Линклар

Шошилинч хабар
06 январ 2025, Тошкент вақти: 12:08

Ўзбекистон хабарлари

“Снос”дан етган зарарни қоплаш учун бюджетдан ярим триллион сўм ажратилади

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Ўзбекистонда 2022 йилда “снос”лар туфайли жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш учун давлат бюджетидан 500 миллиард сўм маблағ йўналтирилади. Молия вазирлигининг 2022 йил учун бюджетнома лойиҳасида маълум қилинган бу жиҳатга Газета.uz нашри эътибор қаратган.

Бюджетнома лойиҳасига мувофиқ, 2022 йилда Давлат ва жамият эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш бўйича жамғармасига Вазирлар Маҳкамаси захира жамғармаси маблағларининг 15 фоизидан кам бўлмаган миқдорда, яъни республика бюджетидан 500 миллиард сўм маблағ ажратиш режаланган.

Қайд этилишича, 2021 йилда бу йўналишдаги харажатлар учун 273 миллиард сўм, 2020 йилда эса 215,8 миллиард сўм ажратилган.

“Снос”дан етган зарарни қоплаш учун ажратилган маблағнинг қарийб икки баробар оширилгани, кузатувчилар фикрича, Ўзбекистонда “буза-буз”лар кўлами камаймай, аксинча кўпайишидан дарак бўлиши мумкин.

Кун янгиликлари

Қозоғистон билан Ўзбекистон ўртасида янги темирйўл қуриляпти

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Қозоғистон билан Ўзбекистон ўртасида янги темирйўл барпо этилмоқда.

“Қозоғистон темирйўллари” компанияси матбуот хизмати қайдича, 2027 йилда ишга туширилиши кутилаётган янги Дарвоза–Мақтаорол линияси Сариоғоч–Тошкент йўналишига муқобил йўл бўлиб, Сариоғоч станциясидаги юкламани камайтириш ва Ўзбекистонга экспортни кўпайтириш имконини беради.

286 миллиард тенгелик (545,8 миллион доллар) инвестиция лойиҳаси доирасида бугунги кунга қадар 203 километрдан 100 километрга яқин рельс-шпал тармоқлари йиғилди. Лойиҳани амалга ошириш учун 46 та йўл-қурилиш техникаси ва 70 дан ортиқ ишчи жалб этилган.

Қозоғистон томони янги инфратузилма лойиҳаси республиканинг транспорт-транзит салоҳиятини янада ривожлантиришга қаратилганини маълум қилган. Лойиҳа доирасида Қозоғистон–Ўзбекистон давлат чегараси орқали янги ўтказиш пункти очилиши кутилмоқда.

Сўнгги йилларда Марказий Осиё давлатлари темирйўл орқали юк ва йўловчи ташиш ҳажмини оширишга алоҳида эътибор қаратмоқда.

Озодлик янги йил арафасида узунлиги 486 километрни ташкил этувчи Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темирйўлига тамал тоши қўйилгани ҳақида хабар қилган эди.

Қашғар – Торугарт – Макмал – Жалолобод – Андижон йўналиши бўйлаб ўтадиган халқаро темирйўлнинг йиллик юк ташиш ҳажми 15 миллион тоннагача етиши, товарни якуний истеъмолчига етказиш муддати 7 кунга қисқариши кутилмоқда.

2024 йил 16 ноябридан Олмаота – Туркистон – Тошкент – Олмаота йўналиши бўйича илк темирйўл саёҳат дастури ҳам йўлга қўйилганди.

Тадбиркор фаолиятини асоссиз тўхтатган ҳоким жазоланди

Тадбиркор фаолиятини асоссиз равишда тўхтатган Қарши ҳокими суд қарори билан 1 миллион 875 минг сўм миқдорида жарима тўлайдиган бўлди
Тадбиркор фаолиятини асоссиз равишда тўхтатган Қарши ҳокими суд қарори билан 1 миллион 875 минг сўм миқдорида жарима тўлайдиган бўлди

Қашқадарё вилояти Қарши шаҳри ҳокими Нормўмин Холбоев тадбиркорга тегишли савдо дўкони фаолиятини асоссиз тўхтатгани учун жавобгарликка тортилди.

