Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:55

Миразиз Бозоров устидан суд: Блогерни уй қамоғидан чиқариш талаби рад этилди


Миразиз Бозоров устидан суд бошланди, Миробод туман Жиноят ишлари суди, 20 январь, 2022
Миразиз Бозоров устидан суд бошланди, Миробод туман Жиноят ишлари суди, 20 январь, 2022

Жиноят ишлари бўйича Миробод туман суди блогер Миразиз Бозоров устидан, тергови узоқ давом этган жиноят ишини кўришни бошлади.

У Ўзбекистон Жиноят кодексининг 139-моддаси 3-қисми г-банди билан туҳмат қилишда айбланмоқда.

30 яшар блогер ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон ҳукуматини коррупцияда айблаб, қилган кескин танқидий чиқишлари ва Жиноят кодексидан “Бесоқолбозлик” моддасини чиқариш ҳақидаги чақириқлар билан танилган.

20 январь кунги биринчи мажлис очиқ деб эълон қилинганди, лекин унга журналистлар қўйилмади.

Тошкент шаҳар суди матбуот котиби Садоқат Аллаберганова журналистлардан манфий ПЗР-тест натижасини талаб қилди.
Аввалдан огоҳлантирилмаганидан норози бўлган ОАВ вакиллари саволларига жавоб бермади.

Аммо, маҳкамада қатнашаётган “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташановга кўра, чет эл дипломатик корпуси, Европа Иттифоқи ва БМТ ваколатхонасидан вакиллар судга киритилган.

Адвокати Сергей Майоров, 20 январь кунги маҳкамада суд иштирокчиларига тафсилотларни очиқлаш судя томонидан тақиқланганини маълум қилди:

- Судя, суд жараёни тугагунча иштирокчиларга бирор бир тафсилотни бирор бир кўринишда ошкор қилиш ёки тарқатишни тақиқлаш ҳақида қарор қабул қилди. Шу боис, маълумот беролмайман. Жараённи аудио ёки видеоқайдга олиш ҳам тақиқланди. Мен бунга қаршилик билдирдим, чунки суд давлат тилида бўлди, таржима қилинди, таржима ва аслида тафовут бўлиши мумкинлигини инобатга олишни сўрадим, аммо қаноатлантирилмади.

Ҳозирча, 20 январь кунги мажлис бошида ҳимоянинг М. Бозоровга нисбатан "уй қамоғи" эҳтиёт чорасини бекор қилиш сўрови қабул қилинмагани, мажлисда асосан жабрланувчи томоннинг кўрсатмаси тинглангани маълум.

Бозоров устидан судга шикоят аризаси киритган жабрланувчилар 4 киши.

Аббураҳмон Ташановга кўра, булар Ислом цивилизацияси маркази собиқ ходими, тармоқларда Аброр Мухтор Алий тахаллуси остидаги зиддиятли чиқишлари билан танилган Аброр Абдуазимов, Ютюб тармоғидаги канали билан танилган Шуҳрат Мусаев, Телеграм тармоғида фаол Абусолиҳ Салимов ҳамда 110-мактабнинг бир ўқитувчиси.

Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон ҳукуматини коррупцияда айблаб, кескин танқид қилган ва ЛГБТ ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, хусусан Жиноят кодексидан “Бесоқолбозлик” моддасини чиқариб ташлашга чақирган 30 яшар блогер Миразиз Бозоров устидан тергов қарийб 10 ой давом этди.

Иш тафсилотларини кузатаётган Абдураҳмон Ташановга кўра, терговнинг чўзилишига пандемия ҳамда айбланувчининг соғлиги сабаб қилиб келтирилган.

Жиноят иши ўтган йил 28 апрелда очилган. Блогернинг ўзи 29 апрелда уй қамоғига ташланган, судга ҳам уй қамоғидан олиб келинди.

Тергов жараёнида блогер аввал жабрланувчи бўлди, кейин гумонланувчига айланди ва жиноятчи ўлароқ судга келтирилди.

Ўтган йилнинг 28 март оқшомида бир гуруҳ номаълум шахс блогерни ўз уйи олдида калтаклаб кетганди.

Ўша куни у Тошкент марказидаги Амир Темур хиёбонида, япон анимеси ва корейс поп мусиқаси мухлислари йиғини ўтказилиши режалаган, аммо ўтказилмаган эди.

