Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:45

ИИБ уй қамоғидаги трансгендер Нигинани уни калтаклаган шахс билан "яраштирди"


Нигина номи билан танилган трансгендер Миршариф Зокиров. (Видеодан скриншот)
Нигина номи билан танилган трансгендер Миршариф Зокиров. (Видеодан скриншот)

7 июль куни Тошкентдаги уйида калтаклаб кетилган трансгендер Нигина (Миршариф Зокиров)нинг яқинлари ҳодиса уюштирилганини даъво қилмоқда.

Уларнинг сўзларига кўра, ИИБга ҳодиса бўйича телефон қилинган, бироқ кейинчалик Нигина билан уни калтаклаган эркак “ярашув хати” ёзган.

Ўтган йили товламачилик ва гиёҳванд моддалар сақлашда айбланиб, 3 йилга маҳкум этилган Нигина 22 июнь куни уй қамоғига чиқарилган.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Ўзбекистонда ЛГБТ вакиллари ҳамда фаолларга нисбатан ҳужумлар кучайганидан хавотир билдирган.

Ўз уйида калтакланган трансгендер

12 июль куни Озодликка боғланган (Миршариф Зокиров) яқинларидан бирининг сўзларига кўра, калтаклаш ҳодисаси 7 июль куни Нигинанинг Тошкентдаги уйида содир бўлган.

Нигина (Миршариф Зокиров)
Нигина (Миршариф Зокиров)

“Шу куни бир йигит Нигинанинг уйига келиб, ундан пул талаб қилди. Айтишича, Нигина билан ўша куни телефонда танишган экан. Аниқ суммани айтмади. “Пул бермасанг, бошқача гаплашаман”, деди. Нигина “Пул бермиман”, деганди, уришга ўтиб кетди. Дазмол билан Нигинанинг юзига урди. Сочидан тортиб, подъездга судраб чиқди”, - деди аноним қолиш истагини билдирган Нигинанинг яқини.

Ҳодиса гувоҳларига кўра, Нигинанинг қўшнилари аралашуви сабаб йигит калтаклашни тўхтатган:

“Бақир-чақирни эшитиб, Нигинанинг қўшнилари югуриб чиқди. Шу орада Нигинанинг яна бир нечта таниши ҳам келиб қолди. Шундан кейин барзанги йигит қочиб кетди”.

Озодликка йўлланган фото ва видеоларда Нигинанинг юз-кўзи қонга белангани кўринади. (Нигинанинг яқинлари илтимосига кўра, ушбу тасвирлар эълон қилинмаяпти).

Озодлик мухбири ҳозирда уй қамоғида бўлган Нигинанинг ўзи билан боғланишга муваффақ бўлди. У ўзига берилган жазони тўла ўтаб бўлмагунича, матбуотга гапира олмаслигини айтиб, ҳодиса тафсилотларини очиқламади.

Нигинанинг яқинига кўра, ўша куннинг ўзида ҳодиса юзасидан ИИБга мурожаат қилинган:

“ИИБга телефон қилинди. Лекин кейин уларни “яраштиришди”. Холислар олдида иккаласи ҳам “давоим йўқ” деб ёзиб беришди. Нигина РОВДдагилардан жуда қўрқади. Шунинг учун шундай ёзишга мажбур бўлди. РОВДда уни унижать қилишларидан тўйиб кетган. “Яхшиси, уйимда калтак еб ўтирганим яхши, РОВДга боргандан кўра” , деди ўша куни ҳам”.

Нигина яшайдиган ҳудуднинг ИИБ бўлимидан олинган маълумотга кўра, 7 июль куни Миршариф Зокировнинг калтакланиши ҳодисаси бўйича суриштирув бошланган. Бироқ 10 июль куни даъвогар ва жабрланувчи томонлар ярашгани сабаб иш тўхтатилган.

Нигинанинг яқини калтаклаган йигитнинг шахси ҳақида маълумотга эга эмаслиги, ҳодисани уюштирилган, деб ишонишини таъкидлайди:

“Бу уюштирилгани аниқ. Лекин ким томонидан қилинганини билмадим. Чунки бу “Гоп стоп” эмас, яъни қўрқитиб, пул оладиганлар иши эмас. У барзанги йигит спортчига ўхшарди. Кўпчилик бўлиб ҳам унга ҳеч кимнинг кучи етмади. У Нигинага “Кўчада юролмайдиган қилиб қўяман”, деган гапни қайта-қайта айтди. Урганда ҳам Нигинанинг баданига эмас, балки фақат юзига урди. Барзанги Матиз машинасида келганди. Машинада уни 2та қиз ва 2 та йигит кутиб ўтирди. РОВД ҳам осонгина “яраштириб” қўя қолди”.