Daryo.uz нашрининг хабар қилишича, ҳоким “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги қонун талабларини бузиб, савдо дўкони фаолиятини тўхтатиш ҳақида ноқонуний топшириқ бергани ортидан Президент ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонининг вилоят шўъбаси бош инспектори қарори билан базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) 40 баравари миқдорида (15 миллион сўм) жаримага тортилган.

Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳри судининг 2024 йил 4 ноябридаги қарорига асосан бизнес омбудсманнинг ушбу қарори ўзгартирилиб, жарима миқдори Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 33-моддасига асосан БҲМнинг 5 бараварига (1 миллион 875 минг сўм) туширилган.

Мазкур иш 2024 йил 27 декабрь куни Қашқадарё вилоят судининг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати кассация инстанциясида ҳам кўриб чиқилган. Судья Махфират Очилова раислигидаги ҳайъат ҳуқуқбузар Нормўмин Холбоевнинг шикоятини рад этган.

Кузатувчиларга кўра, ўз ҳудудида чексиз ваколатга эга ҳокимларнинг тадбиркорлар фаолиятига аралашуви одатий ҳолга айланган бўлса-да, уларнинг бу сира қилмиши учун жазоланиши камёб воқеа саналади.

Озодлик аввалроқ ҳокимларнинг тадбиркорлар ишига аралашуви муаммосини таҳлил қилганди.

Ўзбекистонликлар ҳам Германия визасини онлайн олиши мумкин

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

2025 йил 1 январидан эътиборан Германия бутун дунё бўйлаб Консуллик хизматлари порталини ишга туширди. Бу ҳақда мамлакат ташқи ишлар вазирлиги маълум қилди.

Шу тариқа Германиянинг жаҳон бўйлаб 167 та виза бўлими рақамли тизимга ўтмоқда. Бу эса кўплаб давлатлар фуқаролари Германия визасига онлайн ариза топшириши мумкинлигини англатади. Мазкур имконият тақдим этилган давлатлар сафида Ўзбекистон ҳам бор.

Биринчи январдан бошлаб Германияда ишлаш ёки ўқиш истагида бўлган Ўзбекистон фуқаролари Консуллик хизматлари портали ёрдамида виза олиш учун онлайн тарзда мурожаат қилиши мумкин. Эндиликда виза учун почта орқали ҳужжат юборишга ҳожат қолмайди.

Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок баёнотига кўра, мамлакат иқтисодиётига ҳар йили камида 400 минг нафар малакали ишчи керак бўлади. Рақамли хизмат кўрсатувчи Консуллик хизматлари порталининг ишга туширилиши ҳам хориждан малакали ишчиларни жалб этишга қаратилган чоралардан бири саналади.

ТИВ раҳбари таъкидича, онлайн виза тартиби узоқ вақт давом этадиган қоғозбозликка барҳам бериб, Германияни ишчи кучи ва талабалар учун янада жозибадор қилади.

Бербок виза учун онлайн мурожаат қилиш имкони яратилганини “чинакам маъмурий инқилоб” деб атаган.

Озодлик аввалроқ Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев мамлакат Ташқи ишлар вазирлигига бир қатор Ғарб давлатлари, жумладан, Германияда ўқиш, малака ошириш ҳамда ишлаш истагида бўлган фуқароларга енгиллик бўлиши учун виза тартибини соддалаштириш бўйича зарур чоралар кўришни топширгани ҳақида хабар қилган эди.

Ўтган йилнинг кузида Самарқандда ўзбек расмийлари билан ўтказилган музокара ортидан Германия ички ишлар вазири Нэнси Фезер ўзбекистонликлар учун ишчи визасини бериш тартиби енгиллаштирилиши мумкинлигини айтганди.

Ўзбекистон фуқароси ўндан зиёд украиналикни ўлдирганини тан олди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Жиноят ишлари бўйича Андижон шаҳри суди Россия армияси сафида Украинага қарши жанг қилган Ўзбекистон фуқаросига нисбатан ҳукм чиқарган. 2024 йил 4 декабрь куни ўқилган ҳукмдан жамоатчилик қарийб бир ой ўтиб хабар топмоқда.

