Қозоғистонда қўлга олинганлар сони 8 минг кишига яқинлашиб қолди
Қозоғистонда оммавий норозлик намойишлари бошланганидан бери то шу кунгача 7939 киши қўлга олинди. Бу ҳақда Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги тарқатган маълумотга асосланган ҳолда қозоқ матбуоти хабар тарқатди.
Озодлик радиоси қозоқ хизматининг билдиришича, Ички ишлар вазирлиги сўнгги бир сутка ичида Олмаотада яна 508 киши ушланганини билдирган.
Аввалроқ Қозоғистон президенти матбуот хизмати деярли 6 минг киши ушланганини ва 125 та жиноят иши қўзғатилганини ёзган эди.
Владимир Путин КХШТ кучларининг Қозоғистондаги “чекланган муддат”и қачон якунланишини айтмади
Россия президенти Владимир Путин Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти - КХШТ давлат раҳбарларининг 10 январда ўтган навбатдан ташқари онлайн саммитида Қозоғистондаги тинч намойишчилардан ҳеч қандай таҳдид бўлмаганини ва “асосий таҳдид қуролланган шахслар томонидан” амалга оширилганини айтди.
Путинга кўра, Қозоғистонда “тартибсизликларни куч билан қўллаб-қувватлаш бўйича “майдон” технологияси қўлланилди”.
Россия президенти бу билан нима демоқчи бўлганини тушунтириб ўтирмади. Путин КХШТга аъзо давлатлар ўз ҳудудида “ташқи кучлар таъсирида” юзага келадиган “рангли инқилоблар” содир этилишига йўл қўймаслигини таъкидлади.
Путин ўз сўзида КХШТ кучлари Қозоғистонга чекланган муддатга киритилганини, кейинроқ олиб чиқиб кетилишини айтди. Аммо Путин “чекланган муддат”нинг муддати қачон якунланиши тўғрисида индамади.
Президент Тоқаев намойишлар ортидаги "ташқи кучлар" кимлигини айтди
"Бу террорчилик ҳужуми бўлганига менинг ҳеч шубҳам йўқ. Асосан, Марказий Осиё, жумладан афғонистонлик хорижий жангарилар иштирокида Қозоғистонга қарши яхши ташкилланган ва тайёрланган агрессия. У ерда Яқин Шарқдан ҳам жангарилар бўлган", - деб айтган Қасим-Жомарт Тоқаев Европа Кенгаши президенти Шарл Мишел билан видеоалоқа тарзида ўтказилган мулоқотда. Бу ҳақда Қозоғистон президентининг расмий вебсайти хабар бермоқда.
Тоқаев шунингдек, намойишлар натижасида Қозоғистонга етказилган зарар 2-3 миллиард АҚШ долларини ташкил этишини айтган.
Алихан Смаилов Қозоғистоннинг янги бош вазири этиб тайинланди
Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев 11 январь куни парламент қуйи палатасига Алихан Смаиловни мамлакат бош вазири лавозимига тайинлашга оид таклиф киритди.
Озодликнинг қозоқ хизмати хабарига кўра, йиғилишда фракция раҳбарлари ва Қозоғистон халқлар ассамблеяси депутатлик гуруҳи вакили мазкур номзодни қўллаб чиқишган.
Овоз беришдан сўнг қуйи палата спикери Нурлан Нигматулин Смаилов номзоди йиғилишда қатнашган 89 нафар депутатнинг барчаси томонидан дастакланганини билдирган.
Қозоғистонда аввалги ҳукумат мамлакат 2 январь куни бошланган норозилик чиқишлари ортидан истеъфога кетган эди.