Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:33

Гап отманг! Хотин-қизларга тегажоқлик қилганларни жазога тортиш таклиф қилинмоқда


Тошкент шаҳар транспорти чиптасидаги ёзув
Тошкент шаҳар транспорти чиптасидаги ёзув

Ўзбекистон Адлия вазирлиги қизлар ва аёлларни таъқиб ва зўравонликдан ҳимоя қилишни кучайтиришни таклиф қилди.

Айни пайтда, пойтахтдаги жамоат транспортида ва давлат таълим муассасаларида ҳам тегажоғлик ва жинсий зўравонликка қарши кампаниялар бошланди.

Ҳуқуқ фаоллари Ўзбекистонда аёллар ҳимоясига қабул қилинаётган қонунларнинг халқаро стандартларга мослаштирилаётганини айтмоқда.

"Қонунчиликка "таъқиб этиш" тушунчаси киритилиши лозим"

Адлия вазирлигининг қайд этишича, Ўзбекистонда аёллар кўчада, иш жойида ёки мактабда, уйда эса турмуш ўртоғи ёки яқинлари тазйиқларига учрамоқда.

“Энг ачинарлиси, зўравонлик ҳолатлари мактабгача ва мактаб ёшидаги қизларга нисбатан ҳам содир этилмоқда. Таъқиб ва зўравонлик натижасида аёллар ўртасида ўз жонига қасд қилиш, фарзандларининг ҳаётига суиқасд қилиш ҳолатлари кузатилмоқда. Қонунчиликка "таъқиб этиш" тушунчасини киритиш ва таъқибга учраган аёлларга ҳимоя ордери бериш тизимини жорий этиш зарур... Аёлларга нисбатан ҳақоратомуз сўзларни тақиқлаш ва бу ҳаракатлар учун маъмурий жазо белгилаш, шунингдек, аёлларга зарар етказганлик учун жазони кучайтириш зарур”, — дейилади вазирлик баёнотида.

Адлия вазирлигининг қўшимча қилишича, қонунчиликда “таъқиб этиш” (stalking) тушунчасининг йўқлиги қизлар ва аёлларни бундай вазиятдан ҳимоя қилиш механизмларининг ҳам мавжуд эмаслигини билдиради. Таъқиблар натижасида аёллар қўрқув, заифлик ҳис этиши, тушкунликка тушиши ҳолатлари кузатилган.

Ўзбекистон қонунчилигида иш ёки ўқиш вақтида аёлларга нисбатан тазйиқ ёки зўравонлик учун иш берувчи ёки таълим муассасаси раҳбарининг жавобгарлиги белгиланмаган.

Вазирлик маълумотларига кўра, аёлларнинг фотосуратлари ва видеоларини тарқатиш йўли билан аёлларнинг шахсий дахлсизлиги, айниқса, интим ҳаётини бузиш ҳолатлари кўпаймоқда. Бу эса “оилавий ришталарни бузишга, жамиятдан ажралишга ва нотўғри йўлларни танлашга” олиб келади.

Айтилишича, амалдаги қонунчиликда белгиланган жавобгарлик чоралари аёлларни харассмент ҳаракатларидан мутлақ ҳимоя қилиш имкониятини бермаяпти, дейилади хабарда.

Аёллар шахсий ҳаётига турли тажовузларнинг олдини олиш учун аёлларнинг интим ҳаёти дахлсизлигини бузганлик учун алоҳида жавобгарликни белгилаш зарур”, — дейилади вазирлик баёнотида.

Вазирлик томонидан таклиф этилаётган қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар қаторида хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш институтларини ташкил этишда маҳаллий тадбиркорларнинг иштирокини рағбатлантириш чора-тадбирлари ҳам киритилган.

Тошкентлик Ақида Ханум аёллар ҳуқуқлари учун курашиб келаётган таниқли блогерлардан бири.

Унинг фикрича, Ўзбекистонда мавжуд қонунчилик аёлларни ҳимоя қила олмайди.

- Мавжуд қонунлар харассмент, фроттеринг, сталкинг, абьюзинг ва буллинг тушунчаларини ўз ичига олмаган. Лекин бу “ундай муаммолар йўқ ва бўлмаган,” дегани эмас. Агар жабрланувчи “менга у гап отди, таъқиб қилди”, деб шикоят қилса биров иш кўрмайди. “Ҳақорат қилмабдику, қўл кўтармабдику!”, деган важ билан иш очилмайдиям. Лекин жабрланувчи психологик прессинг билан қолаверади.

Кўп аёллар мурожаат қилади менга. Улар асосан 4 ҳил зўравонликка учрайди. Жисмоний, жинсий, психологик ва моддий. Охирги иккитаси жамиятимизда зўравонлик деб ҳисобланмайди ҳам! Ваҳоланки, психологик зўравонлик одамни ўзлигини, психикасини бутун умрга синдириши мумкин. Шунинг учун, шахсан мен бундай қонун қабул қилиниши ва уни амалда қўлланилиши тарафдориман. Аёллар қонунан ҳимоя қилиниши шарт, деди блогер.

Ҳуқуқ фаоли: Қонунлар жаҳон стандартларига мослаштирилмоқда

Жамиятда бошланган муҳокамалар ортидан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги талаба-қизларга мурожаат билан чиқиб, янги ишонч телефони ҳамда бот ишга туширилганини маълум қилди. Ушбу ишонч рақами орқали талаба-қизлар ўқиш жойида тегажоғлик, тазйиқ ёки зўравонлик каби ҳолатларнинг гувоҳи бўлганда мурожаат қилиши мумкинлиги айтилди.

Шунингдек, “Оғир ижтимоий аҳволда қолган хотин-қизлар ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги Қонун (ЎРҚ–736, 09.12.2021 й.) Президент томонидан имзоланди.

Ўзбекистондаги “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Абдураҳмон Ташанов фикрича, Ўзбекистон Адлия вазирлиги шу тариқа қонунчиликни жаҳон стандартларига мослаштираётир.

- Ўзбекистон аёлларнинг гендер тенглиги, аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро конвенцияларни ратификация қилган. Шу бўйича қонунлар халқаро стандартларга мослаштирилаяпти. Чунки 4 йилда бир ҳисобот топширилади ва кейинги 2022 йил ҳисобот йили. Бошқа томондан, қонунларни қўллаш доимо муаммоларни келтириб чиқарган. Халқаро ташкилотлар бу ҳаракатларни олқишлаяпти. Бу жуда яхши қадам, чунки Ўзбекистонда хотин- қизлар деярли ҳимояланмаган эди. Келинларни ўғирлаш, гап отиш, шилқимлик қилиш нафақат Ўзбекистонга, Осиёнинг кўплаб давлатларига хос нарса. Бу қадам ҳуқуқларнинг фундаментал асослари ва уни олқишлаш керак, деди ҳуқуқ фаоли.

Жумладан, Ўзбекистон бугунги кунга қадар аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган 100 га яқин халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар ратификация қилинган.

Ўзбекистонда харассментга қарши кампания

Айни пайтда, пойтахтдаги жамоат транспортларида ҳам харассмент, яъни жинсий тегажоғлик ва тажовузга қарши кампания бошланди.

Автобус салонларида баннерлар ва фавқулодда тўхтатиш тугмалари жорий қилинди.

Аёлларга тегажоғлик масаласи Интернет тармоқларида ҳам кўп муҳокамаларни келтириб чиқарди.

Бу муҳокамаларнинг яна авж олишига толибага тегажоғлик қилганликда гумонланган Низомий университети декан ўринбосарига нисбатан жиноят иши очилиши ва шу каби яна бир қанча ҳолатлар сабаб бўлди.

Ўтиб бораётган йилнинг февралида Ўзбекистонда Ташқи ишлар вазирлиги вазирлик ходимини ўзига нисбатан жинсий тегажоғлик қилиш ҳамда ижобий мақолалар ёзишни сўраб босим ўтказишда айблаган польшалик журналист Агнешка Пикулицкаядан кечирим сўраганди.

Айрим тармоқ фойдаланувчилари эса “икки ва ундан кўп хотин олишга ҳам жазо тайинланиши” таклифи билан чиқмоқда.

Харассмент ва аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масаласида президентнинг тўнғич қизи Саида Мирзиёева ҳам муносабат билдирди.

Зўравонлик қурбонлари уларнинг нидосини эшитадиганлар ва ёрдам берадиганлар борлигига ишончи комил бўлиши, зўравонлар эса жазо муқаррар эканлигини англаши зарур”, деб ёзди Саида.

Аввалроқ Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ҳам аёлларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари йилдан йилга ошиб бораётганидан хавотир билдирган эди. Омбудсманга кўра, зўравонлик ҳолатлари расмий статистикадан ҳам кўп бўлиши мумкин, чунки ўзбек аёллари андиша қилиб кўп ҳолда зўравонликларга кўз юмади.

Ўзбекистонда 25 ноябрдан “Гендер зўравонликка қарши 16 кунлик фаол ҳаракатлар” кампаниясини олиб борганди. Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоевага кўра, акция ҳар йили 25 ноябрь – Халқаро аёлларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш кунидан 10 декабрь – Инсон ҳуқуқлари кунигача давом этади.

Exponautz Art Gallery онлайн-ҳамжамиятининг аъзоси бўлган бир неча ўзбекистонлик қиз сексизм ва зўравонликка қарши аёллар ҳуқуқини ҳимоя қилиб флешмоб уюштирган эди.

Расмий маълумотларга кўра, бугун Ўзбекистонда зўравонликка учраган 36 мингга яқин аёл ҳимоя ордери олган. Ҳукумат мамлакатда хотин-қизларни реабилитация ва адаптация қилиш бўйича 29 та марказ фаолият юритаётганини таъкидлаб келади.

......................

Харассмент (ингл. Harassment)- шахсий ҳаётнинг бузилиши, таъқиб қилиш, камситиш ва шилқимлик қилиш.

Абюзинг - (ингл. аbuse - ҳақорат) зўравонлик, ёмон муомала, ҳақорат, инсонга нисбатан психологик, жисмоний, жинсий ёки иқтисодий зўравонлик ҳамдир.

Фроттеринг ёки фроттаж (фр. frottage - ишқаланиш) - жинсий бузуқлик, бошқа одамнинг танасига ишқаланиш орқали ҳаяжон ва қониқишга эришиш.

Сталкинг (ингл. stalking) - бу инсонга исталмаган эътибор, хиралик қилиш ва унинг таъқиби, таҳдид.

Буллинг - (ингл. bully - қўрқитиш, тегажоғлиқ қилиш) - жамиятнинг бир аъзосини бошқалар томонидан таъқиб қилиниши, таҳқирланиши, жиғига тегмоқ.

XS
SM
MD
LG