Калтакланишидан аввал, Озодлик билан гаплашган блогер, ҳар якшанба бўладиган тадбирга, бу гал агрессив кайфиятдаги юзга яқин одам қаршилик қилгани, тадбир қолдирилганини билдирган.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода ўша куни бу тадбирни, ЛГБТ гуруҳлари тарғиботи, деб қоралаган ўнлаб норозиларнинг хиёбонда "Аллоҳу Акбар" деб ҳайқиргани ва юриш қилгани акс этган.

Гувоҳларга кўра, бир ёш йигит ва қиз калтакланган. Уларни оломон ғазабидан ички ишлар ходимлари қутқариб қолгани хабар қилинганди.

Ўша куни оқшом, юзига ниқоб таққан номаълум шахслар блогерни ўз уйи олдида бейсбол тўқмоқлари билан калтаклаб кетди.

Оғир тан жароҳатлари олган блогер касалхонага ётқизилди.
Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси суриштирув бошлади. Блогерни калтаклаганлардан бирининг фотороботини эълон қилди. (Бу шахс ва блогерни калтаклаган бошқа шахслар ушланганига оид маълумот Озодликда йўқ).

Аммо суриштирув ниҳоясида ИИВ, шифохонада ётган Миразиз Бозоров устидан ҳам 28 та ариза тушгани, булар орасида Миробод тумани 110-сон умумтаълим ўрта мактаби ўқитувчилари борлигини маълум қилди.

Адвокати Сергей Майоровга кўра, норозилар блогернинг ТикТок тармоғидаги чиқишлари, жумладан “Мактаб-эски қуллар ва омадсизлар, ёш авлодни қул ва омадсиз бўлишга ўргатадиган жой” каби гапларига эътироз билдиришган.

Сўнгра шикоятчилар сафига блогерлар қўшилди, Бозоровни ҳақорат ва туҳматда айблашди.

Шу тариқа, оғир аҳволда аравачада шифохонага етказилган блогер, у ердан қўлида кишан билан олиб чиқилди ва уй қамоғига ташланди.

Аммо, Амир Темур хиёбонидаги воқеалардан аввал ҳам блогер жамоатчилик диққат марказида қолаётган эди.

У ўзининг “Канал Базарова” Телеграм каналида, президент Мирзиёев бошқаруви остида коррупция кучайиб кетгани, янги бошланган сиёсий-иқтисодий ислоҳотлар халқ учун “катта йўқотиш” деб билишини, пандемия пайтида ҳукумат “халқ пули ўғирлади” деган хулосалари акс этган видеопостларни бот бот эълон қилган.

2021 йил 24 октябрда бўлган президентлик сайловини “бойкот қилишга” ҳам чақирган.

Қатор халқаро ташкилотлар, жумладан халқаро диний эркинлик бўйича АҚШ комиссияси, Хьюман Райтс Вотч инсон ҳуқуқлари ташкилоти, шунингдек АҚШ ҳамда Британиянинг Ўзбекистондаги элчилари блогер ишига эътибор қаратган.

Улар фаол блогер Миразиз Бозоровга ҳужумни қоралаган ва ўзбек расмийларини ҳодиса юзасидан холис текширув ўтказишга чақирган.

20 январь кунги маҳкамада қатнашган “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташанов, ҳозирча судлов ва тергов хулосасида Миразиз Бозоровнинг фаолиятига оид сиёсий айбловлар кўзга ташланмаганини айтади.

20 январда Тошкентда бошланган маҳкама жамоатчилик ва тармоқларнинг диққат марказида.

Бир тарафда, Бозоровни ЛГБТ тарғиботчиси деб қоралаётган гуруҳлар бўлса, бошқа тарафда босимлар, блогернинг ҳукуматга қаратилган танқидий чиқишларига боғлиқ, деб тахмин қилаётган халқаро жамоатчилик турибди.

Ҳозирча суднинг биринчи мажлиси тафсилотлари очиқланмади. Кейинги мажлис 21 январь соат 10 га белгиланган.

Айбдор деб топилгани тақдирда Бозоров катта миқдорда жарима, ёки мажбурий жамоат ишларига жалб этиш, ёҳуд 3 йилгача озодликни чеклаш билан жазоланиши мумкин.

XS
SM
MD
LG