Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 23:38

POLITICO: Тошкент Вашингтон олдидаги имижини яхшилади. АҚШ бу ерга ўз кучларини жойлаштириш ҳаракатида


Президент Шавкат Мирзиёев конгрессменлар Дон Бэйкон, Дуг Ламборн, Трой Нельс ва Август Пфлюгер билан.
Президент Шавкат Мирзиёев конгрессменлар Дон Бэйкон, Дуг Ламборн, Трой Нельс ва Август Пфлюгер билан.

Ўзбекистон АҚШ расмийлари билан Вашингтон-Тошкент муносабатларини янада мустаҳкамлашга қаратилган агрессив ахборот компаниясини олиб бормоқда ва бу сиёсат амалда натижа бермоқда, - деб ёзди 13 октябрь куни нуфузли POLITICO нашри.

Билдирилишича, АҚШдан Ўзбекистонга бораётган делегациялар орасида Пентагон вакиллари ҳам бор. Улар Тошкентда Афғонистон Толибон назоратига ўтгани ортидан хавфсизликни ва барқарорликни таъминлаш соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилмоқда.

Нашрнинг Конгресс ва Пентагондаги манбаларга таянган ҳолда ёзишича, муҳокамалар кун тартибидаги асосий масала АҚШ аксилтеррор кучларининг мазкур минтақага жойлаштирилиши бўлмоқда.

Байден маъмурияти бир неча ойдан бери бу масалада Ўзбекистон ва Афғонистон билан чегарадош бошқа давлатлар билан музокаралар ўтазмоқда, аммо бу борада батафсил маълумот бермаяпти.

Ўтган ҳафтада ҳам Конгресснинг тўрт нафар республикачи аъзоси Тошкентга келиб, президент Учрашувдан сўнг конгрессменлардан бири Дон Бэйкон NatSec Daily нашрига “Шавкат Мирзиёев ҳақида яхши таассурот қолгани”ни айтган ва бўлажак президентлик сайловларида сохтакорликлар бўлиши тўғрисида аниқ тасдиқланган маълумотлар бўлишига қарамай, “Ўзбекистон инсон ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган демократик давлатга айланишига ишониши”ни таъкидлади.

12 октябрда эса Вакиллар палатасининг ташқи ишлар бўйича қўмитаси раиси Грегори Микс раҳбарлигидаги делегация Тошкентда ҳукумат раҳбарлари билан учрашди. Бу борадаги пресс-релизда айтилишича: “Делегация Афғонистондан АҚШ етакчилигида ўтказилган эвакуацияда фаол иштирок этгани учун миннатдорчилик билдириш мақсадида Ўзбекистон ҳукумати раҳбари билан учрашган”.

POLITICO нашрининг ёзишича, Ўзбекистонга бу қадар “самимий муносабат” АҚШ Афғонистонни тарк этгани ортидан пайдо бўлган. Тошкент Вашингтон рўйхатидаги приоритет ўринга чиқди.

Айрим конгрессменлар келажакда Ўзбекистонни АҚШ минтақавий манфаатларини амалга ошириш учун уникал имкониятларга эга давлат сифатида кўрмоқда.

Айни пайтда конгрессменлар Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчихонаси ҳам АҚШ Афғонистонни тарк эта бошлагани ортидан Байден маъмурияти ва Конгресс билан алоқаларни мустахкамлаш, янги шахслар билан муносабат ўрнатиш борасида фаол ишлаганини айтмоқдалар. Жумладан, Дон Бэйкон Ўзбекистон элчихонаси АҚШ расмийлари билан янги муносабатларни ўрнатиш учун “ўта профессионал даражада ишлагани”ни қайд этди.

Кейинроқ Ўзбекистон элчихонаси уринишлари ижобий самара бериб, Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Давлат котиби Энтони Блинкен ва мудофаа вазири Ллойд Остин билан учрашувлар ўтказди.

POLITICO нашри Ўзбекистон элчихонасидан мазкур маълумотлар юзасидан изоҳ олишга ҳаракат қилди. Лекин таҳририят саволларига ҳеч ким жавоб бермади.

13 октябрь куни эса Халқаро диний эркинлик бўйича АҚШ комиссияси ўзининг янги ҳисоботини эълон қилди. Мазкур ҳисоботда Ўзбекистонда камида 2 минг киши диний мотивлар асосида қамалгани ва қийноқларга солингани таъкидланган.

Вашингтонда ҳатто Ўзбекистон лоббиси билан шуғулланаётган конгресменлар ҳам мазкур мамлакатда сўз, матбуот ва сиёсий эркинликлар таҳдид остида эканини тан олмоқда.

“Лекин Ўзбекистон томонидан ҳормай-толмай амалга оширилган тадбирлар ортидан Тошкент расмий Вашингтон олдидаги имижини яхшилашга муваффақ бўлди. Бу мазкур шаҳарда муайян мақсад учун йўналтирилган пул ва шахсий вақт нималарга қодир эканига яна бир далил бўлди”,-дейилади POLITICO мақоласида.

Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов 14 октябрда МДҲ давлатлари ташқи ишлар вазирлари Кенгаши йиғилиши доирасида Ўзбекистон ўз ҳудудига АҚШ аксилтеррор кучларини жойлаштириш масаласини муҳокама қилаётганини рад этди.

Абдулазиз Комилов: “Бу масала кун тартибида ҳам тургани йўқ”,-деб айтди журналистларга берган интервьюсида.

XS
SM
MD
LG