Абдулла Қодирийнинг "Ўтган кунлар" романи асосида 1969 йили режиссёр Йўлдош Аъзамов томонидан тасвирга олинган фильмда Кумушбиби образини яратиб, ўзбек киносанъати тарихида ўчмас из қолдирган Ўзбекистон халқ артисти Гулчеҳра Жамилова 2 июлда 75 ёшга тўлди.
1946 йили Тошкент шаҳрида туғилган. Гулчеҳр Жамилова 1964 йил Тошкент хореография билим юртини, 1968 йили эса, Тошкент театр-санъат институтининг актёрлик факультетини тамомлаган.
1966 йилда Ҳамза номидаги Ўзбек Давлат академик драма театрида актриса сифатида фаолият бошлаган.1987 йилдан 1991 йилга қадар Ўзбекистон давлат драма театрида фаол хизмат қилган. 1991 йилда Ҳамза номидаги ўзбек академик драма театрига қайтган.
Гулчеҳра Жамилова Озодлик эшиттиришларида қатнашиб туради. Ўзбекнинг суюкли актрисаси юбилейи муносабати билан у киши билан қилинган суҳбатлардан 2015 йилнинг сентябрида ёзиб олинганини танладик.
"Кумушбиби" Гулчеҳра Жамилова билан ўтказилган суҳбат унинг "Отабеги" Ўлмас Алихўжаев ҳақида эди.
Ўлмас Алихўжаев 2015 йилнинг 25 сентябрь куни эрталабки соат 11 лар атрофида узоқ хасталикдан сўнг оламдан ўтган, ўша куни аср намозидан сўнг Тошкентнинг Минор қабристонига дафн этилган эди.
Ўлмас Алихўжаев тупроққа қўйилганидан кўп ўтмай¸ Озодлик Отабекнинг Кумуши сифатида танилган Ўзбекистон Халқ артисти Гулчеҳра Жамилова билан қайта боғланиб¸ марҳумнинг инсон ва санъаткор сифатидаги ҳаëти ҳақида суҳбатлашганди.
Озодлик Гулчеҳра Жамиловани туғилган куни билан табриклайди, суюкли актрисага ижодий муваффақиятлар тилайди.