Линклар

Шошилинч хабар
05 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:09

"Ундирувни кучайтиринг". Иккинчи инспектор баённома юкламасидан шикоят қилди, ИИВ рад этмоқда


Нозимжон Нишонов
Нозимжон Нишонов

Фарғоналик собиқ профилактика инспектори, ИИВ мулозимларининг маъмурий баённомалар тузиш ва ундирувларни кучайтириш бўйича ходимларига мажбурият юклаётганидан шикоят қилмоқда.

Қува тумани ИИБ тизимида бир йилга яқин инспектор бўлиб ишлаган Нозимжон Нишоновнинг Озодликка айтишича, шу кунда собиқ ҳамкасбларидан кунига 1 тадан 3 тага қадар маъмурий баённома тузиш ва жарима ундирувларини кучайтириш талаб қилинмоқда.

Шу йилнинг октябрида ишдан бўшатилган Н. Нишонов Facebook ижтимоий тармоғида бу ҳақда икки бора видеомурожаат тарқатди. Озодлик Фарғона вилояти ИИБ ҳамда ИИВ раҳбариятидан бу шикоятга изоҳ ололгани йўқ.

Аммо, Kun.uz нашрига изоҳ берган ИИВ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси бошлиғи Бахтиёр Бердиалиев, шикояти хизмат текшируви вақтида ўз тасдиғини топмади, деб баёнот берди.

Бердиалиев, аксинча инспекторнинг ўзи ИИВ тизимида ишлашга нолойиқ топилиб, ишдан бўшатилганини таъкидлади. Бунга қадар Наманган шаҳар ИИБ собиқ профилактика инспектори Сардорбек Отабаев ҳам айни мазмунда шикоят билан ИИВ вазирига видеомурожаат йўллаган ва эртаси куни ҳибсга олинган.

Ушбу тузилмада ишлаётган Озодлик манбаларига кўра, кундалик иш ҳажми учун "результат кўрсатиш" мажбурияти ўлароқ юкламалар юкланиши, бажаролмаган ёки эътироз қилган ИИВ ходимларининг ишдан бўшатилиши - йиллардан буён давом этиб келаётган амалиётдир.


Фарғона вилоятининг Қува тумани “Байналминал” маҳалла фуқаролар йиғинида профилактика инспектори бўлиб ишлаган Нозимжон Нишонов илк бор шу йилнинг 10 ноябрида, ижтимоий тармоқлар орқали ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов ва ИИВ Шахсий хавфсизлик бош бошқармаси бошлиғи Мухтор Мирзаевга видеомурожаат йўллаган эди.

Нишонов, ўзи ишлаб турган туман ИИБ бошлиғи ўринбосари профилактика инспекторларидан ҳар куни 1 тадан машинани жарима майдонига жойлаштириш, 5 тадан машина учун жарима далолатномаси тузиш мажбуриятини юклаётгани, 55 минг сўмдан пул талаб қилаётганини даъво қилган.

Озодлик билан суҳбатда Н. Нишоновнинг даъво қилишича, ҳозир ҳам Фарғона вилоятининг бир неча тумани, Фарғона ҳамда Марғилон шаҳарлари ИИБ да инспекторлардан кунига 1 тадан 3 тагача баённома тузиш талаб қилинмоқда.

Собиқ испекторнинг арз қилишича, юқорида саналган ҳудудларда шундай юкламалар юкланганига оид ижтимоий тармоқлардаги ёзишмалар ва буйруқларнинг скриншотларини тўплаган. Инспектор бундай скриншотлардан айримларини Озодликка ҳам тақдим қилди.

“Қўлимда далилим бўлмаса, мен бундай баёнот билан чиқмасдим. 2020 йилнинг бошидан бери бор мажбурият ва очиғини айтсам, юкламалардан безиллаб кетдим. Бундай юкламалар бўлмаслиги керак аслида”, деди собиқ инспектор Нишонов.

Нишонов, Озодликка тақдим қилинган скриншотларни, ИИВ ходимларининг Телеграм тармоғидаги гуруҳларидан олинганини айтмоқда.

Уларнинг аксарида турли бўғинлардаги раҳбарлар профилактика инспекторларига, ниқобсиз юрган ва карантин қоидаларини бузганлик учун, кунига камида 1 тадан , айрим ҳудудларда 3 та ёки 5 тагача маъмурий баённома топшириш ҳамда ундирувларни ошириш мажбурияти юкланган.

