Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:32

"Гулнора иши": Швейцария судининг сўнгги қарори нимани англатади?


Гулнора Каримова 2019 йил баҳоридан бери Зангиотадаги 21-сонли аёллар колониясида жазо муддатини ўтамоқда.
Гулнора Каримова 2019 йил баҳоридан бери Зангиотадаги 21-сонли аёллар колониясида жазо муддатини ўтамоқда.

Швейцария федерал жиноят судининг асосий бенефициари Гулнора Каримова бўлган “Takilant Ltd.” компаниясига тегишли ноқонуний йўллар билан орттирилган маблағларни мусодара қилиш тўғрисидаги қарори Ўзбекистон ҳукумати ва Каримованинг адвокати томонидан турлича талқин қилинди.

Ўзбекистон Адлия вазирлиги ушбу қарор маблағларни Ўзбекистонга қайтариш бўйича янги музокараларга имконият очишини айтган бўлса, Гулнора Каримованинг швейцариялик адвокати Грегуар Манжа музлатилган маблағлардан 70 млн долларининг қайтарилишини ҳимоячиларнинг қисман ғалабаси деб атади.

22 декабрь куни Швейцария матбуоти мамлакат Федерал жиноят суди Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримовага алоқадор Takilant ширкатга тегишли 293 миллион доллар маблағни мусодара қилиш тўғрисида қарор чиқаргани ҳақида хабар берди.

Гибралтарда рўйхатга олинган Takilant ширкати тергов қилинаётган беш банк ҳисобининг иккитасига алоқадор бўлган. Ширкатдан мусодара қилинган пулларнинг умумий қиймати 350 миллион доллардан кўпдир.

Ўзбекистон ҳукумати ҳозирга қадар Швейцария расмийлари билан бу борада олиб борилаётган музокаралар тафсилотини очиқламаган. Адлия вазирлиги вакили 28 декабрь куни Озодликнинг "Гулнора иши" юзасидан музокаралар қай босқичда экани ва қанча маблағ ҳақида сўз бораётгани ҳақидаги саволларини очиқ қолдирди.

2019 йил декабрида Ўзбекистон Бош прокуратураси "АҚШ, Швейцария, Франция, Россия Федерацияси ва Латвия каби хорижий давлатлар билан Г.Каримованинг жиноий йўллар орқали топган ва ушбу давлатларнинг айримларида жиноят ишлари доирасида 1,3 млрд. АҚШ доллардан ортиқ даромадларини қайтариш бўйича" музокаралар олиб борилаётганини маълум қилган эди.

Ғарбдаги нодавлат-ноҳукумат ташкилотлар Швейцария ва АҚШ ҳукуматларини Каримова отаси, марҳум Ислом Каримов президентлиги даврида ноқонуний йўллар билан қўлга киритган бойликлар Ўзбекистон халқига тегишлилигини таъкидлаб, уларни коррупцияга ботган ўзбек ҳукуматига қайтармасликка чақириб келади.

Лондондаги Шарқшунослик ва Африка тадқиқотлари университети (SOAS) нинг Ўзбекистон бўйича тадқиқотчиси Алишер Илҳомов Гулнора Каримованинг пулларини қайтариш бўйича Ғарбдаги нодавлатлар ташкилотлари олиб бораётган кампанияни яқиндан кузатиб келади.

Озодлик Илҳомовдан Швейцария федерал маҳкамасининг охирги қарори нимани англатишини сўради.

Таҳлилчи А.Илҳомов
Таҳлилчи А.Илҳомов

- Афсуски, маҳкама тафсилотлари очиқланмаяпти ва биз ҳам матбуотга сиздирилган маълумотларга таянмоқдамиз. Аммо ўша маълумотлар асосида бўлса ҳам қандайдир умумий хулоса чиқариш мумкин. Гулнора Каримова иши юзасидан активларни ҳибсга олиш мумкин бўлган икки вариант мавжуд эди: жиноий ёки фуқаровий иш қўзғатиш. Фуқаролик даъво илғорроқ ҳамда янгироқ ҳисобланади ва у ўғирланган мол-мулкни мусодара қилишда самаралироқдир. У сиёсий таъсирга эга, яъни давлат органлари ёки бевосита давлат амалдорларига таъсир кўрсатадиган шахсларга тегишлидир. Фуқаролик даъвосида музлатилган активларнинг қонуний келиб чиқишини исботлаш асосан пул ювишда гумон қилинувчининг ўзига юклатилади. Швейцарияда эса пул ювиш бўйича жиноий иш очилган, аммо бу усул билан натижага эриши анча қийин масала, чунки predicate offence ни исботлаш лозим, яъни активларнинг жиноий келиб чиқишини исботлаш керак. Бу маълумотларни эса Ўзбекистон ҳукумати тақдим этиши зарур. Бироқ муаммо шундаки, уларнинг тергов ва суд жараёнлари материалларига ишонч йўқ, чунки Ўзбекистонда ҳалигача халқаро адолат меъёрларига амал қилинмаяпти.

- Яъни бу маблағларни Takilant га қайтарилиши ҳақида гапиришга ҳали эртами?

-​ Қўшма Штатларда 2016 йилда Гулноранинг мол-мулкига қарши иккита фуқаролик даъвоси қўзғатилган. Бу икки даъвонинг бирида у активларининг қонуний келиб чиқишини ўзи исботлаши керак эди. Бу ишда Такилантга расмийлаштирилган ва Ломбард Одье Банкида жойлаштирилган ўша 350 миллион доллар ҳақида гап боради. Шу пулдан бир қисмини (70 миллион долларни) Швейцария суди Такилантга қайтаришга қарор қилган. Энди Гибралтар расмийлари АҚШ Адлия вазирлигининг ушбу даъвоси юзасидан ҳам тушунтириш бериши лозим.

- Нима учун маҳкама бу қадар узоққа чўзиляпти, деб ўйлайсиз?

- Олдинроқ айтганимдек, агарда коррупция ҳолати қонун устуворлиги мавжуд бўлмаган ва суд мустақиллиги таъминланмаган авторитар давлатда содир бўлган бўлса, Швейцарияда жиноят ишлари бўйича далил топиш жуда қийин масаладир. Айнан шу сабабли Гулноранинг адвокатлари шу услубни қўллашган ва Ўзбекистон тақдим этган далилларга ишониб бўлмаслигига урғу бериб келган. Улар ҳатто илгари Швейцария прокуратураси талаби билан ёпилган Takilant ни тиклашга муваффақ бўлишди. Фирмада расмий директорлик Гаяне Авакянга топширилган, бироқ Авакян ва Мадумаров ушбу активлар бенефициари ҳисобланган Гулнора Каримова номидан фирма активларини бошқариб келади. Улар унга активларга эгалик қилиш учун тегишли ишончнома беришган.

- Сиз ўз шарҳларингиздан бирида бу ишга АҚШ Адлия департаменти қўшилиши вазиятни ўзгартириб юбориши мумкинлиги тўғрисида гапиргансиз. Умуман олганда, "Гулнора иши" юзасидан қанча маблағ ҳақида гап кетяпти?

-​ Менинг ҳисоб-китобларимга кўра, гап тақрибан 1,2 миллиард доллар ҳақида кетяпти. Бу пуллар МТС, “Вымпелком”, TeliaSonera ва Ўзбекистондаги телекоммуникация соҳасидаги бошқа компаниялардан олинган маблағлардан ташкил топган. Унга газ ва нефт, турли завод ва фабрикалардан олинган пуллар, импорт ва экспортдан келиб тушган маблағлар киритилмаган. Биргина Швейцарияда ушбу маблағларнинг 800 миллион доллардан зиёдроғи сақланади. Шунингдек, унинг Ирландия, Белгия ва Люксембургда, шунингдек, Швецияда ҳам активлари бор. Гулноранинг пуллари Швециядан қайтарилмагани маълум. Биз фақат Гулноранинг Франциядаги мусодара қилинган кўчмас мулкидан 10-15 миллион доллар Ўзбекистонга қайтарилгани ҳақида биламиз.​

  • Гулнора Каримова Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди ҳукми билан 2020 йилнинг 18 март куни 13 йилу 4 ойлик қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди.
  • Каримова жиноий уюшма тузиш, товламачилик, ўзлаштириш ва растрата йўли билан талон-торож қилиш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва бошқа жиноятларни содир этганликда айбдор, деб топилган.
  • У 2019 йил баҳоридан бери Зангиотадаги 21-сонли аёллар колониясида жазо муддатини ўтамоқда.
  • Аввалроқ Адлия вазирлиги ва Бош прокуратура ваколатли идоралар иштирокида Гулнора Каримова томонидан жиноий йўл билан орттирилган мулкларни Ўзбекистонга қайтариш бўйича олиб борган саъй-ҳаракатлари натижасида жорий йил 14 майида Франциядан 10 миллион АҚШ доллари миқдоридаги активлар Ўзбекистонга қайтарилганини очиқлаганди.
XS
SM
MD
LG