Gazeta.uz нашрининг тергов-суд ҳужжатларига таянган ҳолда ёзишича, 2023 йил апрель ойида мавсумий иш топиш мақсадида Москвага борган 39 ёшли Т.А. Россия Федерацияси Қуролли кучлари сафига қўшилиш ҳамда Украинага қарши ҳарбий ҳаракатларда қатнашишга қарор қилган.

2023 йил 21 июлида Россия Қуролли кучлари билан 625-сонли шартнома тузган судланувчи ўша йилнинг декабригача Украинанинг Шахтёрск ва Бахмут шаҳарларида олиб борилган жангларда қатнашган.

39 ёшли Т.А.га жанговар ҳаракатларда қатнашгани учун ойига 450 минг рубль (ўша пайтдаги курс бўйича тахминан 4950 доллар/57,5 миллион сўм) ваъда қилинган. Аввалига у 150 минг рублдан икки бор мояна олган, аммо кейин тўловлар тўхтаган.

2023 йил 31 декабрь куни фуқаро Қозоғистон чегарасини кесиб ўтиб, Ўзбекистонга қайтган. Шундан сўнг у ўз ихтиёри билан ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилган ва Россия Қуролли кучларида хизмат қилганини тасдиқловчи барча ҳужжатларни тақдим этган, дейилган тергов ҳужжатида.

Суд йиғилишида судланувчи қилмишидан пушаймонликни билдириб, буни оғир моддий аҳволи ва оиласининг ягона боқувчиси экани билан изоҳлаган.

Судланувчи жанговар ҳаракатлар мобайнида ўндан ортиқ украиналик ҳарбийни ўлдирганини тан олган.

Суд уни Ўзбекистон Жиноят кодекси 154-моддасининг 1-қисми (ёлланиш / 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади) ва 154−1-моддасининг 1-қисми (хорижий давлатларнинг ҳарбий хизматига кириш, ёлланиш / БҲМнинг 300 бараваригача жарима ёки 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади) билан айбдор деб топган.

Қайд этилишича, суд жазони енгиллаштирувчи ҳолатларни (айбига тўлиқ иқрорлиги, пушаймонлиги, муқаддам судланмагани, оилавий аҳволи ва уч фарзанди борлиги) инобатга олиб, унга 4 йилу 2 ой муддатга озодликдан чеклаш жазосини тайинлаган.

Таҳлилларга қараганда, Украинада Россия қўшини сафида жанг қилаётганлар орасида ўзбекистонликлар кўпчилик ташкил қилади. Улар асосан Россияда судланиб, қамоқхонада жазо ўтаётган кишилардир. Бироқ ёлланмалар орасида РФ фуқаролигини олиш ёки пул ишлаш мақсадида ўз ихтиёри билан урушга кетганларни ҳам учратиш мумкин.

Озодлик аввал хабар қилганидек, 2024 йил октябрь ойида рус армиясига ёлланган самарқандлик эркакка 3 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Россиянинг “Вагнер” хусусий ҳарбий ширкати сафида ярим йил мобайнида Украинада жанг қилган фуқаро Ш.Йўлдошевга нисбатан Оҳангарон тумани суди томонидан 2 йилу 6 ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинлангани ҳам маълум.

Статистика агентлиги: Ўтган йили инфляция даражаси қарийб 10 фоизга етди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Ўтган йили Ўзбекистонда йиллик инфляция кўрсаткичи 9,8 фоизни ташкил қилган. Бу 2023 йилдаги кўрсаткичдан 1,03 фоизга (бир йил муқаддам 8,77 фоиз эди) кўпдир. Бу ҳақда Статистика агентлиги мамлакатдаги истеъмол нархлари индексига оид ҳисоботида билдирган.

2024 йилнинг сўнгги ойида (декабрь) мамлакатда инфляция 1,04 фоизни ташкил қилган. Агентлик қайдича, бу охирги беш йил ичида энг паст кўрсаткич бўлиб ҳисобланади.

Ҳисоботдан келиб чиқилса, декабрь ойида озиқ-овқат маҳсулотлари нархи 1,8 фоизга ошган. Айни пайтда ноозиқ-овқат маҳсулотлари 0,7 фоизга қимматлаган, пулли хизматлар қиймати эса 0,4 фоизга ошган.

Ўзбекистон Марказий банки биринчи ярим йилликда мамлакатда умумий инфляция йиллик 10,6 фоиз даражасида шаклланаётгани ҳақида маълум қилган эди.

Туркманистондан кираётган юк машиналари учун йиғимлар оширилди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Ўзбекистонда хорижий ўлкалар автотранспорт воситаларининг мамлакатга кириши ва унинг ҳудуди орқали транзити учун йиғимлар ставкалари қайта кўриб чиқилди. 2025 йилга мўлжалланган Давлат бюджети тўғрисидаги қонундаги бу ўзгаришга Gazeta.uz нашри эътибор қаратган.

Ҳужжатда Туркманистонда рўйхатдан ўтган юк машиналарининг кириши учун тўловлар сезиларли даражада оширилганини кўриш мумкин. Жорий йилнинг 1 январидан эътиборан улардан тоннасига қараб тўлов олинади, хусусан, 10 тоннагача — битта юк машинаси учун 130 доллар (аввал 50 доллар бўлган), 10 тоннадан 20 тоннагача — 180 доллар (аввал 100 доллар бўлган), 20 тоннадан ортиқ — 250 доллар (аввал 150 доллар бўлган).

Туркманистоннинг юк автотранспорт воситаларидан учинчи мамлакатлардан юкларни ташиш ва Ўзбекистон ҳудудидан юкларни олиб чиқиш учун эса қўшимча йиғим суммаси 200 долларга (175 доллардан 375 долларга) оширилади.

Европа Иттифоқи давлатлари ва Озарбайжон учун мамлакатда бўлиш вақти бўйича табақалаштирилган тарифлар жорий этилган: 14 кунгача киришда 80 доллар, 14 кундан ортиқ — 280 доллар.

“Ушбу йиғимнинг транспорт воситасини Ўзбекистон ҳудудига киришда ҳисобланган суммаси транспорт воситасини Ўзбекистондан чиқишда қайта ҳисобланиши мумкин. Қайта ҳисоблаш транспорт воситасининг мамлакатда ҳақиқатда бўлиш муддатига боғлиқ”, дейилган нашр хабарида.

Шунингдек, Ўзбекистонга киришда хорижий давлатлар ташувчиларига юкларни автомобилда халқаро ташишга доир рухсатномаларнинг миллий ташувчилар эҳтиёжидан ортиқчасининг ҳар бир донасини реализация қилиш учун 400 АҚШ доллари миқдоридаги йиғим белгиланиши кўзда тутилган. Бунда транзит рухсатномаси учун ушбу йиғим ставкасига нисбатан 0,5 камайтирувчи коэффициент, учинчи мамлакатларга (дан) юк ташиш рухсатномаси учун 2,0 кўпайтирувчи коэффициент қўлланилади.

Эрон автотранспорт воситаларидан Ўзбекистон ҳудудига киргани ва унинг ҳудуди орқали транзити учун йиғимлар ставкаси тенглик асосида “0” этиб белгиланади.

Қолган мамлакатлар учун тўловлар аввалги даражада сақлаб қолинган, хусусан, Тожикистон — тоннаcига қараб 100−150−200 доллар, Қозоғистон — 300 доллар, Қирғизистон — 300 доллар, Афғонистон — 50 доллар, қолган давлатлар эса 400 доллар миқдорида.

Октябрь ойида Ўзбекистон ва Туркманистон транспорт хизматлари учун тўловларни тенг ва шаффоф асосда олишга келишишган. Маълумотларга кўра, 2025 йилдан бошлаб миллий ташувчилар учун йиғимлар тенглаштирилади.

Янги йилнинг илк кунида Ўзбекистонда мингдан зиёд бола туғилди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

2025 йилнинг 1 январь куни Тошкент вақти билан соат 17:00 ҳолатига кўра Ўзбекистонда жами 1040 нафар чақалоқ дунёга келган. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумот тарқатди.

Вазирлик қайдича, туғилган чақалоқларнинг 492 нафари ўғил, 548 нафари қиз.

Энг кўп туғилиш Фарғона вилоятида (154 нафар) қайд этилган. Айни куни Қашқадарё вилоятида 119 нафар, Тошкент шаҳрида 112 нафар, Самарқанд вилоятида эса 101 нафар бола туғилган. Туғилиш бўйича энг паст кўрсаткич Навоий вилоятида — 18 нафар.

Чақалоқларнинг орасида еттитаси эгизак (олтитаси икки ҳомилали, биттаси уч ҳомилали).

Ўзбекистонда аҳоли сони ўсиб бораётганига қарамай, туғилиш йилдан йилга қисқариб бораётганини кузатиш мумкин. Бу ҳолатни сўнгги йиллардаги Янги йил биринчи кунида туғилган чақалоқлар сонида ҳам кўриш мумкин. ССВ маълумотига кўра, 2020 йилнинг илк кунида 1111 нафар, 2021 йилда — 1086 нафар, 2022 йилда — 1448 нафар, 2023 йилда — 1312 нафар, 2024 йилда эса 1043 нафар чақалоқ дунёга келгани қайд этилган.

Қаровсиз қолган 15 нафар бола Россиядан қайтарилди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси томонидан РФ ҳудудида ота-она қарамоғисиз қолган 15 нафар вояга етмаган бола ватанига қайтарилган. Бу ҳақда хабар қилган “Дунё” ахборот агентлиги бу ишни дипломатик ваколатхона Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Ички ишлар ва Соғлиқни сақлаш вазирликлари билан биргаликда амалга оширганини урғулади.

Қайд этилишича, Ўзбекистондан Россияга бор ишчи гуруҳ қаровсиз қолган болаларга оид зарур ҳужжатларини йиғиш мақсадида икки ҳафта давомида РФнинг турли ҳудудларида бўлган.

Ҳудудлардан йиғилган ёрдамга муҳтож ўзбекистонлик болаларнинг барчаси аввалига Москва шаҳридаги вояга етмаганлар учун мўлжалланган ижтимоий реабилитация марказига жойлаштирилган, кейин эса улар Ўзбекистонга қайтарилган.

Хабарга мувофиқ, вояга етмаган болалар Ўзбекистонда яқин қариндошларига ёки мамлакатдаги махсус болалар муассасаларига топширилади.

Бу Россияда қаровсиз қолган болаларнинг Ўзбекистонга илк бора қайтарилиши эмас. Дейлик, шу йилнинг сентябрь ойи бошида Россияда ота-она қарамоғисиз қолган қийин вазиятга тушиб қолган 14 нафар, август ойида эса 31 нафар бола Ўзбекистонга олиб келингани ҳақида хабар қилинган.

Бухоро НҚИЗ маҳсулотлари энди фақат биржа орқали сотилади

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи ишлаб чиқараётган автобензин дохил барча турдаги нефть маҳсулотлари 2025 йилнинг 1 январидан бошлаб фақат биржа савдолари орқали сотувга чиқарилади. Бу ҳақда “Ўзбекнефтгаз” матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Хабарномада бугунги кунда Ўзбекистонда товарлар ва хизматлар бозорида рақобат муҳитини пайдо қилиш, монополияни босқичма-босқич камайтириш, тақсимлаш тизими унсурларини тугатиш, хўжалик юритувчи барча субъектларнинг моддий-техника ресурслар билан таъминланишида тенг шарт-шароитларни яратиш юзасидан амалий ишлар олиб борилаётгани қайд этилган.

Айни пайтда унда мамлакат аҳолисининг автобензинга бўлган талабини бир маромда қондириш масаласи давлат назоратига олингани урғуланган.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ октябрь ойи охиридан АИ-92 бензинини товар-хом ашё биржасига чиқаришни бошлаган. Ўшанда Бухоро НҚИЗда ишлаб чиқариладиган бензиннинг бир тоннаси 11,5 миллион сўмдан сотилаётгани, бироқ бензин нархини пасайтиришга уринилаётгани айтилган эди.

Ўзбекистон, Қозоғистон ва Озарбайжон “яшил” энергетика йўлагига оид таъсис шартномасини имзолашди

Ўзбекистон, Қозоғистон ва Озарбайжон энергетиклари онлайн-учрашувидан лавҳа
Ўзбекистон, Қозоғистон ва Озарбайжон энергетиклари онлайн-учрашувидан лавҳа

Ўтган ҳафта якунида Ўзбекистон, Қозоғистон ва Озарбайжон ўртасида “яшил” энергетика йўлаги тўғрисидаги таъсис шартномасига қўл қўйилди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Вазирлик қайдича, мазкур ҳужжат уч мамлакатнинг тизим операторлари — “Ўзбекистон миллий тармоқлари” АЖ (Ўзбекистон), “КEГОC” АЖ (Қозоғистон) ва “Азерэнержи” ОАЖ (Озарбайжон) мутасаддилари тарафидан имзоланган.

“Яшил йўлак” деб ҳам аталадиган ушбу лойиҳанинг амалга оширилиши Европа Иттифоқининг “Яшил битим” каби янги ташаббусларини ҳисобга олган ҳолда савдо имкониятларини оширади”, дейилган Энергетика вазирлиги хабарномасида мазкур лойиҳа иштирокчи мамлакатлар энергетика тизимлари барқарорлигини мустаҳкамлашга ёрдам бериши ҳамда “яшил” инвестициялар орқали иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтириш бўйича экологик мақсадларга катта ҳисса қўшиши урғуланган.

Қайд этилишича, томонлар Озарбайжон пойтахтида лойиҳани амалга ошириш бўйича қўшма корхона ташкил этиш таклифини қабул қилишган.

Ўзбекистонда 2030 йилгача “яшил” энергия ишлаб чиқариб, унинг ортиқча қисмини Қозоғистон ва Озарбайжон орқали Европа мамлакатларига экспорт қилиш режаланган. Аммо қатор йиллардан буён электр энергияси тақчиллиги кузатилаётган мамлакатда бу режа нақадар муваффақиятли амалга оширилиши мумкинлиги ҳозирча тушунарсиз бўлиб қолмоқда.

Наманганлик аёл ўзи билан икки фарзандини каналга отди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Наманган шаҳри Темир кўчасида яшаган 25 ёшли аёл ўзи ҳамда 3 ва 1 яшар ўғилларини Шимолий Фарғона каналига ташлаган. Аёл ҳалок бўлган, икки норасида эса қутқариб қолинган.

20 декабрь куни рўй берган ҳодисадан жамоатчилик ва матбуот бир ҳафтадан кўпроқ вақт ўтиб хабар топмоқда.

Daryo.uz нашрининг Бош прокуратура матбуот хизматига таянган ҳолда ёзишича, аёлнинг ўзи ва болалари жонига қасд қилишга уринишига турмуш ўртоғи билан узоқ муддатдан буён бирга яшамаётгани, оилавий келишмовчилик сабаб руҳиятида ўзгариш рўй бергани сабаб бўлган.

Фожиа рўй берган вақтда мазкур ҳудуддан ўтиб кетаётган фуқаролар икки нафар вояга етмаган боланинг ҳаётини сақлаб қолишган. Аммо аёл чўкиб ўлгани, жасад Наманган вилояти қўриқлаш бошқармаси ходимлари томонидан каналидан чиқариб олингани айтилмоқда.

Наманган шаҳри прокуратураси ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 25, 97-моддаси 2-қисми “а, в” бандлари (қасддан одам ўлдириш икки ёки ундан ортиқ шахсни; айбдорга аён бўлган ожиз аҳволдаги шахсни) билан жиноят иши қўзғатган.

Ҳаёт зарбаларига учраган аёлларнинг ўзини каналга отиши Ўзбекистонда илк бор кузатилаётгани йўқ.

Озодлик аввал хабар қилганидек, 2019 йилда Самарқандда тўрт боланинг онаси бўлган Г. Ҳ. исмли аёл Дарғом каналига ўзини ташлаб, жонига қасд қилган эди. Аёлнинг ёнида бўлган 6 яшар қизчасини канал яқинидаги фуқаро қутқариб қолган.

2016 йилда Фарғона вилояти Риштон туманида яшаган 26 яшар аёл шаръий никоҳдаги эри ўз боласини тан олмагани ва алимент тўлашдан бош тортгани сабаб 11 ойлик ўғлини Катта Фарғона каналига чўктирганди.

Ўзбекистон муфтийси хўжакўрсин маросимларни танқид қилди

Ўзбекистон муфтийси Нуриддин Холиқназаров (архив сурати)
Ўзбекистон муфтийси Нуриддин Холиқназаров (архив сурати)

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназаров тўйлар, оилавий тантаналар, марҳумлар хотираси, ҳаж ва умрага бориб-келувчиларни кутиб олишга бағишланган йиғинларда кимўзар пойга, риё ва исроф кучайиб кетганини “ўзбек халқининг жиддий муаммоларидан бири” деб атади.