"Ҳурматли раҳбарлар! Бугун душанба куни, яъни ҳафтанинг биринчи куни, барчамиз яхши ният қилиб ишни бошлашимиз керак. Биринчи масала барчангиз кеч соат 19:00 га туман-шаҳар СЭС, жойлардаги қўриқлаш, Маҳалла ва солиқ идоралари ходимларини жалб қилиб катта развод ўтказиб, телевидение жалб қилиб, Комиссиянинг 74-сонли баёнининг ижросини таъминлашингиз лозим, 20:30 да ёпилмаган жойларнинг маъмуриятига 54-2 модда билан баённома тузлишини таъминланг. Иккинчи масала маъмурий амалиётни кучайтиринг ва албатта ундирувни кучайтиринг. Ундирув бугунги кунда асосий масаладан бири", дейилади Озодликка ИИВ собиқ инспектори Нозимжон Нишонов тақдим қилган скриншотлардан бирида.

Инспекторнинг айтишича, бу мазмундаги топшириқларнинг, 2020 йилнинг охири ва 2021 йил давомида берилганига гувоҳ бўлган.

Топшириқларда маъмурий баённомаларни, асосан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддаси, 2-қисми билан тузиш буюрилган.

54-модданинг (Эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш) иккинчи бандида қуйидаги ҳуқуқбузарлик назарда тутилган:

  • “Карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлишининг ёки тарқалишининг олдини олиш мақсадида белгиланган мажбурий қоидаларни бузиш, шу жумладан карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши шароитида шифохонадаги ички тартибга риоя этмаслик, давлат санитария назорати органларининг тиббий текширувдан ўтиш ва даволаниш, карантинни ўташ учун белгиланган жойларга етиб бориш ва ушбу жойларни белгиланган муддат давомида тарк этмаслик, касаллик юқиш хавфи мавжуд бўлган даврда мулоқотда бўлинган шахслар ва борилган жойлар ҳақидаги маълумотларни ошкор қилиш тўғрисидаги ёки бошқа қонуний талабларини узрли сабабларсиз бажармаслик”.

Бунинг учун фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма баравари, мансабдор шахсларга эса ўттиз баравари миқдорида жарима белгиланган.

Нишонов ўз шикоятларида, бу юкламаларни юклаш ташаббуси Қува тумани ИИБ бошлиғи ўринбосари Азизбек Аҳмаджоновга оид, деб даъво қилмоқда ва бу мулозимни ўз ходимларини менсимаслик, ҳақоратлашда айбламоқда. Бу мулозимдан Озодлик ҳозирча бирор изоҳ ололмади.

Бунга қадар Наманган шаҳар ИИБ собиқ профилактика инспектори Сардорбек Отабаев ҳам, Нишоновнинг биринчи мурожаатидан икки кун ўтиб - 12 ноябрь куни юкламалардан шикоят қилиб, ижтимоий тармоқларда чиқиш қилган эди. У ҳам ИИВ вазири Пўлат Бобожоновга видеомурожаат йўллаган.

Отабаев Наманган шаҳар Ички ишлар органларида таниш-билишчилик, қариндош уруғчилик, мансабни суиистеъмол қилиш каби ноқонуний ҳаракатлар авж олганини ҳам иддао қилган.

Лекин, ушбу шикоятининг эртасига С. Отабаев, бошқа фуқароларнинг номига олинган жами 81,4 миллион сўм кредит маблағларини талон-тарож қилганликда гумон қилиниб, Жиноят кодексининг 168 ва 209-моддалари билан айбланган, ҳибсга олинган.

Н. Нишонов, видеомурожаат билан чиққан ҳамкасбининг айбланиши ва ҳибсга олинишига бирор муносабат билдира олмаслиги, боиси унга қўйилган айбловлар қанчалик асосли ёки асосли эмаслиги ҳақида бирор маълумотга эга эмаслигини айтди.

“Ўзингиз ҳам С. Отабоев каби ҳибсга олинишингиз мумкинлигидан чўчимайсизми?” деган саволга жавобан Н. Нишонов: “Йўқ, биз демократик давлатда яшаяпмиз”, деб жавоб берди.

Озодлик профилактика инспекторларининг тармоқларда кетма-кет пайдо бўлган шикоятлари юзасидан Қува туман ИИБ, Фарғона вилояти ИИБ ва ИИВдан ҳозирча расмий изоҳ ололгани йўқ.

ИИВ матбуот котиби Шохруҳ Ғиёсов, маҳаллий матбуотга жавобан, шикоятларда тилга олинган ҳолатлар бўйича хизмат текшируви ўтказилиб, қонуний тартибда чора кўрилишини билдирган.

Kun.uz нашрига изоҳ берган ИИВ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси бошлиғи Бахтиёр Бердиалиев эса, хусусан собиқ инспектор Н. Нишоновнинг шикоятлари, хизмат текшируви вақтида ўз тасдиғини топмаганини билдирган.

“Шахсан ўзим Қувага бориб ўша раҳбар билан учрашдим. Жамоасини ўрганиш бўйича хизмат текшируви тайинладик. Жамоадаги ходимлар ҳам Нишонов тўғрисида салбий фикрга эга. Видеомурожаатда санаб ўтилган ҳолатлар бўйича битта факт тасдиқланса ҳам бу бекитилмайди ва қонуний баҳо берилади”, дея иқтибос келтирди Бердиалиевдан Интернет нашри.

Озодлик мухбири билан суҳбатда Н. Нишонов, бош бошқарма бошлиғи Бахтиёр Бердиалиевнинг маҳаллий нашрга берган раддиясини рад қилди.

У ўз шикоятларида собит экани ва ИИВ тузилмасида маъмурий ҳуқуқбузарлик учун тузиладиган баённомалар бўйича участка нозирларига юклама юклаш амалиётини бекор қилиш керак, деган хулосада эканини таъкидлади.

Муқаддам ИИВ ва прокуратура тузилмаларида ишлаган бир неча собиқ ходим, ҳуқуқ-тартибот тузилмаларида маъмурий баённомалар тузиш ва айниқса, ундириладиган жарималар ҳажмини ошириш мажбурияти борлиги, бундай мажбурият аввал ҳам бўлганини айтмоқдалар.

Жумладан, Тошкент шаҳридаги туманлардан бирида ишлаган ва исмини сир сақлаган собиқ ИИВ ходимига кўра, юкламалар бир неча сабаб билан жорий қилинган:

“Биринчидан, ишни кўрсатиш. 5 та баённомани столга қўясиз, тамом - ишингизга шубҳа қолмайди. Иккинчидан, маъмурий баённома, дегани жарима ундирилади, дегани. Учинчидан, бу тепадан келадиган буйруқ, чунки кўчада қанча кўп одам тўхтатилиб, қанча кўп протокол қилинса, силовиклар шунча кўп, ишлаб турибди, деган ваҳима бўлади. Халқни контролда ушлаб туриш сиёсатида бу ҳам. Бу Ислом Каримовнинг замонидан бери бор. Лекин, кейинги 2 йиллар ичида бунақа практика сал юмшади, очиғи. Лекин, жойларда бор шунақа раҳбарлар, энди механизм ўзгармаганку барибир, кадровий состав ҳам тўлиқ ўзгармаган”.

Муқаддам прокуратура органларида терговчи бўлиб ишлаган яна бир собиқ ходим ҳам кундалик ҳисоботларга киритиладиган рақамлар учун мажбурий юкламалар бўлганини тасдиқлади.

Унинг айтишича, жумладан прокуратура органларида чиқарилган суд ҳукмларини 10 кунда кўриб чиқиш бўйича мажбуриятини юклаш ҳоллари ҳам бўлган ва бу мажбуриятни бажариш қарийб имконсиз эди:

“Масалан, сизга бириктирилган ҳудудда чиқарилган суд ҳукмларидан 10 кун ичида 20 тасини қайта кўриб чиқинг, деган мажбурият бўларди. Ҳар битта ишда том-том айблов хулосаси, саҳифа-саҳифа суд ҳукмини кўриб чиқиш керак, кейин ҳимоя томонининг даъволари ва ҳоказо. Буларнинг ҳаммасини ўқиб чиқишнинг ўзи имконсиз, лекин қоғоз учун бажариларди. Масалан, яна "сверка" деган нарса бор. Яъни ўтган йилгига нисбатан бу йил рақам тушиб кетса, “Тенглаштириб қўйинглар гап тегмасин”, деган топшириқлар бўлади. Кейинги 2-3 йил ичида прокуратурада шунақа амалиётдан воз кечилди. Тепадагиларга ҳисоботни кетидан қувиш мантиқсиз нарса экани тушунтирилди-да. Энди баъзи жойларда ҳозирам бордир, раҳбарларнинг ўзига ҳам кўп нарса боғлиқда”.

Президент Шавкат Мирзиёев, 2016 йилда ҳокимиятга келиши ортидан ИИВ тизимида ислоҳотларни эълон қилди, жазони либераллаштиришга доир қарорлар қабул қилинди.

ИИВ тергов ва суриштирув органларининг махсус сўроқ хоналари камералар билан жиҳозланди. Аммо ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, ўтган давр мобайнида фуқароларнинг ички ишлар ходимлари фаолиятидан шикоятлари сезиларли даражада камаймаган.

Ўтган йилнинг ўзида камида уч нафар фуқаро ИИБ идорасида қийноқлар натижасида вафот этган. Аммо қийноқ ҳолатлари бўйича биронта юқори мартабали ИИВ мулозими масъулиятни зиммасига олгани йўқ ва тармоқларда Ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновнинг истеъфосига чақириқлар жавобсиз қолди.

XS
SM
MD
LG