Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:26

OpenDemocracy: Қозоғистон ёнмоқда, аммо қозоқ элитасининг Лондондаги бойлиги дахлсиз


Президент Нурсултон Назарбоев ва қизи Дариға Назарбоева Британия Қироличаси Елизавета II ва унинг эри, Шаҳзода Филипп билан, Букингем саройи, Лондон, 4 ноябрь, 2015
Президент Нурсултон Назарбоев ва қизи Дариға Назарбоева Британия Қироличаси Елизавета II ва унинг эри, Шаҳзода Филипп билан, Букингем саройи, Лондон, 4 ноябрь, 2015

Қозоғистон аҳолининг газ нархлари кўтарилишига қарши норозилигидан бошланган аксилҳукумат намойишлари ичида қоларкан, OpenDemocracy медиа платформаси қозоқ элитасининг Ғарб, хусусан, Лондондаги қимматбаҳо кўчмас мулкларига эътибор қаратди.

Тадқиқотчи журналист Томас Роулининг Opendemocracy.net сайтидаги мақоласида ёзишича, Лондонда Қозоғистон ҳукмрон элитасига тегишли бўлган 530 миллион фунт стерлингга тенг ҳашаматли мулк мавжуд.

Жорий ҳафта Қозоғистонда тартибсизликлар дастлаб тинч намойишлар кўринишида бошланди. Арзон, иккиламчи ёқилғи – суюлтирилган газ нархининг кескин ошиши Қозоғистон ғарбида оммавий намойишларга сабаб бўлди.

Назарбоев набирасининг Лондондаги уйи, 10 март, 2020
Назарбоев набирасининг Лондондаги уйи, 10 март, 2020

Бунинг ортидан Қозоғистоннинг биринчи президенти Назарбоев асос солган ва 1990‑йиллардан бери мавжуд бўлган тизим дарз кетгандек таассурот пайдо бўлди.

Ҳукумат истеъфога чиқди, собиқ раҳбар Нурсултон Назарбоев мамлакат хавфсизлик кенгаши раислигидан озод қилинди. Намойишчилар ҳукуматнинг маъмурий биноларига бостириб киришга уринди. Президент Қасим-Жомарт Тоқаевнинг илтимосига кўра, Россия қўшинлари мамлакатга кириб келди. Маҳаллий полиция вакилига кўра, Олмаота шаҳрида ўнлаб намойишчилар ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ўлдирилган.

Журналист Томас Роули “Open Democracy” нашрида эълон қилган мақоласида бир неча минг чақирим олисдаги Лондонда, Қозоғистон ҳукмрон синфига қарашли мулклар борлигини маълум қилди. “Chatham House” томонидан эълон қилинган сўнгги ҳисоботга кўра, қозоқ элитаси Лондонда камида 530.4 миллион фунт стерлинглик ҳашаматли мулкка эгалик қилади. Ушбу кўчмас мулкнинг 330 миллион фунт стерлинги Назарбоевлар оиласига тегишли.

“Лондонда Қозоғистон ҳукмрон оиласининг бундай катта ҳажмдаги мулкининг мавжудлиги Буюк Британияни авторитар режим ҳаракатларига алоқадорлигини кўрсатади”, дейди Лейбористлар партияси депутати Маргарет Ходж “Open Democracy”га берган интервюсида.

Мулкка эгалик қилувчи Назарбоевлар оиласи собиқ президентнинг қизи Дариға Назарбоева, унинг ўғли Нурат Алиев, Назарбоевнинг миллиардер куёви Тимур Кулибоев ва Назарбоевнинг қудаси тадбиркор Қайрат Бўронбоевдан иборат. Уларнинг 140 миллион фунт стерлинглик ҳашаматли кўчмас мулклари Бейкер стритдаги машҳур "Миллиардерлар кўчаси" ва Лондондаги “Бишоп” авенюсида жойлашган. Кулибоев 2007 йилда шаҳзода Эндрюдан “Саннингҳилл Парк” саройини 3 миллион фунт стерлингдан кўпроққа сотиб олган.

Назарбоевлар оиласининг мулки аввалроқ Буюк Британия ҳуқуқ-тартибот идоралари эътиборини тортган эди. 2020 йилда Жиноятчиликка қарши кураш миллий агентлиги (NCА) Роҳат Алиев учта кўчмас мулкни ўғирланган маблағлар эвазига сотиб олганини даъво қилиб, “Ноқонуний бойлик орттирганлик” ҳолати бўйича жиноят иши қўзғатди. Кейинчалик, Олий суд NCА даъвосини "ишончсиз" деб топди ва бу иш бекор қилинди. Ўшанда Алиев, NCА “менга, оиламга ва ватанимга нисбатан туҳмат қилиб, асоссиз айблади”, деб айтган.

Назарбоев режимига алоқадор яна бошқа номларнинг ҳам Буюк Британияда мулки борлиги маълум. Жумладан, мис магнати Владимир Кимнинг қизи «Оne Hyde Park»даги 27.5 миллион фунт стерлинглик ҳашамдор квартирага эгалик қилади. У пойтахт марказий яшил майдони чеккасида жойлашган иншоот. Роҳат Алиев биринчи оиланинг молия бошқарувчиси деб атаган банкир Ойгул Нуриева (ўша пайтда Нуриева бу даъвони рад этган) «Regents Park»даги 5.6 миллион фунт стерлинглик мулк эгаcи.

«Бу 530 миллион фунт стерлинглик мулклар ҳали ҳолваси бўлиши мумкин. Биз «Ноқонуний бойлик орттирганлик» иши бўйича ўтказилган тегишли суриштирувлар орқалигина Буюк Британиядаги бир қанча йирик кўчмас мулклар ҳақида хабар топдик. Билмаганларимиз ҳали кўп бўлиши мумкин», дейди “Chatham House” ходими Томас Мейн.

Лондонда ўз мулкига эга бўлганлар фақат Назарбоев ва унинг режимига яқин одамлар эмас. Бу борада Лондон уларнинг рақибларини ҳам ўзига оҳанрабодек тортган. Улардан бири Қозоғистон ҳукумати томонидан сўнгги ўн йилда бутун Европа бўйлаб таъқиб қилинган Мухтор Аблязовнинг Буюк Британияда бешта мулкка эгалиги, улардан иккитасининг ҳар бири 18 миллион фунт стерлингдан туриши айтилади. У ўз мол-мулкини ошкор қилмагани учун Буюк Британияда сиёсий қочқин мақомидан маҳрум қилинган ва ҳозирда Францияда яшаб келмоқда. Мухтор Аблязов ҳозирги намойишларни қўллаб қувватлашини билдирган.

“Ҳукмрон элита бўлмиш Назарбоевлар оиласи ва уларга яқин инсонлар ўзлари учун улкан бойлик орттириш мақсадида ўз ваколатидан фойдаланган. Улар буни нефть ва газ саноатини назорат қилиш орқали амалга оширди”, дейди, Эксетер университети халқаро алоқалар бўлими доценти ва “Chatham House” ҳисоботининг ҳаммуаллифи Жон Хезершоу.

Жон Хезершоу Назарбоевлар оиласи ва уларга яқин одамларнинг дабдабали турмуш тарзи ва бойлигини ҳозирги норозиликларнинг сабаби сифатида кўрсатди.

У намойишчиларнинг эрта нафақага чиқиш, болалар нафақалари ва пенсияларни ошириш тўғрисидаги талабларини таъкидларкан, «Қозоғистонда одамлар йиллар давомида бу шоҳона турмуш тарзидан хабардор бўлиб келди. Охир оқибат бу жуда катта норозиликни келтириб чиқарди», дея фикр билдирган Хезершоу.

Президент Нурсултон Назарбоев 2019 йилда 29 йиллик раҳбарликдан сўнг истеъфога чиққан бўлса‑да, унинг давлат бойлигини халққа эмас, элитага тақсимлаш тизими ўзгаришсиз қолди. КPMG компаниясининг 2019 йилдаги ҳисоботига кўра, мамлакатдаги 162 киши давлат умумий бойлигининг 50 фоизига эгалик қилади. Бинобарин махфий ўтказмалар ва оффшор транспорт воситалари мамлакат элитаси ҳаёт тарзининг ўзига хос хусусияти бўлиб келган.

«Бу норозиликлар мамлакат иқтисодий сиёсати бутулай танқид қилинаётганини кўрсатади», деди Хезершоу.

Яқинда қозоғистонлик журналист Дмитрий Мазоренко “Open Democracy” журналига таъкидлаганидек, глобал пандемия даврида мамлакатдаги тенгсизлик баттарлашган, бироқ мамлакатда миллиардерларнинг расмий сони 4 тадан 7 тага ошган. Кўпчилик нархлар ўсиши ва инфляция шароитида кун кечириш учун кредит олган.

Бу танқидларнинг Лондонга етиб бориш-бормаслиги Буюк Британия ҳукумати ва ҳуқуқ-тартибот идораларига боғлиқ. Хориждаги мулк регистрларини текшириш ваколатларини ўз ичига олган молиявий шаффофлик чораларини жорий этиш муддати узайтирилди. Бу эса элитанинг Буюк Британиядаги бошқа бойликларини ҳам очишга ёрдам беради, қолаверса, шу пайтгача шубҳали бойлик орттириш билан ҳеч ким рушнолик кўргани йўқ.

Қозоғистон бўйлаб бошланган фавқулодда ҳолат ва норозилик намойишлари ортида нима бор?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:18 0:00

“Буюк Британия авторитар давлатлардаги элита томонидан ўз ҳудудига ўтказилаётган ҳаддан ортиқ кўп маблағлар масъулиятни ўз зиммасига олмас экан, далиллар Британия Виржиния оролларидаги компанияларга, махфий ҳиссаларга ва Лондондаги қимматбаҳо мулкларга ишора қилаверади. Бу эса ўз навбатида «Глобал Британия» учун шармандали ҳол”- дея хулоса қилади мақола муаллифи Томас Роули.

XS
SM
MD
LG