Линклар

Шошилинч хабар
29 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:59

Марказий Осиёда сув муаммоси: Сирдарё сувидан қандай фойдаланилмоқда?


Сирдарё сувининг камайиши кейинги бир неча йиллардан бери кузатиб келинмоқда. (Сурат 2009 йилнинг 11 мартида Сўғдда олинган)
Сирдарё сувининг камайиши кейинги бир неча йиллардан бери кузатиб келинмоқда. (Сурат 2009 йилнинг 11 мартида Сўғдда олинган)

Норин дарёси Қирғизистон шарқидаги баланд тоғларда бошланади ва юзлаб километрдан кейин Қорадарё билан қўшилиб, Марказий Осиёнинг энг узун дарёси – Сирдарёни ҳосил қилади.

Сирдарё Марказий Осиё тарихида муҳим ўрин тутади. Бугунги кунда ҳам Сирдарё оқиб ўтадиган тўрт мамлакат учун унинг аҳамияти жуда катта.

Жорий йилда Марказий Осиёда қурғоқчилик кузатилмоқда. Минтақа бўйлаб экинлар ва чорва моллари қирилмоқда.

Норин ва Сирдарё дарёси ҳавзасига оид кўплаб мақолаларда асосий эътибор дарёдаги сув миқдори ва дарё суви қишлоқ хўжалигида қандай ишлатилишига қаратилади. Кўп ҳолатларда Қизилқум саҳросигача 2 200 километрга чўзилувчи соҳил бўйида яшайдиган аҳоли эса эътибордан четда қолади.

«Норин – Сирдарё» онлайн-лойиҳаси яратувчиси, қирғизистонлик Айбек Самаков:

«Марказий Осиё ҳукуматлари сув муносабатларини секюритизациялаш орқали одамларнинг умумий манфаатларини эмас, уларни ажратиб турадиган нарсаларни урғулаб келади», деди.

Самаков асос солган кўп тилли вебсайтда дарё бўйидаги беш аҳоли пунктидаги вазият ёритилган. Улар орасида Қирғизистоннинг Норин шаҳри ва Шамоллисой қишлоғи, Ўзбекистоннинг Фарғона шаҳри, Тожикистоннинг Хўжанд шаҳри ҳамда Қозоғистоннинг Қизилўрда вилоятида жойлашган Ғазали шаҳарлари бор.

Дарёнинг қуйи қисмида яшайдиган аҳоли кўп ҳолатларда сув тақчиллиги учун дарё бошида яшайдиганларни айблайди, аммо кўп ҳолларда дарёнинг юқори қисмида яшайдиганлар ҳам сув тақчиллигидан азият чекади.

Сувдан фойдаланиш ҳам ўзгариб бормоқда, чунки Норин ва Сирдарё соҳилидаги жамоалар кенгайиб, ривожланиб бормоқда, натижада сувга талаб ортиб бормоқда.

Кичик деҳқончилик жамоалари одатда дарё сувини ифлосламасликка ҳаракат қилади, лекин ўсиб бораётган шаҳарларда дарё суви кўпинча транспорт воситаларини ювиш учун ишлатилади, натижада совунли сувлар дарёга бориб тушади.

Сирдарё сувидан ҳаддан ташқари кўп ишлатилгани учун юзага келган энг катта муаммолардан бири Орол денгизининг қуриб қолганидир.

Орол денгизи қисмати экологик ва иқтисодий фожиа бўлиб, унинг асосий сабаби йирик пахта, шоли ва буғдой далаларини суғоришда Амударё ва Сирдарёдан кенг фойдаланилганидир. 1989 – 2016 йиллар оралиғида денгиз тобора қуриб борар экан, ушбу ўсимликларни етиштиришдан воз кечилмаган, аксинча, пахта экспорти кўлами ошган.

Кўприклар қурилиши ҳам дарёлар бўйидаги аҳоли пунктларида катта ўзгаришларга сабаб бўлади. 1960 йилларда Тожикистоннинг Хўжанд шаҳрида иккита кўприк қурилган, натижада Сирдарёнинг ўнг қирғоғи ривожлана бошлаган.

Кўприклар, шунингдек, солиқлар ва ўтиш ҳақи билан боғлиқ зиддиятларни келтириб чиқариши мумкин.

Айрим ҳолатларда эса бир мамлакат бир тарафлама кўприкни ёпиб қўйишга қарор қилиши мумкин. Масалан, 2000 йилда Ўзбекистон расмийлари нафақат Ўзбекистоннинг Учқўрғон шаҳрини Қирғизистоннинг Қизилжар шаҳри билан боғлайдиган кўприкни ёпиб қўйишган, балки «Ўзбекистон исломий ҳаракати» жангарилари мамлакатга ўтишига йўл қўймаслик учун кўприкни бузиб ташлашган.

XS
SM
MD
LG