Нигина (Миршариф Зокиров) ўтган йили Жиноят кодексининг товламачилик (165-модда) ва гиёҳвандлик моддаларини сақлаш (276-моддаси 1-қисми) моддалари билан айбланиб, ҳибсга олинганди.

У ҳибсда экан, (2020 йил сентябрь ойида - таҳр.), тармоқларда ИИБ ертўласида унинг сочи қирқиб ташлангани ҳақида хабарлар тарқалганди.

Суд Нигина (Миршариф Зокиров)ни айбдор деб, топгач, у ўтган йилнинг 10 ноябрида ИИВнинг 1-сонли тергов изолятори (Тоштурма)га ўтказилди.

Жорий йилнинг 19 февраль куни жамоатчилик комиссияси таркибида мазкур қамоқхонага борган “Эзгулик” жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташанов маҳкум Миршариф Зокиров (Нигина) билан суҳбатлашди.

Қамоқхона ходимлари иштирокида ёзиб олинган видео суҳбатда Нигина жазо муассасасида ўзига нисбатан тазйиқ бўлмаётганини айтган.

Нигинанинг яқинларига кўра, ушбу суҳбатдан икки кун ўтиб, маҳкума манзил колониясига ўтказилган ва 22 июнь куни унинг жазоси уй қамоғига ўзгартирилган.

Нигина маҳаллий нашрлардан бирига берган видео интервьюсида ўзининг трансгендер эканини очиқ айтган ва кейинги йилларда бир неча бор калтак егани ҳақида гапирганди.

ЛГБТга муносабат

Ўзбекистонда жинсий озчиликлар ҳуқуқларининг таъминланмагани ва жиноий қонунчилик уларни таъқиб қилиши халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари томонидан танқид қилиб келинади.

Ўтган ой “Миллий тикланиш” партияси раҳбари, Олий Мажлис депутати Алишер Қодиров “Alter Ego” YouTube каналига берган интервьюсида гей, лесбиян ва трансгендер шахсларни фуқароликдан маҳрум қилиш ҳамда уларни мамлакатдан чиқариб юборишни таклиф қилган эди.

Ўзбекистон ҳукумати халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотларининг Жиноят кодексидан бир жинсли муносабатларни жазолайдиган моддани олиб ташлаш ҳақидаги чақириқларини рад этган.

2020 йил март ойида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитасида Тошкент вакили бундай қилиш “жамоатчиликнинг кескин қаршилигига” дуч келишини айтган эди.

Расмий Ўзбекистонда “лесбиян, гомосексуал, бисексуал, трансгендер ва интерсекс ҳамжамият аъзоларини иш билан таъминлаш ёки уларга соғлиқни сақлаш хизматларини кўрсатишни чеклайдиган қонунлар йўқлигини" айтиб, Ўзбекистоннинг бу масаладаги позициясини ҳимоя қилган.

Айни пайтда мамлакатдаги ЛГБТ вакиллари ўзларига нисабатн тазйиқлардан шикоят қилиб келади.

28 март куни Тошкентнинг Амир Темур хиёбонида ЛГБТ фаоллари деб гумон қилинган бир гуруҳ ёшлар ҳужумга учраган. Тармоқларда тарқалган видеода ҳужумчилардан айримлари “Аллоҳу Акбар” деб ҳайқираётганини кўриш мумкин. Кейинроқ ҳужумга учраганларнинг ЛГБТга алоқаси йўқлиги, улар K-Pop ва япон аниме комиксларининг ёш мухлислари экани ўртага чиққан.

Юздан зиёд эркак Тошкентнинг қоқ марказида аниме ва Кейпоп ихлосмандларига ҳужум қилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:09 0:00

Ўша куни кечқурун Жиноят кодексининг бир жинсли шахслар ҳақидаги бандини бекор қилишга чақириб келган блогер Миразиз Бозоров Тошкентдаги уйи олдида номаълум шахслар томонидан дўппослаб кетилган. Ҳужумчилар ҳануз топилгани йўқ, лекин Бозоровнинг ўзи Жиноят Кодексининг 139-моддаси 3-банди ("Ғаразли мақсадда туҳмат уюштириш") ҳамда 140-моддаси ("Ҳақорат")да назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этганликда айбланмоқда. 30 яшар Бозоров шу йил апрелидан буён уй ҳибсида сақланмоқда.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG