Линклар

Шошилинч хабар
21 декабр 2024, Тошкент вақти: 04:51

"Муҳожир учун муҳими ойлик". Ёлланма ишчилар нимадан норози? (ВИДЕО)


Россия энг кўп қурувчиларни жалб қилаётган мамлакат бўлиб қолмоқда
Россия энг кўп қурувчиларни жалб қилаётган мамлакат бўлиб қолмоқда

Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги (ТММА) ўтган 2021 йил давомида 108 минг 592 нафар одамни ишга жойлаштиргани ҳақида эълон қилди. Агентлик очиқлаган ҳисоботларда қанча меҳнат муҳожирига моддий ёрдам берилгани, қанчаси қийин аҳволга тушиб ватанга қайтарилгани, яна қанча одамга ҳуқуқий маслаҳат берилгани ва пуллари ундирилгани тўғрисида батафсил айтилган.

Айни пайтда Ўзбекистон меҳнат вазирлиги шарномаси асосида ишга ёлланганларнинг бир қисми ҳужжатда кўрсатилган шартлар бажарилмаётганидан арз қилмоқда.

"Ишдан норозилар депорт бўляпти"

Ташқи меҳнат миграцияси агентлигига кўра, ўтган йили 108,5 минг нафар ўзбекистонлик хорижий давлатларда ишга жойлаштирилган. Шундан 100 мингдан зиёдроғи Россияга, қарийб 7 минг нафари Қозоғистонга, қолганлар Жанубий Корея, БАА ва Туркия сингари давлатларга юборилган.

Тошкент вилоятидан бўлган Миролим Меҳнат вазирлигининг пилот лойиҳаси асосида Россиядаги қурилиш компаниясига ишга жалб қилинганлардан бири.

- Шартнома асосида Москва вилоятидаги “ПИК-Индустрия” қурилишига келдик. 40 мингдан бошланади ойлик, дейилганди. Бу ерга келсак, қурилишда биздан бошқа ҳеч ким у нархга ишламас экан. Оддий фаррошлар биздан кўп пул топяпти, нархлар жуда баланд бўлиб кетган. Устига кеча рубл яна тушишни бошлади. Хуллас, бу ойликка қориндан орттириб бўлмас экан. Номардлик бўлмаслиги учун биз бир-икки ой ишлаб, 70-80 минг ишлаш мумкин бўлган жойга ўтиб кетмоқчи эдик. Кейин билсак, патентимизни орқасига “ПИК-Индустрия” ёзиб қўйибди. Бу дегани биз бошқа жойда ишлай олмаймизми? – дея савол берди ўзбек муҳожири.

Миролим иш берувчи ташкилот уларга патент тайёрлашда кўмаклашгани, қайдга турғизгани, ётоқ жой билан таъминлагани ва йўлкира ҳақини олмаганини ҳам қўшимча қилди.

"Муҳожир учун муҳими ойлик"

Россияда ишлаётган ватандошлар билан суҳбатлар асносида Озодлик Ўзбекистон Меҳнат вазирлиги ва Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги келтираётган рақамларда ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари дуч келаётган кўплаб муаммолар акс этмаётганини аниқлади.

Маълум бўлишича, ишга ёлланган ишчиларнинг бир қисми уларга ваъда қилинган шартлар бажарилмагани боис бошқа ишга ўтиб кетишга мажбур бўлмоқда.

Андижонлик Жўрабек одамлар ТММА ходимлари олиб бораётган тарғибот ишларига ишониб қолмоқда, дейди.

- Улар сизни давлат ҳимоя қилади, деб ишонтиради. Мен Фарғонадаги бўлимга борганман. “Бошингга ғишт тушса ҳам даволатамиз, суғурталанасан, пенсионний берамиз, ётоқ берамиз, прописка қиламиз, ойликларингни вақтида оласан”, дейди. Лекин иш бошлаганидан кейин ё ётоқ, ё егулик, ё иш шароити йўқлиги аниқланади ёки ойликлар вақтида берилмайди. Кимда қанақа. Ҳар қандай норозиликни иш берувчи бостиради, норозиларни депорт қилади, синдиради. Албатта, уларнинг бир қисми рози бўлиб ишлайверади, чунки шартномага қўл қўйиб қўйган, - дейди Жўрабек.

Меҳнат вазирлиги томонидан Россияга юборилган андижонлик муҳожирлар
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:58 0:00

Сурхондарёлик Нозима Россияда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан ташкил этилган махсус курслар битирувчиси. Унинг айтишича, сертификати бўлишига қарамасдан иш топа олмаган.

- Ўтган йили мен “бўёқчилик” курсларини тамомлагандим. Аммо мутахассислигим бўйича иш топа олмаяпман. “Сен аёл киши – бизга эркаклар керак” деса битта жойда, бошқаси “Иш стажинг йўқ!” деяпти. Менда эса диплом бор, малакам йўқ-да! Шунинг учун ошпазлик қилиб юрибман. Ўқишга бекор вақт кетгизганим қолди, дейди у.

Пилот лойиҳаси асосида Москвага олиб келинган яна бир ўзбек муҳожири - сирдарёлик 35 яшар Дилшодбек Меҳнат вазирлиги ва Россия фирмалари ўртасида тузилган шартнома асосида олиб келинаётган ўзбекистонлик ишчиларнинг аксар қисми айнан маош масаласида тортишиб қолаётганини айтади.

- Одамларни олиб келиб, СНИЛС, регистрация, патент, бошқа ҳужжатлар тайёр бўлгунча 1-2 ой ишсиз ётоқхонада ушлаб тураётган ташкилотлар ҳам бор. Одамларнинг оиласи бор, нимадир ейиши-ичиши керакку! Айтмоқчиманки, майли ётоқ бермасин, овқат қилмасин, ҳатто ҳужжатларни расмийлаштирмасин. Муҳожирларимизни қизиқтираётган энг муҳим масала –яхши ойлик берсин, ўз вақтида берсин. Бўлди! Бошқа ҳеч нарса керакмас: ҳеч ким кетиб қолмайди, ҳеч ким норозилик билдирмайди, - дея фикр билдирди Дилшодбек.

Таъкидлаш жоизки, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан Россияга ишга олиб келинаётган ўзбек мигрантларининг берилаётган маош ва ташкил этилган шароитлардан тўлиқ қониқиш ҳосил қилганлар ҳам йўқ эмас.

ТММА расмий Телеграм каналида Қорақалпоғистондан келтирилган ишчилар идора ходимларига раҳмат айтаётганини кўриш мумкин:

- Шароитлар зўр: туалет, ванна, душ... Гостиницага ўхшаш. Ошхонани ҳам кўрсатаман ҳозир. Ишга автобусда олиб борилиб, олиб келиняпмиз.

- Ташқи меҳнат миграциясига жўнатганига раҳмат – шароитлари, ётоқлари яхши. Электричество билан ишлайман, квартираларга электримни тортаман. Электрикман, ҳақиқатан шу иш бўйича ишлаяпман, дейди “ГВСУ спецмонтаж” қурилиш фирмаси ишчиси бўлган муҳожир.

"Муҳожир нима хоҳлаётгани уларга қизиқ эмас"

Нима сабабдан айниқса россиялик иш берувчилар томонидан ишчи мигрантлар билан тузилган шартномаларни бажармаслик ёки бузиш ҳолатлари кузатилмоқда?

Озодликнинг бу саволларига Ўзбекистонда рекрутинг билан шуғуллананган Меҳнат вазирлиги собиқ мутассадиси жавоб берди. Исмини маълум сабабларга кўра очиқламасликни сўраган ходим охирги бир неча ойда Меҳнат вазирлигига қарашли ТММА тузилмасининг барча кучлари муҳожирларни жалб қилиш бўйича пилот лойиҳаларига қаратилган:

- Масалан, ҳозир бизда мигрантларни ишга жалб қилиш бўйича пилот лойиҳалари амалга оширилмоқда. Барча вилоятларда Россия Федерацияси компаниялари қурилиш соҳасидаги бўш иш ўринлари бўйича ўтган йилнинг октябрь ойидан бери танлов ўтказилмоқда. 10 мингтадан ишчини Россия қурилиш майдонларига жалб қилинмоқда. Сиз тилга олган “ПИК-Индустрия”, “Стройкрафт”, “Дина” ва бошқа асосан қурилиш компаниялари. Лойиҳага Россия Қурилиш, Соғлиқни сақлаш, Меҳнат, ИИБ, ФВВ ва бошқа идоралари ҳам киритилган. Бизнинг бор кучимиз, маблағларимиз шу лойиҳани амалга оширишга сарфланаяпти. Тузилаётган шартномада меҳнат муҳожири талаблари кўп ҳолларда инобатга олинмаётир.

Суҳбатдошнинг фикрича, бундай вазиятнинг юзага келишига яратилган “мажбурлаш” тизими сабабчи.

- Яъни иш берувчи мигрантнинг транспортировкаси, ҳужжатлари, патент, суғурталарини тўлаб беряпти. Патентга муҳожир қайси фирмага бириктирилгани ҳам ёзиб қўйиляпти. Яъни, у ерда ишлашни истамаган мигрант мамлакатни тарк этиб, қайта кириб патент олиши лозим! Амалда эса система ишчиларни яримқулларга айлантирмоқда, худди шу тизими уларни қонунбузарликка ундамоқда, уларни кредитлар олишга мажбурламоқда. Одамлар “ишламаймиз” демайди, агар шароитлар бўлса. Улар боргандан кейин тўлиқ иш берувчи қўлига тушиб, ҳуқуқсиз ишчиларга айланмоқда. Бир нима деса “Сен учун тўлаганмиз!”, деяпти. Муҳожир нима хоҳлаётганини уларга қизиқмас. Биздаги ҳамма муаммо худди шу “мажбурлаш”га бориб тақалмоқда, - деди Меҳнат вазирлигининг собиқ ходими.

Ўтган йилнинг сентябр ойида Россия Қурилиш вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Роструд, Меҳнат вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва Москва ҳукумати вакилларидан иборат расмий делегацияси Тошкентга ташриф буюргани ва меҳнат мигрантларини жалб этиш бўйича пилот лойиҳасини амалга ошириш бўйича шартнома тузган эди. 2021 йилнинг 7 октябр куни Россия Бош вазири Михаил Мишустин ушбу дастурни ишга тушириш ҳақидаги фармонни имзолади.

Ўзбекистон томонидан бу лойиҳанинг асосий ташаббускорларидан бири Ўзбекистон Меҳнат вазирининг биринчи ўринбосари Эркин Муҳиддинов экани айтилади.

Пилот лойиҳалари доирасида Муҳиддинов бошчилигидаги делегация Россиянинг 170та иш берувчиси билан шартнома тузгани айтилади.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки маълумотларига кўра, 2021 йилда муҳожирлар томонидан Ўзбекистонга 8,1 млрд. АҚШ доллари ҳажмида пул ўтказмалари амалга оширилди. Мутахассислар амалга оширилган трансчегаравий пул ўтказмалари ҳажми 2019-2020 йилларга нисбатан 34 фоизга ошганини (6,0 млрд. АҚШ доллар) айтмоқда.

2021 йил давомида Россияга борган меҳнат мигрантларнинг катта қисмини ўзбекистонликлар ташкил этган.

Россия ИИВ маълумотича, ўтган йилда 3 миллиондан зиёдроқ ўзбекистонлик Россияга меҳнат муҳожирлигига борган. Кейинги ўринларни Тожикистон (1,5 миллион), Қирғизистон (623 минг), Арманистон, (298 минг) ва Озарбайжон (185 минг) эгаллаган.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG