИИБ ватандошларнинг сиëсий фаоллигини эмас¸ балки кундан кун ҳаддидан ошаëтган жиноятчиларни назорат қилсин.”

Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармасининг 29 июнда билдиришича, ҳақиқатан ҳам 17 июнь куни Жаҳонгир Отажоновнинг автомашинаси бошқарув ҳуқуқи бўлмаган шахслар томонидан бошқарилгани ортидан жарима майдончасига киритилган.

Автомашина тегишли ҳужжатлар тақдим этилмаётгани ортидан ҳалигача жарима майдончасида сақланмоқда.

“Мазкур фуқаронинг ҳаракатларида туҳмат ва ҳақорат қилиш аломатлари мавжуд бўлганлиги сабабли, ҳолатга тегишли тартибда ҳуқуқий баҳо берилади ва жамоатчиликка қўшимча равишда ахборот тақдим этилади”,-дейилади расмий билдирувда.

Озодлик билан суҳбатда Жаҳонгир Отажонов¸ ўз чиқишларида ИИБ ходимларини конструктив танқид қилганлигини айтади:

“Танқид қилдим ва яна танқид қилавераман. Лекин мен уларни ҳақорат қилмадим. Оддий танқид бу. ИИВ сохаси таназзулга учраганлигини уларнинг ўзлари ҳам раҳбарлар ҳам билади. Ўзбекистон президенти ҳам бу сохани феврал ойида жиддий танқид қилган ва “уларнинг ишидан халқимиз норози” – деган эди. Менинг ҳам фикрим давлат раҳбари билан бир хил бўлса¸ демак муаммо Ички ишлар вазирлигида. Улар ўғрини ушлаш ўрнига сиëсий фаолларнинг орқасидан қувлаб юрибди.”

Жаҳонгир Отажонов таъкидлаган гапни Президент Шавкат Мирзиёев 12 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳайъатининг кенгайтирилган йиғилишида айтган эди.

Йиғилишда ички ишлар органларининг жиноятчиликка қарши курашиш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси йўналишидаги ишлари танқидий муҳокама қилинган эди.

- Ҳуқуқ-тартибот идораларига ҳамма шароитларни яратиб, энг замонавий техникаларни олиб бердик. Катта ваколат, куч ва воситалар бор. Лекин натижа кутилганидек эмас. Уларнинг ишидан халқимиз норози, - деган эди Шавкат Мирзиёев.

Сайлов олди назорати?

Озодлик подполковник рутбасидаги ИИВ зобити билан суҳбатлашди. Исми Озодликка маълум бўлган бу зобит иддаосига кўра¸ сайлов олдидан республикадаги Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ЖҚББ Гиёҳвандлик воситалари билан қонунга хилоф равишда муомала қилишга қарши курашиш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари 54 яшар полковник Улуғбек Турсунов назорат қилмоқда.

Бу иддаони ИИБнинг Фарғона вилиятидаги яна бир зобити ҳам тасдиқлади.

Озодликда Турсуновнинг ИИВ таркибидаги мулозим ўлароқ мухолифатни назорат қилаëтгани ҳақида расмий тасдиқ йўқ.

Полковник Улуғбек Турсунов Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиëевнинг куëви Ойбек Турсуновнинг акасидир.

ИИВ тарафидан тазйиқ қилинаëтганлигини айтган сиëсатчи Жаҳонгир Отажонов Ўзбекистон президентлигига ўз номзодини кўрсатишини эълон қилган.

Шундан сўнг у Туркияга кетган ва у ерда “Эрк” партияси аъзолигини қабул қилган. Ўзбекистонга қайтиб келганилан сўнг у “Эрк” партияси қурултойини ўтказгани учун номаълум шахслар томонидан таҳдидларга учраган.

XS
SM
MD
LG