Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 07:32

Хитой кредитлари мамлакатларни қарздорлик домига тортмоқда - ҳисобот


Президент Си Цзиньпин "Бир макон, бир йўл" лойиҳасига 2013 йилда старт берган эди.
Президент Си Цзиньпин "Бир макон, бир йўл" лойиҳасига 2013 йилда старт берган эди.

Хитойнинг “Бир макон, бир йўл” (БМБЙ) ташаббуси ижроси иштирокчи давлатлардаги қаршиликлар ва қарз миқдори ошиб бориши ортидан аввалги суръатини йўқотмоқда ва бу Пекинни сиқиб чиқариш учун рақиб дастурларга қўл келмоқда, дейилади чоршанба куни эълон қилинган тадқиқотда.

Reuters агентлигининг тадқиқот хулосасига таяниб ёзишича, Президент Си Цзиньпин БМБЙга 2013 йили старт берган бўлиб, бу ташаббусдан кўзланган мақсад Хитойнинг молиявий ва инфраструктура қуриш бўйича имкониятидан Осиё, Африка ва Лотин Америкасини боғловчи, “муштарак манфаатларнинг кенг ҳамжамиятини қуриш” учун фойдаланиш эди.

АҚШдаги Уильям ва Мэри коллежи тадқиқот лабораторияси “AidData” тадқиқотига кўра, Президент Сининг “аср лойиҳаси” ҳозир жиддий тўсиқ ва қаршиликларга юз тутмоқда.

“Паст ва ўрта даромадли давлатларда сиёсатдонлар БМБЙ лойиҳаларини нархларнинг кўтарилиши, коррупция ва қарздорлик ортиб бориши сабабли борган сари хушламай боряпти”, дейди тадқиқот муаллифларидан бири Брэд Паркс.

“AidData”нинг айтишича, 2013–2021 йилларда Малайзияда 11.58 миллиард долларлик, Қозоғистонда 1.5 миллиард ва Боливияда 1 миллиард долларлик лойиҳалар бекор қилинган.

Хитой Ташқи ишлар вазирлиги баёнот бериб “ҳамма қарзлар ҳам беқарор эмас” деди ва БМБЙга старт берилганидан бери “ўзаро келишув, муштарак ҳисса ва муштарак манфаатлар асосидаги принципларга амал қилиниши”ни қўшимча қилди.

Аксар ҳамкор давлатлар бу ташаббус маҳаллий иқтисодни ривожлантиришга ҳисса қўшганини айтмоқда, дейилади баёнотда.

“Соғлом” тамойиллар

Хитой бошқарадиган ва БМБЙ ташаббуси билан бевосита боғлиқ Осиё Инфраструктура сармоя банки сўзчиси Ҳе Линсяо “БМБЙнинг ўзак тамойиллари соғломдир” дейди.

“Биз юксак халқаро стандартларни қўллаб‑қувватлаганимизда бу принциплар амалда ишлайди”, деди Ҳе.

“AidData” 165 давлатда 18 йилдан ошиқ вақт давомида Хитой дастаклаган қиймати 843 миллиард долларлик 13,427 та лойиҳани ўрганиб чиқиб, Пекиннинг халқаро ривожланиш бўйича молиявий мажбуриятлари АҚШникидан икки баробар катта бўлганини хулоса қилди.

Аммо аҳоли фикридаги ўзгаришлар иштирокчи давлатларнинг Пекин билан муносабатлари мустаҳкамланишига халал бермоқда, дейди Паркс.

Тадқиқотга кўра, БМБЙга старт берилгандан бери Хитой дастагидаги лойиҳаларнинг борган сари кўпроқ қисми тўхтаб қолгани ёки бекор қилингани Қозоғистон, Коста‑Рика ва Камерун каби давлатларда “харидорлар пушаймонлиги”га далолат қилади.

Паст ва ўрта даромадли давлатларда Хитойдан олинган қарз ЯИМнинг 10 фоизидан ошиб кетгани кредит рискларини ҳам оширмоқда.

Аниқланишича, БМБЙ лойиҳаларининг 35 фоизи коррупция, меҳнат ҳуқуқи бузилиши, атроф‑муҳит ифлосланиши ва жамоатчилик норозилигига сабаб бўлган.

Июн ойида АҚШ Катта еттилик давлатларининг рақиб ташаббуси “Build Back Better World” (B3W)ни эълон қилди. Ушбу ташаббусдан кўзланган мақсад ривожланаётган давлатларга инфраструктура қуриш учун молиявий ёрдам бериш экани айтилди.

“B3W инфраструктурани молиялаш бозорида танлов имкониятини оширади, бу эса БМБЙнинг айрим қиммат лойиҳаларидан чиқиб кетишларга сабаб бўлиши мумкин”, дейди Паркс.

“AidData” тадқиқотини турли хусусий ва давлат ташкилотлари молиялаган бўлиб, улар орасида Форд жамғармаси ва АҚШ Халқаро ривожланиш агентлиги ҳам бор (USAID).

Тадқиқот муаллифлари тадқиқот мустақил ва шаффоф ўтказилгани, молияловчиларнинг йўриғи бўлмаганини айтмоқда.

Хитой Ўзбекистоннинг ҳам энг йирик хорижий кредитор ва сармоядорларидан бири ҳисобланади. Хитой ҳукумати эълон қилинган маълумотларга кўра, 2019 йил охирида Ўзбекистонга киритилган хорижий сармояларнинг энг кўп - 26, 2 фоизини Хитой сармоялари ташкил этган. Иккинчи ўринда 10,6 фоиз сармоя билан Россия турибди. Ўзбекистон ҳукумати Хитойдан олинаётган кредит шартларини ҳеч қачон очиқламаган.

Ўтган ҳафта Марказий Банк Ўзбекистоннинг ташқи қарзи биринчи ярим йилликда йил бошига нисбатан 2 миллиард доллардан кўпроққа (6 фоиз) ошиб, жорий йилнинг 1 июль ҳолатига 35 миллиард 894 миллион 900 минг доллар этганини маълум қилган. Бу мамлакат Ялпи ички маҳсулотининг 47 фоизига тенг. Ҳисоботда бу қарзларнинг қанчаси Хитой ҳиссасига тўғри келиши айтилмаган.

Молия вазирлиги 2019 йилда Ўзбекистоннинг энг кўп ташқи қарзи - Хитойнинг давлат Экспорт-импорт банкига (Эксимбанк) тўғри келишини айтган. Ўзбекистонинг Хитойга давлат ташқи қарзи 2016 йилдаги 1,2 миллиардан икки баробардан кўпроққа ўсиб, 2019 йил ноябрь ҳолатига 3 миллиард долларни ташкил этган.

XS
SM
MD
LG