Муфтий таъкидича, мамлакатдаги имом-хатиблар томонидан тўй-маърака маросимлардаги исрофгарчилик, умра зиёратидан қайтгандан кейин ҳар хил хўжакўрсин маросимлари уюштиришдек иллатларнинг олдини олиш юзасидан тарғибот ишларини амалга ошириши зарур.

“Аллоҳ таоло ато этган мол-дунёни исроф қилиш катта гуноҳ” эканини урғулаган муфтий Нуриддин Холиқназаров мусулмонларни “топганини савобли ишларга сарфлаб, бева-бечора, ночор, муҳтожларга ёрдам бериш ва улкан савобга эга бўлиш”га даъват этган.

Айни пайтда исрофгарчилик ва дабдабабозларга тушунтириш ишларини кўпайтиришда зиёлилар, отахон ва онахонларнинг ҳам қатнашиши мақсадга мувофиқ экани эслатилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси кўрсатмасига мувофиқ, эндиликда ҳар бир марказий масжид бештадан эҳтиёжманд оилани оталиққа олиб, уларнинг фарзандларини ўқув курсларида ўқитиши, касб-ҳунарга ўргатиши ва доимий даромадга эга бўлишига кўмаклашади. Ҳар бир туман-шаҳар бош имом-хатиби ҳудудидаги камида битта мактабни ҳомийларни жалб этган ҳолда таъмирлаш ишларига ёрдам кўрсатади.

“Вақф” хайрия жамоат фонди эса Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги билан ҳамкорликда кам таъминланган оилалар фарзандлари бўлган 200 нафар ёшни касбга ўргатиш ва иш билан банд қилишга масъул саналади.

Ўзбекистонда тўй, маросимлардаги дабдабабозлик ва исрофгарчилик кўпдан буён танқид қилиб келинади.

Бир неча йил аввал сенаторлар тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумлар хотирасига бағишланган тадбирларни ихчам, камхарж ва дабдабасиз ўтказиш зарурлигини таъкидлашганди.

2017 йилда президент Шавкат Мирзиёев тўйлардаги исроф ва дабдабани кескин танқид қилиши ортидан мамлакатда турли оммавий маъракаларни ихчамлаштиришга қаратилган кампания бошлангани маълум.

Экология вазирлиги Шаҳрам Ғиёсовнинг айиқ билан “cпарринг”ини ўрганмоқда

Айиқ билан олишаётган боксчи Шаҳрам Ғиёсов (видеодан скриншот)
Айиқ билан олишаётган боксчи Шаҳрам Ғиёсов (видеодан скриншот)

Ўзбекистон Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ижтимоий тармоқларда тарқалган боксчи Шаҳрам Ғиёсов айиқ билан кураш тушаётгани акс этган видео юзасидан муносабат билдирди.

Айни дамда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан ҳолат ўрганилмоқда. Ўрганиш натижаларига кўра батафсил маълумот берилади ва ҳуқуқбузарларга нисбатан қонуний тартибда чора кўрилади”, дейилган баёнотда.

Экология вазирлиги ҳайвонларга нисбатан ҳар қандай шафқатсиз муносабат қораланиши ва бундай ҳаракатлар қонунга кўра жавобгарликка сабаб бўлишини урғулаган.

Бир неча кун аввал ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода бокс бўйича жаҳон чемпиони ва Олимпиада кумуш медали совриндори Шаҳрам Ғиёсов спорт залида тумшуғбоғдаги айиқ билан жанг қилиб, жониворни бир неча бор чалқанчасига йиқитганини кўриш мумкин. “Спарринг” давомида бошқа бир киши айиқни жиловда ушлаб турган.

Ижтимоий тармоқларда спортчининг бу ҳаракатлари кескин қораланди.

“Меҳр ва оқибат” ҳайвонларни ҳимоя қилиш жамияти ҳолат юзасидан Ички ишлар ва Экология вазирликларига мурожаат қилди.

Айиқ билан “спарринг” бўлиб ўтган Buka Gym спорт зали эгаси ҳодиса юзасидан узр сўраб чиқди.

Биз ушбу видео ортидан ҳайратга тушган барча ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан узр сўраймиз. Биз ҳайвонларни яхши кўрамиз ва доимо уларни ҳимоя қиламиз”, дея иқтибос келтирган Gazeta.uz нашри Buka Gym компанияси вакилидан.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг “Ёввойи ҳайвонларни сақлаш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, 2025 йил 1 январидан эътиборан жисмоний шахслар томонидан ярим эркин шароитларда, сунъий яратилган яшаш муҳитида ёки тутқунликда сақланиши тақиқланган ёввойи ҳайвонлар рўйхати тасдиқланган. Бу рўйхатга айиқ ҳам киритилган.

Ҳукумат ҳужжатига мувофиқ, бошқа ҳайвонлар қатори айиқларни ҳам давлат ва мобил циркларида (шапитолар) сақлаш ҳамда улардан цирк томошаларини ўтказиш мақсадларида фойдаланиш ман этилади.

Янги Тошкентда вазирликлар учун муваққат бинолар қуриляпти

Янги Тошкент лойиҳаси
Янги Тошкент лойиҳаси

Президент Шавкат Мирзиёев 28 декабрь куни Янги Тошкент вазирлик ва идоралар ишини ташкил этиш учун қурилаётган вақтинчалик маъмурий бинолар билан танишди.

Ҳозир енгил конструкциялардан 4 та бино ва ёрдамчи иншоотлар барпо этилган. Бунда тўлиқ маҳаллий қурилиш материалларидан фойдаланилган. Офислар “open space” услубида бўлиб, ҳар бирида 250 нафаргача ходим фаолият юритиши мумкин”, дейилган президент матбуот хизмати хабарномасида.

Қайд этилишича, муваққат бинолар вазирлик ва идоралар ишини босқичма-босқич шу ерда ташкиллаштириш имконини беради ва Тошкентдаги тирбандликни камайтиришга хизмат қилади.

Расмий ахборотда қайси вазирликлар, қай муддатдан бошлаб Янги Тошкентга кўчирилиши очиқланмаган.

Президент Мирзиёев аввалроқ Янги Тошкент “яшил шаҳар” бўлишини айтган эди. Режага мувофиқ, “Тошкентнинг яшил белбоғи” лойиҳаси шу ердан бошланади. 420 гектар майдонда Марказий боғ барпо этилиб, 200 минг туп дарахт экилади.

Бунинг учун иш ҳозирдан бошланиб, 50 гектар майдонда кўчатхона ташкил этилгани, иссиқхона, қозонхона, кўчатларни сақлаш ва суғориш тизимлари барпо этилгани билдирилган.

Янги Тошкент пойтахтнинг жануби-шарқида, Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ ва Ўрта Чирчиқ туманларига тегишли ҳудудда қурилмоқда. Туманнинг биринчи яшаш ва инфратузилма объектларини қуриш ишлари жорий йил апрель ойида бошланган. Асосий объектлар қурилишини 2045 йилда якунлаш режалаштирилган.

Озодлик аввалроқ пойтахтдаги ижроия ҳокимияти органлари 20 минг гектарни эгаллайдиган Янги Тошкент тумани ҳудудига кўчирилиши режалаштирилаётгани ҳақида хабар қилган эди.

Андижонда конякдан заҳарланган 22 кишининг 5 нафари вафот этди

Андижон вилоятида “Ўзбекистон” номли коняк спиртли ичимлиги истеъмол қилиши оқибатида заҳарланган 22 кишининг беш нафари вафот этган.

Бу ҳақда Андижон вилояти прокуратураси ўзининг Телеграм каналида хабар қилди. Расмий маълумотга кўра, 22-26 декабрь кунлари Ўзбекистон Республикаси акциз маркаси ёпиштирилган “Ўзбекистон” номли коняк спиртли ичимлиги истеъмол қилганлар ўткир заҳарланиш ташхиси билан шифохонага ётқизилган.

Хабарда ёзилишича, шифокорлар томонидан кўрсатилган зарур тиббий ёрдамга қарамасдан, уларнинг 5 нафари вафот этган.

Мазкур ҳолат юзасидан вилоят прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган ва дастлабки тергов ҳаракатлари вилоят ИИБ тергов департаменти, ИЖҚК департаменти терговчиларидан иборат тезкор тергов гуруҳи томонидан олиб борилмоқда.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG