Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 23:51

Афғонистон матбуоти: Собиқ президент Ашраф Ғани БААга Ўзбекистон орқали қочган


Афғонистон президенти 15 август куни Кобулдан қочган эди.
Афғонистон президенти 15 август куни Кобулдан қочган эди.

Афғонистон собиқ президенти Ашраф Ғани Толибон 15 августда Кобулни босгани ортидан БААга қочган. Ашраф Ғанининг Абу-Дабига учишида Ўзбекистон транзит давлат бўлган. Бу ҳақда 2 октябрь куни Афғонистоннинг Hasht e Subh Daily газетаси Афғонистон собиқ президентига алоқадор манбага таянган ҳолда хабар берди. Газетанинг ёзишича, Ашраф Ғани ва унинг атрофидаги шахслар 16 сентябрь куни Термиздан Қозоғистон самолёти орқали Абу-Дабига етказилган.

Термиз аэродромида Ашраф Ғанини Ўзбекистоннинг 200 ҳарбийси қўриқлаган

Билдирилишича, 15 август куни Ўзбекистоннинг Термиз шаҳрига тўртта вертолётда 54 киши қочиб ўтган. Улар орасида 22 киши учувчи ва техник, 22 киши эса Ашраф Ғанининг тан соқчилари бўлган.

“Улардан бирортасининг ёнида паспорти бўлмаган”,-деб қайд этди нашр.

Термиз аэродромига Ашраф Ғани миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Ҳамдулла Муҳиб, президент маъмурияти раҳбари Фазл Маҳмуд Фазлий ва рафиқаси Рулу Ғани билан учиб келган. Термиз аэродромида Ашраф Ғани ва унинг яқинлари 31 соат бўлиб турди. Уни Ўзбекистоннинг 200 нафар аскари қўриқлади.

“Душанба (16 август) куни Термиз аэропортида ҳукм сурган 31 соатлик ноаниқликдан сўнг ҳеч қандай давлат ёки тижорат белгиси бўлмаган кичик оқ самолёт келиб қўнди. Биринчи бўлиб 60 ўринли бу самолётга улар (Ғани ва яқинлари) ўтирди. Кейин бизни самолётга ўтқазишди. Ҳаммамизнинг қорнимиз оч ва сочларимиз паҳмоқлашиб кетганди”,-деб айтган манба.

Нашрнинг ёзишича, шундан сўнг самолёт ҳавога кўтарилган ва Бирлашган Араб Амирликларига училаётгани айтилган. Самолётда 28 соат ичида биринчи марта уларга егулик ва сув берилган.

Абу-Дабига йўл ва у ердаги воқелар

Самолётлар парвозини кузатувчи Flightradar сервисининг билдиришича, Ашраф Ғанини БААга олиб учган самолёт Қозоғистоннинг FlyJet ширкатига тегишли бўлган. FJK-1255 рейсини бажарган мазкур самолёт Термиздан Абу-Дабига 16 август куни маҳаллий вақт билан соат 23:00да учган.

Самолётда Ашраф Ғани билан бирга яна 53 киши бўлган.

“Уч ярим соатдан кейин самолёт Абу-Даби аэропортига қўнди. Самолёт эшиклари очилиши билан бир неча араб эркак келиб, Ғани ва Муҳибни кутиб олди. Улар яна бир қатор афғон расмийларини, жумладан, Фазлиц Ва Рулу Ғанини эҳтиром билан олиб кетишди. Ашраф Ғани аэропортни тарк этганидан сўнг уни ва бошқа расмийларни кўрмадим. Сешанба (17 август) куни эрталаб БАА расмийлари келиб, биз қаёққа кетаётганимиз билан қизиқишди. Улар БААда қолиш имкониятимиз йўқлигини очиқ айтишди. Учувчилар, иккинчи учвчилар ва техник ходимлардан айримларининг ҳарбий билетлари бор экан. Уларни яқинда АҚШ томонидан Абу-Дабида Афғонистон фуқаролари учун ташкил қилинган лагерга олиб кетишга мажбур бўлишди. Ҳужжати йўқлар эса ўз йўлида давом этишга мажбур бўлишди”,-деб айтган манба афғон газетасига.

Ўзбекистон муносабати

Ўзбекистон расмийлари ҳозирча мазкур мақола юзасидан муносабат билдирган эмас.

Аммо таъсисчиси Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги бўлган“Дунё” ахборот агентлиги 17 август куни Ашраф Ғани, келиб чиқиши ўзбек бўлган афғон маршали Абдулрашид Дўстум ва бошқа қатор афғон расмийлари Ўзбекистон ҳудудидан бошпана топгани тўғрисида тарқатилаётган хабарлар асоссиз эканини билдирди.

14 август куни Ташқи ишлар вазирлиги Афғонистоннинг 84 ҳарбийси Ўзбекистон давлат чегарасини кесиб ўтгани ва уларга бошпана берилиб, тиббий ёрдам кўрсатилгани ҳақида билдирган.

15 августда эса Афғонистоннинг 22 та ҳарбий самолёти ҳамда 24 та ҳарбий вертолёти 14-15 август кунлари Ўзбекистон чегарасидан ноқонуний ўтгани, мазкур ҳарбий техника Ўзбекистон ҳарбийлари томонидан мажбурий равишда Термиз халқаро аэропортига қўндирилгани тўғрисида Бош прокуратура хабар берганди. Бироқ орадан кўп ўтмай Бош прокуратура ўзи тарқатган бу хабарга ўзи раддия берган.

Кейинроқ The Wall Street Journal Афғонистон ҳарбий ҳаво кучларининг Ўзбекистонга қочиб ўтган учувчилари АҚШнинг Дохадаги ҳарбий базасига эвакуация қилиниши ва бу ҳақда АҚШ ва Ўзбекистон ўзаро келишувга эришгани тўғрисида хабар берди.

Хабарда айтилишича, расмий Тошкент Афғонистондан Ўзбекистонга қочиб ўтган учувчиларни Дохага кўчиришни 11-12 сентябрь кунлари амалга оширди. Таҳмин қилинишича, камида 500 афғон ҳарбийси Ўзбекистондан Дохага олиб чиқилган.

Президент Шавкат Мирзиёев 17 сентябрда ШҲТ саммитида нутқ сўзлаб, халқаро ҳамжамиятни Толибон укумати билан мулоқот ўрнатишга ва Афғонистоннинг хориж банкларида музлатилган активларини қайтаришга чақирган эди.

Ўзбекистон Толибон Афғонистон ҳукуматини босиб олганидан сўнг Кобулга гуманитар ёрдам жўнатган.

XS
SM
MD
LG