Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:29
Ижтимоий тармоқда тарқалган сурат
Ижтимоий тармоқда тарқалган сурат

Бош прокуратура афғон ҳарбий ҳаво кучлари Ўзбекистонга ўтгани ҳақидаги ўз хабарига раддия берди

Ўзбекистон Бош прокуратураси ўнлаб афғон ҳарбий самолёт ва вертолётлари ҳамда юзлаб қуролланган ҳарбийлар Ўзбекистон чегарасини ноқонуний кесиб ўтгани ҳақида 16 август куни ўзи тарқатган расмий хабарга раддия берди. Раддияда ҳақиқий вазият қандай эканига ойдинлик киритилмаган. Қуйида Бош прокуратуранинг Телеграм-каналида тарқатилган раддия матни тўлиқ келтирилмоқда:

Бош прокуратуранинг “Telegram”каналида 2021 йил 14-15 август кунлари Ўзбекистон Республикаси ҳаво ҳудуди ҳамда қўшни Афғонистон Республикаси билан чегарадош ҳудудларда рўй берган воқеалар ҳақида баёнот берилганди.

Қайд этиш керакки, ҳозирда Афғонистонда рўй бераётган ўзгаришлар дунё ҳамжамияти диққат марказида турибди. Тўлқинли воқеликлар туфайли аксарият одамларда турли-туман тушунчалар шаклланиб келмоқда.

Тан олиш зарур, ҳар доим ҳам бундай вақтда расмий манбаалар ҳам айрим камчиликлар, яъни ахборот тарқатишдаги адашмовчиликлар, текширилмаган далиллар юзасидан маълумот бериб юбориши эҳтимолдан ҳоли эмас.

Шу тарзда, Бош прокуратуранинг “Telegram” каналида чоп этилган баёнот ҳам охиригача аниқлаштирилмай, мутасадди идораларнинг расмий текширилган маълумотларига таянмаган ҳолда чиқарилган.

Шу боис, Бош прокуратуранинг “Telegram”каналига маълумотларни жойлаштириш учун масъул бўлган тармоқ ходимлари шошма-шошарлик билан чиқарилган мазкур баёнот учун расман узр сўрашмоқда.

Келгусида бундай ҳолатларга йўл қўйилмаслик учун тегишли чоралар кўрилди.

Бош прокуратура: Афғонистоннинг 22 та ҳарбий самолёти ва 24 та ҳарбий вертолёти, 585 нафар ҳарбийлар Ўзбекистон чегарасидан ноқонуний ўтган

Афғонистоннинг 22 та ҳарбий самолёти ҳамда 24 та ҳарбий вертолёти 14-15 август кунлари Ўзбекистон чегарасидан ноқонуний ўтган. Мазкур ҳарбий техника Ўзбекистон ҳарбийлари томонидан мажбурий равишда Термиз халқаро аэропортига қўндирилган.

Бош прокуратура бу ҳақда 16 август куни соат 21:25да расмий баёнот берди. Бош прокуратуранинг таъкидлашича, бу самолёт ва вертолётлар ичида жами 585 нафар қуролланган ҳарбий хизматчи бўлган.

Билдирилишича, 15 август куни Қарши шаҳридаги “Хонобод” аэропортига қўниш учун рухсат сўраган Афғонистоннинг 3 та “ЭМБРАЙЕР-314” русумли ҳарбий самолёти Термиз аэропортига қўниш тўғрисида огоҳлантирилиб, улар Ўзбекистон Республикасининг 2 та “МИГ-29” русумли ҳарбий самолётлари кузатувига олинган.

Лекин кузатув давомида “ЭМБРАЙЕР-314” ва “МИГ-29” русумли самолётлар тўқнашиб, Сурхондарё вилоятининг Шеробод тумани ҳудудига қулаган. Ушбу самолётлар учувчилари парашют орқали ерга тушган.

15 август кечаси Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида қулаб тушган Афғонистон ҳарбий самолёти давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтишга уринган пайт Ўзбекистон ҳаводан мудофаа тизими томонидан "тўхтатиб қолинган".

Бу ҳақда душанба куни эрталаб ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларни Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати маҳаллий нашрларга тасдиқлади.

Газета.уз нашрининг Мудофаа вазирлиги вакилининг сўзларидан иқтибос келтиришича, давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтишга уринишнинг олди олинган.

"Ҳозирги пайтда ваколатли идоралар томонидан ушбу ҳолат бўйича суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Суриштирув натижалари бўйича қўшимча ахборот берилиши маълум қилинди", дейилади Газета.уз хабарида.

«Газета.uz»нинг Сурхондарёдаги манбаси икки нафар афғонистонлик ҳарбий хизматчи Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Термиз филиалига ётқизилганини тасдиқлаган. Улар парашютдан сакрагани айтилади.

Ижтимоий тармоқларда, шунингдек, афғон ҳарбийлари ўтирган камида бир вертолётнинг Ўзбекистондаги пахта даласига қўнгани акс этган видеолар тарқалди. Ўзбек расмийлари ҳозирча бу борада изоҳ бергани йўқ.

ОАВ: Кобул аэропортидаги хаосда одамлар нобуд бўлмоқда

16 август, душанба куни Кобул аэропортида камида беш киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда Reuters, гувоҳларнинг сўзларига таянган ҳолда хабар бермоқда. Воқеа толиблар Кобулни ишғол қилганидан сўнг минглаб одамларнинг мамлакатдан учиб кетишга ҳаракат қилиши билан боғлиқ хаос ва ваҳима манзарасида юз берган.

Одамлар якшанбадан бери Кобул аэропортида тўпланишда давом этмоқда. Америка расмийларидан бирига кўра, Кобулдаги АҚШ дипломатик миссияси ходимлари ва бошқа фуқароларини кўчириш операциясига жалб қилинган ҳарбийлар оломоннинг бир қисми ҳарбий учоқ бортига кириб олишига йўл қўймаслик учун ҳавога ўқ узишга мажбур бўлган.

Учиб кетишни 20 соатдан ортиқ кутиб қолган бир гувоҳ аэропортдаги одамлар ўқ тегиб ўлганми ёки ур-йиқитда қолиши оқибатидами — тушунарсиз эканини қайд этмоқда. Қўшма Штатлар вакилларидан вазият юзасидан изоҳ олиш имкони ҳозирча бўлмади.

Аввалроқ ОАВ америкалик дипломатлар берган маълумотдан келиб чиқиб, Кобул аэропортида отишма бўлгани ҳақида хабар қилган эди.

Reuters қайд этишича, ижтимоий тармоқларда ёйинланган кўплаб видеолардан бирида аэровокзал биносининг ён эшиги яқинида учта жасад ётгани кўринади. Агентлик тарқалган видеоёзувнинг ҳақиқийлигини тасдиқлай олмаслигини урғулаган.

Гувоҳлардан яна бири эса аэропортда беш жасадни машинага ортишганини кўрганини сўзлаб берган.

Би-би-си Кобул аэропортидаги воқеалар гувоҳларига таянган ҳолда, фуқаролар орасидан камида икки киши нобуд бўлгани ҳақида ёзди.

Бир қатор нашрлар, жумладан, Daily Mail ҳам душанба куни Кобулдан парвоз қилаётган учоқ шассисига тирмашиб олишга ҳаракат қилган уч киши баландликдан қулаб ҳалок бўлганини хабар қилди.

Ижтимоий тармоқларда одамларнинг ҳавога кўтарилишга ҳозирланаётган учоққа тирмашаётгани, шунингдек қулаб тушиши акс этган видеолар ёйинланмоқда. Уларнинг ҳақиқийлиги ҳозирча тасдиқлангани йўқ.

Ҳозирда Кобул аэропортидан йўловчи рейслари бажарилмаяпти — фақат АҚШ ва унинг иттифоқчиларига тегишли ҳарбий-транспорт учоқларигина парвоз қилмоқда. Шунга қарамай минглаб афғонлар мамлакатдан учиб кетиш чорасини топиш илинжида аэропортда йиғилмоқда.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG