Халқаро хабарлар
Блинкен: Сулҳ Путинга қайта ҳужум учун нафас ростлашга имкон беради
АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен The New York Times нашрига берган катта интервьюсида бошқа масалалар қатори Украинадаги уруш ва уни тўхтатиш имкониятлари масаласига ҳам тўхталган.
“Биз Россия ҳамкорликка тайёрлигига ишора қилувчи ҳеч қанақа аломат кўрмаяпмиз”, деган Блинкен “агар оташкесим бўлса, у Путинга нафас ростлаб олиб ва қайта қуролланиб, яна ҳужумга ўтиш учун вақт бериши”ни урғулаган.
Блинкен баёноти жаҳон оммавий ахборот воситалари томонидан сўнгги пайтларда Украина келажаги ҳақида АҚШ билан Россия ўртасида парда ортида ўтказилаётган муҳтамал музокараларга оид хабарлар тарқатилаётгани манзарасида янгради.
Айни пайтда интервьюда Блинкен АҚШ президенти лавозимини тарк этаётган Жо Байден маъмуриятининг “муваффақиятлар”и ҳақида сўз юритган. Давлат котиби фикрича, айнан ўзи ишлаётган маъмурият саъй-ҳаракатлари Украинанинг “оёқда қолиши”га имкон берган, ҳозирда кузатилаётган фронт чизиғи эса “энди сезиларли даражада ўзгармаса керак”.
Блинкен ўзи мансуб бўлган маъмурият энг аввало Украина давлатини қолдираётгани, чунки Путин бу мамлакатни харитадан ўчириб ташлашни истаганини урғулаган.
“Биз Путинни тўхтатиб қолдик. У муваффақиятсизликка учради. Украина жойида турибди. Мен унинг нафақат ҳаётда қолиш, балки келажакда гуллаб-яшнаш потенциали бор, деб ўйлайман”, деган АҚШ Давлат котиби.
Шу билан бирга, Блинкен уруш бошидан бери Байден маъмурияти “Россия билан тўғридан-тўғри можарога йўл қўймаслик учун” қўлидан келган барча ишни қилганини эътироф этган.
Интервью президент Байден ва унинг Блинкен дохил бутун маъмурияти ваколатлари муддати тугашига икки ҳафта қолганида чоп қилинган.
Кун янгиликлари
Тибетда рўй берган кучли зилзилада 53 киши қурбон бўлди
Хитойнинг Тибет мухтор районида 7 январь тонгида содир бўлган кучли ер силкиниши натижасида, сўнгги маълумотларга кўра, 53 киши ҳалок бўлган, 60 дан зиёд одам яраланган. Зилзила магнитудаси 6,8 баллни ташкил этган.
Зилзила эпимаркази Тингри уездида 10 километр чуқурликда бўлгани айтилмоқда. Би-би-си қайдича, зилзила кучи Тибетнинг энг муқаддас шаҳарларидан бири ҳисобланмиш Шигадзеда ҳам сезилган. Бу ерда Тибет буддавийлигида обрў-эътиборига кўра фақат Далай-ламадангина қуйида турадиган Панчен-ламанинг қароргоҳи жойлашган.
Ер силкиниши қўшни Непал ва Ҳиндистонда ҳам ҳис этилган. Табиий офат содир бўлган жойда қидирув-қутқарув ишлари олиб борилмоқда. Зилзила ҳудудига 1,5 мингдан зиёд қутқарувчи йўлланган.
Йирик геологик синиқ чизиғида жойлашган бу минтақа учун зилзилалар одатий ҳол бўлиб ҳисобланади.
Бразилия Индонезиянинг БРИКСга қўшилганини эълон қилди
Индонезия 2006 йилда Россия, Бразилия, Ҳиндистон ва Хитой томонидан тузилган иқтисодий блок — БРИКСга расман қўшилган. Бу ҳақда 6 декабрь куни Бразилия ҳукумати томонидан тарқатилган расмий хабарномада айтилган. Бу йил мазкур ташкилотга Бразилия раислик қилмоқда.
Индонезиянинг БРИКСга қўшилишга тайёр экани ҳақида Жакарта ўтган йил октябрида Қозон шаҳрида бўлиб ўтган саммитда билдирган эди. Индонезия аҳоли сони бўйича дунёдаги тўртинчи давлат бўлиб ҳисобланади, бироқ унинг иқтисодиёти ҳатто энг йирик иқтисодиётлар ўнлигига ҳам кирмайди.
Бу Жануби-Шарқий Осиёда БРИКСга тўлиқ аъзо бўлган илк мамлакатдир. Январь ойидан Малайзия ва Таиланд шерик мамлакатга айланишган. Аввалроқ Индонезия ҳам шу мақомда бўлиши кераклиги айтилганди. Бу борада ҳали расмий Жакарта изоҳ берганича йўқ.
Аввалроқ Ўзбекистон, Қозоғистон, Беларусь, Боливия, Индонезия, Куба, Малайзия, Таиланд ва Уганда 2025 йилнинг 1 январидан БРИКСда расман шерик давлат мақомига эга бўлиши ҳақида хабар қилинган эди.
Даставвал Бразилия, Россия, Ҳиндистон, Хитой ва Жанубий Африка кирган БРИКСга 2024 йилда Эрон, Бирлашган Араб Амирликлари, Эфиопия ва Миср аъзо бўлиб кирган.
2024 йилда Малайзия ва Озарбайжон БРИКСга аъзо бўлиш учун расман ариза йўллаган.
Канада бош вазири Жастин Трюдо истеъфога чиқишини эълон қилди
Канада бош вазири Жастин Трюдо Либерал партия лидери мақомини, шу билан бирга ҳукумат раҳбари лавозимини тарк этиши ҳақида эълон қилди.
Канада парламенти фаолияти 24 мартгача тўхтатилади. Канада Либерал партияси Трюдонинг ворисини танлаши лозим бўлади, у автоматик равишда мамлакатнинг янги бош вазирига айланади.
Давлатнинг янги лидери “умумхалқ мусобақа жараёни” натижасида сайланиши лозим, дея урғулаган Трюдо. У партия янги раис сайлаши билан ўз ваколатларини топширишини билдирган.
Трюдога кўра, яқин ойларда мамлакатда янги сайлов бўлиб ўтиши кутилмоқда. Унинг ўзи сайловларда иштирок этмоқчи эмас.
Шу йил октябрида Канадада галдаги парламент сайлови бўлиб ўтиши керак эди. Энди эса сайлов муддатидан илгари ўтказилиши мумкин.
Таҳлилчилар қайдича, Трюдонинг кетиши Канада Консерватив партиясини лидерлик мақомига қайтариши мумкин. Шундай бўлган тақдирда, унинг раиси Пьер Пуальевр Канаданинг кейинги бош вазирига айланиши мумкин. Бироқ Трюдо ўз нутқида Пуальеврнинг Канада сиёсий истиқболига оид қарашларини “тўғри эмас” деб атаган: “Бизга келажагимиз борасида некбинона қараш лозим. Пуальевр буни таклиф қилаётгани йўқ”.
Оммавий ахборот воситалари Трюдо истеъфога кетиши мумкинлиги ҳақида сўнгги бир неча ҳафтадан буён ёзиб келишаётганди. У молия вазири Христина Фриланд кутилмаганда истеъфога чиқиши ортидан муаммоларга дуч келган.
Фриланд Трюдога йўллаган ва кейинчалик ижтимоий тармоқларда чоп этилган мактубида бош вазир унга ҳукуматда бошқа лавозимга ўтишни таклиф қилганидан кейин ўзида истеъфога чиқишдан бошқа чора қолмаганини билдирган.
Христина Фриланд Трюдонинг иқтисодиётни бошқаришга ёндашувини ҳам танқид қилган ва бош вазирни АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трампдан келаётган хатарга қарши тура олиш учун Канада провинциялари раҳбарлари билан биргаликда ишлашга чақирган.
Ижтимоий сўров натижаларига кўра, 2024 йил декабрь ҳолатига кўра Трюдо бошқарувини канадаликларнинг фақат 22 фоизигина маъқуллайди, бу Трюдо ҳокимият тепасига келганидан бери энг қуйи кўрсаткичдир. У Канада Либерал партиясига 2013 йилдан буён раҳбарлик қилиб келаётган эди. 2015 йилда эса Трюдо мамлакат тарихида энг ёш бош вазирга айланган.
Бокуда жосусликда гумонланаётган франциялик устидан суд бошланди
Бокуда 6 январь куни Франция фуқароси бўлган Мартин Райан устидан суд бошланди. Озарбайжон расмийлари уни жосусликда айблашмоқда. Маълумотларга кўра, Райан “айбини қисман тан олган”. Мазкур айблов бўйича унга 10 йилдан 15 йилгача қамоқ жазоси тайинланиши мумкин.
Мартин Райан 2023 йил декабрида ҳибсга олинган эди. У Бокуда 2020 йилдан буён фаолияти юритиб келаётган Merkorama савдо фирмасига раҳбарлик қилиб келаётган эди. Фирма Озарбайжонда бизнес юритиш ва экспорт масалалари бўйича бошқа хорижий ширкатларга маслаҳатлар ҳам бериб келган.
Айблов версиясига кўра, Райан Озарбайжоннинг Туркия, Эрон ва Покистон билан ҳарбий ҳамкорлиги ҳақида маълумот тўплаган ҳамда озарбайжонликларни Франция разведкаси билан ҳамкорликка мойил қилиш билан шуғулланган. Райаннинг ўзи унга нисбат берилаётган хатти-ҳаракатларни амалга оширганини, бироқ буни қасддан амалга оширмагани ва улар жиноят ҳаракати ўлароқ баҳоланиши мумкинлигини билмаганини эътироф этган. Унинг адвокати мижози Франция махсус хизматлари томонидан алданганини айтган.
Райан билан биргаликда давлатга хиёнатда айбланаётган Озод Маммадий ҳам судланмоқда. Судда у ўзига билдирилган айбловни тан олган эмас.
Ҳуқуқбонлар Райан ва Маммадийнинг ишини сиёсийлаштирилган, деган фикрдалар, деб ёзмоқда “Кавказский узел” нашри.
Франция билан Озарбайжон ўртасидаги муносабатлар 2023 йили Тоғли Қорабоғ атрофидаги можаро таранглашган пайтда Париж Ереванни дастаклаб чиққани ортидан ёмонлашган. Арманистон Франциядан зирҳли техника сотиб олишни бошлаган, 2024 йил февралида эса Франция мудофаа вазири Себастьен Лекорню, зарурат туғилган тақдирда, Париж Арманистонга ҳаводан мудофаа тизимлари учун ракеталар етказиб беришга тайёрлигини билдирган.
2024 йилнинг январь ойида Франция Сенати Бокунинг Тоғли Қорабоғдаги хатти-ҳаракатлари туфайли Европа Иттифоқини Озарбайжонга қарши санкциялар жорий этишга чақирган резолюцияни маъқуллаган, май ойида эса Париж Янги Каледонияда (Франциянинг Тинч океанидаги ҳудуди) рўй берган оммавий тартибсизликларда Озарбайжонни айблаб чиққан. Озарбайжонлик сиёсатчилар бу баёнотларни асоссиз дея рад этишган.
Шимолий Корея ўрта манзилли баллистик ракета учирди
Шимолий Корея Япон денгизи тарафга ўрта манзилли баллистик ракета учирди. Бу ҳақда Yonhap агентлиги Жанубий Корея штаб бошлиқлари бирлашган қўмитасидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.
Ракета парвози маҳаллий вақт билан тақрибан соат 12 ларда Пхеньян яқинидан амалга оширилган, дея маълум қилишган ҳарбийлар. Бу КХДР томонидан янги йилда учирилган илк ракетадир. Қайд этилишича, ракета АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкеннинг Жанубий Кореяга сафари манзарасида учирилган.
Шимолий Корея томонидан сўнгги баллистик ракета 5 ноябрь куни − АҚШдаги президент сайлови арафасида учирилган эди.
Ўтган йилнинг 31 октябрида ҳам КХДР Япон денгизи томонига қарата қитъалараро баллистик ракета отган. Ким Чен Ин ракета синовини “душманларга жавоб” деб атаган.
БМТ Хавфсизлик кенгаши санкциялари Шимолий Кореяга ракета синовлари ўтказишни тақиқлайди. Айни пайтда Россия 2022 йилда Украинага босқин ортидан Пхеньянга қарши санкция тартибини мунтазам равишда бузаётганликда айблаб келинади. Москва бу айбловларни рад этиб келмоқда.
Асад режими ағдарилганидан буён Сурияга 115 мингдан зиёд фуқаро қайтди
2024 йил декабрь ойи бошида Башар Асад режими ағдарилганидан кейин Туркия, Иордания ва Ливан каби давлатлардан 115 мингдан зиёд суриялик ўз мамлакатига қайтиб келган. БМТ Қочқинлар ишлари бўйича олий комиссарлиги бошқармаси (ҚИОКБ) маълумотлари ана шундан далолат беради. Мазкур ҳисоботдаги маълумотлар расмий баёнотлар, иммиграция хизматлари ва чегара назорати статистикасига асосланган.
БМТ агентлиги қайдича, Сурия ичкарисида 664 мингга яқин киши бошқа жойларга кўчган бўлиб, уларнинг 75 фоизини аёллар ва болалар ташкил қилади.
Айни пайтда мамлакат ичида кўчганларнинг 486 минг нафари ўз жойларига, асосан Хама ва Ҳалаб вилоятларига қайтиб боришган.
“Қуролли тўқнашувлар, жиноятчиликнинг ортиши ва портламай қолган миналар дохил хавфсизликнинг йўқлиги вазият давом этаётгани тинч аҳоли вакиллари учун муаммо туғдиришда давом этмоқда ҳамда мамлакат ташқарисида яшаётган сурияликларнинг уйга қайтиш қарорига ўз таъсири кўрсатса керак”, дея қайд этишган БМТ ҚИОКБ вакиллари.
Декабрь ойида Башар Асад режими қулаганидан кейин Сурия чегара масканларида аввал мамлакатни тарк этган ва юртига қайтишга қарор қилган фуқаролардан иборат турнақатор навбатлар пайдо бўлгани ҳақида хабар қилинганди. Айни пайтда тартибсизликлардан чўчиб Сурияни тарк этганлар кам сонли кишилар ҳам қайд этилган.
БМТ ҚИОКБ, агар Сурияда сиёсий барқарорлик юзага келса, фуқаролар уруши ва сиёсий қатағонлар туфайли мамлакатдан чиқиб кетган сурияликлар 2025 йилда ёппасига уйларига қайтиши мумкинлигини урғулашган.
Reuters: ҲАМАС гаровдаги 34 нафар исроилликни озод этишга тайёр
Фаластиннинг ҲАМАС гуруҳи (АҚШ ва Европа Иттифоқида террор ташкилоти деб тан олинган) Исроил билан оташкесим битими доирасида озод этишга тайёр бўлган 34 нафар гаровдаги шахс рўйхатини тузган. Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар қилди.
ҲАМАС вакили агентлик билан суҳбатда Исроил билан қўшинларини Ғазо секторидан олиб чиқиб кетиш ҳақида келишувга эришилган тақдирдагина бу битим амалга ошиши мумкинлигини қайд этган. Гуруҳ вақтинча сулҳга эмас, жанговар ҳаракатларнинг тўлиқ тўхтатилишига ҳам эришмоқчи.
ҲАМАС 25 декабрь куни Исроилни қўшинларни олиб чиқиш, ўт очишни тўхтатиш ва гаровдагиларни озод қилиш бўйича янги шартларни олға сураётганликда айблаган. Бунга жавобан Исроил бош вазири Бинямин Нетаняху девонхонаси келишувларга эришилишига айнан ҲАМАС хатти-ҳаракатлари сабаб бўлаётгани, чунки ҳаракат аввал эришилган шартларга риоя қилмаётганини билдирган.
Исроилнинг Ynet нашри хабарига кўра, томонлар битимнинг асосий бандларини ўзаро мувофиқлаштириб бўлишган, бироқ бу ерда асосий баҳсли масала ҲАМАС томонидан илк босқичда озод этилажак гаровдагилар сони бўлиб турибди.
ҲАМАС гуруҳи 2023 йил 7 октябрида Исроил жанубига уюштирган ҳужуми чоғида 250 дан зиёд одамни гаровга олган. Уларнинг бир қисми музокаралар давомида озод этилган. Исроил маълумотига кўра, Ғазога олиб кетилган гаровдагиларнинг қолгани 101 нафар киши бўлиб, улардан 51 нафари тирик. Гаровга олинган шахсларни озод қилиш бўйича ҲАМАСчилар билан сўнгги ойларда олиб борилган музокараларда олға силжиш бўлган эмас.
Словакия бош вазири украиналик қочқинларга ёрдамни қисқартириш билан таҳдид қилди
Словакияда Украина ҳудуди орқали Россия гази етказиб берилишининг тўхтатилишига нисбатан жавоб чоралари муҳокама қилинади. Бу ҳақда мамлакат бош вазири Роберт Фицо билдирди.
Фицо етакчилигидаги Smer партияси Украинага электр энергияси етказиб берилишининг тўхтатилиши, украиналик қочқинларга ёрдам қисқартирилиши масалаларини кўриб чиқади ҳамда газ транзити тикланиши ёки бош вазир сўзларига кўра, Россия гази етказиб берилмай қўйилгани туфайли Словакия кўрган зарар учун товон талаб қилади. Фицо ҳисоб-китобига кўра, мамлакат бундан қарийб 500 миллион евро миқдорида зарар кўрган.
“Мен [партиям] электр энергияси етказиб берилишининг тўхтатилиши ва Словакиядаги Украина фуқароларини дастаклашни сезиларли даражада қисқартиришга оид дебатларни олиб бориш ва коалицияда келишувга эришишга тайёр эканини билдираман”, деган Фицо. У газ етказиб берилишининг тўхтатилишини Украина президенти Владимир Зеленский томонидан “саботаж” деб атаган.
Словакияда газ етказиб беришнинг муқобил манбалари ҳам бор, бироқ Фицо мамлакат транзитдан тушадиган ўз даромадларидан маҳрум бўлиши ҳамда Россияники бўлмаган газ етказиб берилиши учун қўшимча транзит йиғимлар тўлашини айтмоқда.
Россия газини Украина ҳудуди орқали экспорт қилиш Россия билан Украина ўртасиа транзит шартномаси муддати тугагани сабабли 1 январь куни тўхтатилган. Словакия Украинадан шартнома муддатини узайтиришни талаб қилган.
Сеулда қўриқчилар президент Юн Сок Ёлнинг ҳибсга олинишига тўсқинлик қилишди
Жанубий Корея Давлат аксилкоррупция агентлиги терговчилари президент Юн Сок Ёль қароргоҳига уни ҳибсга олиш бўйича ордерни бажариш учун киришган. Бироқ давлат раҳбарининг хавфсизлик хизмати уларга тўсқинлик қилишмоқда. Бу ҳақда Yonhap агентлиги хабар қилди.
Қароргоҳда терговчилар билан президент қўриқчилари ўртасида тўқнашув бўлиб ўтган. Президент вакиллари ҳибсга олиш уриниши ноқонунийлигини билдиришган. Юн Сок Ёль Конституциявий суд томонидан иш кўриб чиқилиши якунлангунига қадар лавозимидан вақтинча четлатилган шахс бўлиб ҳисобланади ва президент қўриқчилик хизмати ҳимояси остида бўлади.
Терговчилар ҳибсга олиш бўйича ордерни 6 январгача бажаришлари лозим.
Сеул суди Жанубий Корея президенти Юн Сок Ёлни ҳибсга олиш ва унинг қароргоҳида тинтув ўтказишга ордерни 2024 йил 31 декабрида берган. Бу иш Юн ўзини сўроққа чақирган Аксилкоррупция текширувлари бошқармасидан келган учта чақирув қоғозини эътиборсиз қолдиргани ортидан амалга оширилган.
14 декабрь куни Жанубий Корея парламенти овоз бериш натижасида мамлакат президентига импичмент эълон қилиш қарорини дастаклаган. Импичмент қарорини ёқлаб 300 депутатдан 204 нафари овоз берган, 85 нафари эса бунга қарши чиқишган.
Овоз бериш яширин йўл билан амалга оширилган. Бу импичмент учун овоз беришга иккинчи уриниш бўлиб, биринчи уринишда Юн Сок Ёлни лавозимдан четлатиш учун овоз етарли бўлмаган.
Импичмент тўғрисидаги масала парламентда 3 декабрь куни Юн Сок Ёль “КХДРнинг мамлакат ичкарисидаги тарафдорларига қарши кураш учун” ҳарбий ҳолат жорий этилиши ҳақида эълон қилганидан кейин кўтарилган. Олти соат давомида амалда бўлган фармон билан сиёсий партиялар фаолияти, норозилик чиқишлари, иш ташлашларга тақиқ қўйиб, унда цензурани ҳамда ўлим жазоси чиқариш ҳуқуқига эга бўлган ҳарбий-дала трибуналларини жорий қилиш кўзда тутилганди. Бу ҳолат Сеул кўчаларида ҳам, парламентда ҳам кенг кўламли норозилик чиқишларига сабаб бўлган. Депутатлар ҳарбийлар томонидан парламент биноси штурм қилинаётган пайтда президент қарори бекор қилиниши учун овоз беришган. Шундан сўнг у қонунга мувофиқ равишда фармонни бекор қилишга мажбур бўлган. 7 декабрь куни президенти телевидение орқали қилган чиқишида ўз хатти-ҳаракатлари учун узр сўраган.
Юн Сок Ёль одатда Шимолий Кореяга нисбатан қаттиқ тутумга эга бўлган ўнг кучлар вакили бўлиб ҳисобланади. У 2022 йилда президент этиб сайланган. Мухолифатдаги Демократик партиянинг Пхеньянга нисбатан позицияси анчагина юмшоқ.
Ҳуқуқбонлар Теҳронни италиялик журналист аёлни озод қилишга чақиришди
Халқаро ҳуқуқбонлик ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари Эрон расмийларини 2024 йил 19 декабрида ҳибсга олинган италиялик журналист Чечилия Салани озод қилишга чақиришмоқда.
Италиянинг Il Foglio газетаси мухбири бўлган журналист аёл Эроннинг машҳур Эвин қамоқхонасида сақланяпти. 29 ёшли Сала Эронда журналистлар учун бериладиган виза асосида юрган ва 20 декабрь куни Италияга қайтиши керак бўлган.
"Қароргоҳи Нью-Йоркда жойлашган Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси (CPJ) Саланинг қамоқхонага ташланиши Теҳрон томонидан мамлакатда мустақил журналистика аёвсиз бостирилаётганини таъкидлашини билдирди", деб ёзган “Америка овози”нинг рус хизмати.
Эрон қамоқхонадаги журналистлар сони бўйича дунёда еттинчи ўринни эгаллайди. 2024 йил 1 декабрь ҳолатига кўра, улар сони 16 нафар бўлган.
Эрон Чечилия Сала қўлга олинганини тасдиқлаган. IRNA давлат ахборот агентлиги у “Эрон Ислом Республикаси қонунларини бузгани” учун ушлангани ҳақида хабар қилган. ОАВ хабарларига кўра, Chora Media подкаст-ширкати учун ҳам ишлайдиган Сала бир кишилик камерада тутиб турилибди.
Италия бош вазири Жоржа Мелони офиси бош вазир “бу мураккаб ишни диққат билан кузатаётгани” ва Салани озод қилиш бўйича “мулоқот учун ҳар қандай эҳтимолий йўл”ни қидираётганини маълум қилган. Италия ташқи ишлар вазири эса Сала соғ-саломат экани ва уни уйга қайтариш бўйича музокаралар олиб борилаётганини билдирган.
Қароргоҳи Парижда жойлашган “Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти, афтидан, Сала ўзбошимчалик билан қўлга олингани ҳақида баёнот берган.
Вашингтондаги миллий пресс-клуб Саланинг якка ҳолда тутиб турилганини қоралаган.
“Саланинг қамоққа ташланиши бу ҳақиқат излаш йўлида журналистлар қандай хатарларга дуч келаётгани тўғрисидаги эслатмадир. Унинг қўлга олиниши матбуот эркинлиги учун ҳақорат ва халқаро меъёрларнинг бузилишидир”, дея билдирган клуб президенти Эмили Уилкинс.
Сала Италия расмийлари Миланда Швейцария ва Эрон фуқароси бўлган тадбиркор Муҳаммад Обидиний Нажафободийни АҚШ сўровига кўра ҳибсга олганидан бир неча кун ўтиб қўлга олинган. АҚШ Адлия вазирлиги версиясига кўра, тадбиркор Қўшма Штатларнинг санкциялар тўғрисидаги қонунларини бузганлик ва террор ташкилотини дастаклаганликда айбланмоқда. Бу дастак пировардида Иорданидаги дрон ҳужуми натижасида уч нафар америкалик ҳарбий ўлимига олиб келган.
АҚШ Давлат департаменти вакили Италиянинг La Repubblica газетасига, америкалик дипломатлар фикрича, Сала Нажафободийнинг ҳибсга олинишига жавобан ҳибсга олинганини билдирган.
АҚШда Хитой ва Россияда ишлаб чиқарилган дронлар тақиқланиши мумкин
Жо Байден маъмурияти миллий хавфсизлик нуқтаи назаридан келиб чиққан ҳолда Қўшма Штатларда Хитой дронларидан фойдаланишни тақиқлаш ёки чеклаш имкониятини кўриб чиқмоқда.
The New York Times газетасининг хабар қилишича, АҚШ Савдо вазирлиги Америка ширкатларига кўрилаётган чоралар бўйича март ойи бошига ўз изоҳларини тақдим этишни таклиф этган. Савдо вазирлиги билдиргисида дизайни ва ишлаб чиқарилишига Хитой ва Россия дохил АҚШнинг хориждаги душманлари дахлдор бўлган учувчисиз учиш аппаратларидан фойдаланиш “Қўшма Штатлар хавфсизлиги учун оқлаб бўлмас ва қабул қилиб бўлмас хатар” туғдириши айтилган.
Хитой ва Россия кибержосуслик йўли билан АҚШ хавфсизлиги ва мамлакат инфратузилмасига зарар етказишга ҳозир эканларини намойиш қилишган. Улар “миллий манфаатлари йўлида хусусий ширкатлардан фойдаланиш” учун ўз қонунларини ишга солишлари мумкин, дейилган ҳужжатда.
Расмий маълумотларга кўра, АҚШ бозорида Хитойда ишлаб чиқарилган дронлар улуши 75 фоизни ташкил қилади. Улардан турли соҳаларда кенг кўламда фойдаланилади: қишлоқ хўжалигида улар далаларга дори пуркашда қўлланилади, улар ёрдамида қувурлар, кўприклар, қурилиши майдонлари инспекция қилинади, улардан ўт ўчирувчилар ва бошқа авария-қутқарув хизматлари кенг кўламда фойдаланишади. Аввалда Хитойдаги ишлаб чиқарувчилар можаролар ҳудудида дронлар ҳаракат радиусини чеклаб, ўз маҳсулотларини масофадан туриб дастурлаштиргани маълум.
АҚШ Савдо вазирлиги, Хитой дронлари дизайни ва дастурий таъминотига зарур ўзгартишлар киритилган тақдирда, улардан фойдаланишга тақиқдан қутилиб қолиш мумкинлигини истисно қилмайди. Бунга оид якуний қарор АҚШда Жо Байдендан кейин лавозимга келадиган президент маъмурияти томонидан қабул қилинади.
Сентябрь ойида Байден маъмурияти АҚШда сотилаётган автомобилларда Хитой дастурий таъминотидан фойдаланишни тақиқлаб қўйганди. Бундан мақсад америкаликлар ҳаракатланишини Хитой махсус хизматлари томонидан назорат қилинишининг олдини олиш экани айтилган.
Туркияда “Крокус”даги ҳужумчиларга алоқадорликда гумонланган беш кишига айблов эълон қилинди
Истанбул прокуратураси, тергов тахминига кўра, ўтган йилнинг 22 мартида Москва вилоятидаги “Крокус Сити Холл” концерт залига ҳужумга алоқадор кўрилган “Ислом давлати” ташкилотининг беш нафар муҳтамал аъзосига айблов эълон қилди.
Ҳофизжон Усмонов, Мутеуллоҳ Асоев, Раҳматулло Саликов, Муҳаммадраҳим Файзов ва Ҳамза Муҳаммад, тергов тахминича, “Крокус”га ҳужум уюштирганлар билан алоқада бўлишган, улардан бири эса, иддаога кўра, Москвадаги бошқа бир савдо марказига 800 минг рубль эвазига бомба қўйишни таклиф қилган, дея хабар қилди “Онадўли” агентлиги.
Гумонланувчилар Туркия дохил кўплаб мамлакатлар расмийлари томонидан террор ташкилоти деб тан олинган “Ислом давлати”га аъзолиги учун судланади. Улар 7,5 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум этилишлари мумкин.
Гумонланувчилардан бири бўлган Файзовнинг Тожикистон фуқароси бўлгани маълум. Усмонов эса, иддаога кўра, ИДга қарашли яширин квартирада “Крокус”га ҳужумда айбланаётганлардан бири − Шамсиддин Фаридуний билан бирга яшаган.
Асоев, иддао қилинишича, ўз телефони орқали Москвадаги “Вегас” савдо марказида портлаш уюштиришни таклиф қилиб, бу ишни амалга оширган шахсни Беларусь чегарасигача етказиб, Беларусда вақтинча тураржой ва янги ҳужжатлар билан таъминлашни ваъда қилган. Агентлик материалида бу каби номдаги савдо марказларидан қайси бири ҳақида гап кетаётганига аниқлик киритилган эмас, “Вегас”лардан бири “Крокус Сити Холл” яқинида жойлашган.
Мазкур иш бўйича айбланувчиларнинг ўзлари қандай фикрда эканлари маълум эмас. Федерал хавфсизлик хизмати маълумотига кўра, Россияда бу иш бўйича 20 дан зиёд киши ушланган. Теракт ижрочилари ва уларнинг муҳтамал шерикларига террорчилик айблови қўйилган.
Март ойидаги ҳужум ва бу жиноятга алоқадорликда айбланиб Марказий Осиё мамлакатларидан бўлган фуқаролар қўлга олинганидан кейин Россияда мигрантларга қарши кампания бошлаган, бу кампания пировардида РФда меҳнат ва миграцияга оид қонунчилик кучайтирилишига олиб келган.
Черногорияда янги йилнинг илк кунида ўндан зиёд одам ўлдирилди
Черногориядаги Цетине шаҳрида 1 январь куни икки бола дохил камида 12 киши ўлдирилган, яна тўрт киши жароҳат олган. Бу ҳақда, Озодликнинг Болқон хизмати хабарига кўра, ички ишлар вазири Данило Шаранович маълум қилган.
Гумонланувчи Ацо Мартинович ўз жонига ҳам қасд қилган. Тергов маълумотига кўра, Мартинович шаҳар марказидаги умумий овқатланиш муассасаларидан бирида тўрт кишини, кейин эса бошқа мавзеларда бошқа одамларни ўлдирган. Қурбонлар орасида унинг оила аъзолари ҳам бор.
Медикларга кўра, ҳодиса чоғида яраланганларнинг аҳволи оғир.
Даставвал одамларни ўққа тутган шахс воқеа жойидан яширингани ҳақида хабар қилинган. Цетинедаги кўчаларга полициячилар ташланган, айрим мавзеларда ҳаракат тўхтатилган, шаҳар чиқиш йўлларининг барчаси ёпилган. Жиноятда гумонланган шахсни қидириш ишига армия кучлари ҳам жалб қилинган.
Полиция баёнотида содир бўлган воқеа уюшган жиноий гуруҳлар ўртасидаги зиддият билан боғлиқ эмаслиги урғулаган. Мартинович 2005 йилда безорилик учун шартли равишда бир йилга озодликдан маҳрум қилинган бўлса-да, хавфсизлик учун таҳдид туғдирадиган одам ҳисобланмас эди.
2022 йили Мартиновичнинг ёнидан ўқотар қурол ва портловчи мослама топилган. Бунинг учун унга уч ойлик қамоқ жазоси тайинланган.
Цетине Черногория пойтахти Подгорицадан тақрибан 30 километр нарида жойлашган.
Цетинедаги фожиа ортидан Черногория ҳукумати мамлакатда уч кунлик мотам (2, 3 ва 4 январь кунлари) эълон қилган. Подгорица, Будва ва Которда Янги йил концерт дастурлари бекор қилинган.
Черногория расмийлари содир бўлган воқеа ортидан ўқотар қуролга эга бўлишга тўла тақиқ жорий этиш масаласини кўриб чиқишмоқда.
Болгария ва Руминия Шенген ҳудудига кирди
Болгария ва Руминия Шенген ҳудудининг тўлақонли аъзосига айланишди. 2025 йилнинг 1 январидан бу мамлакатлар билан Шенген шартномасининг бошқа иштирокчилари ўртасидаги чегараларда текширувлар бекор қилинди.
Шу тариқа бу икки мамлакатга Венгрия ёки Греция орқали кираётган саёҳатчилар ёки юк машина ҳайдовчиларининг ҳужжат кўрсатишига ҳожат қолмайди.
Австрия Шенген ҳудуди кенгайишига қўйилган ветони олиб ташлагани ортидан ЕИ мамлакатлари ички ишлар вазирлари қарийб уч ҳафта аввал бу борада тегишли қарорни қабул қилишган.
2024 йил мартида ҳар икки давлат Шенген шартномасига аъзо бўлган бошқа 27 давлатдан кирилаётганда аэропортлар ва денгиз портларида назоратдан воз кечган.
Руминия ва Болгария Европа Иттифоқига 2007 йилда қўшилишган. 2010 йилда улар Шенгенга қўшилиш учун зарур бўлган барча техник мезонларни бажаришган, бироқ ўшанда ноқонуний миграциядан хавфсираган Австрия қаршилигига дуч келишган эди.