Линклар

Шошилинч хабар
26 декабр 2024, Тошкент вақти: 00:57

Блэкаут: Ўзбекистон шифохоналаридаги беморлар ҳоли не кечди? 


Ўзбекистонда электр таъминотидаги узилишлар сабаб, сунъий нафас олиш қурилмаси ишламай қолиб, ўлим ҳолатлари ҳам бўлган.
Ўзбекистонда электр таъминотидаги узилишлар сабаб, сунъий нафас олиш қурилмаси ишламай қолиб, ўлим ҳолатлари ҳам бўлган.

Ўзбекистон соғлиқни сақлаш расмийлари 25 январь куни содир бўлган блэкаут - энерготизимдаги йирик авария сабаб беморларнинг аҳволи оғирлашгани ёки ўлим билан боғлиқ бирор ҳолат қайд этилмаганини айтишмоқда.

Айни пайтда ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарлар ва Озодлик суҳбатлашган шифокорларнинг сўзларидан мамлакатдаги барча тиббиёт муассасалари ҳам захира қувватига ўтолмагани, беморлар ҳаёти учун жиддий хавфлар юзага келгани англашилади.

Баъзи шифохоналарда муолажалар вақтинча тўхтади

Ўзбекистон ҳукуматининг Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Севара Убайдуллаева Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистонда электр таъминотида узилишлар бундан олдин ҳам бўлгани сабаб тиббиёт муассасаларида муқобил электр манбалари “аввалдан шай қилиб қўйилганини” таъкидлади.

“Дизель билан ишлайдиган генераторларимиз бор. Свет ўчиши билан автомат ишлаб кетади. Шунинг учун электр узилиши ҳолатига боғлиқ бўлган ўлим бўлмади.

Олдинлари ҳам бунақа свет ўчишлар бўлгани учун ҳар бир касалхонада электр генераторлар ўрнатганмиз. Мени ўзим шахсан жойларга чиқиб тураман, узлуксиз ишлашини кўрганман шу генераторларни. Ёқилғиси солинса ишлайверади.

Сунъий нафас оладиган беморлар бор, реанимацияда ётганлар бор, операциядан кейинги беморлар бор, уларга муолажа жараёнини узлуксиз ушлаб туришга шу генераторлар ёрдам беради”, - дейди Севара Убайдуллаева.

Бундан олдин Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот котиби Фурқат Санаев ҳам свет ўчган ҳудудларда касалхона ва поликлиникалар заҳира қувватига ўтказилгани, беморлардан муаммо ҳақида ҳеч қандай шикоят ва мурожаат бўлмаганини билдирган.

Санаевнинг айтишича, 26 январь куни электр энергияси таъминоти тўлиқ тикланган ва шифохоналар одатий иш тартибида фаолият юритмоқда.

25 январь куни Ўзбекистон энерготизимида юз берган “йирик носозлик” деярли бутун мамлакатни бир неча соат давомида электрсиз қолдирди.

Генераторлар ҳамма жойда ҳам ишламайди

Айни пайтда ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарлар ва Озодлик суҳбатлашган шифокорларнинг сўзларидан маълум бўлишича, блэкаут ортидан мамлакатдаги ҳамма тиббиёт муассасалари ҳам захира қувватига ўтолмаган.

Сурхондарё вилояти Ангор тумани касалхонасида ишловчи исмини очиқламасликни сўраган шифокорнинг Озодликка айтишича, генераторлар ишламайди.

“Свет ўчди, сув насослари ишламай, сув ҳам узилиб қолди. Оғир беморлар танг аҳволда қолди. Жуда қийин бўлди. Номига қўйилган 380 волтлик генераторлар бор-ку, ишламайди, кеча ҳам ишламади.

Биз туман шифохонаси бўлгани учун кислородга уланган беморларни вилоятга жўнатамиз, уларда движок бор. У ерда ҳам баъзида ишламайди. Оғир беморларга свет ўчиб қолса, ручной ҳаво берадиган махсус қоп билан қўлда кислород берилади. Шошилинч операция пайти свет ўчиб қолса, телефон ёки шам ёруғида Ибн Сино давридагидай операция қилинади. Кеча, Худога шукур, операция пайти бўлмади свет ўчиши”, - дейди ангорлик шифокор.

Навоий вилояти Қизилтепа туманидаги касалхонада ишловчи шифокор Жавоҳир Хотамов ҳам генераторлар ишламаслигини айтади.

“Кеча жуда қийин бўлди. Генераторлар бор, ишламайди. Фақат операцион хонада кичкина генераторлардан фойдаланишади. Касалхона ҳовлисида катта генератор олиб келиб қўйишган, лекин ишламайди. Комиссия келса кўрсатишади, 2015 йилдан бери ётибди. Шунга кеча, ток бўлмаганидан кейин лаборатория, ЭКГларни қилолмадик, беморларга муолажани беролмай қолдик. Шунга бугун касал тиқилиб кетиб қолди. Ҳозир свет бор энди”, - дейди Жавоҳир Хотамов.

Айни пайтда тармоқ фойдаланувчилари қатор шифохоналарда ҳануз электр йўқлиги ҳақида ёзишмоқда.

Жумладан, Наманган вилоятидаги Педиатрия бўлими шифокори Telegram тармоғидаги “Шифокорлар” гуруҳида "болаларни қўрқитмаслик учун фонар тизимида ишлашаётгани, ҳануз электр токи келмагани" ҳақида ёзди.

Хоразмдаги Гинекология бўлимларидан бирининг врачи эса, ўзи ишлаб турган бўлимда на свет, на иссиқ-совуқ сув йўқлиги, шифокорлар ва беморлар оғир аҳволда кутаётганини билдирди.

"Свет йўқ, хоналар совуқ"

Электр таъминотидаги узилиш сабаб нафақат чекка ҳудудлар, балки пойтахт Тошкент ва бошқа йирик шаҳарлардаги касалхоналарда ҳам муаммолар юзага келгани кузатилди.

Тошкентдаги AKFA Medline хусусий клиникасида даволанаётган беморлар 25 январь куни свет йўқлиги ва иситиш тизимлари ишламаётгани ҳақида шикоят қилди.

“Камида 850 минг сўм тўлаймиз, свет йўқ, хоналар совуқ, беморлар ҳамшираларга пул бериб, шам ёқишяпти. Бу хусусий касалхона, давлатникини тасаввур қилаверасиз”, - деди Озодликка исми очиқланмаслигини истаган беморлардан бири.

Самарқанддаги Шошилинч тиббий ёрдам марказида даволанаётган беморлардан бири Озодликка:

“Касалхонанинг диализ бўлимида электр қуввати узилиши туфайли сунъий буйрак аппаратлари ўчиб, барча беморлар ҳаётий муолажаларсиз қолиб кетишди”, деб айтди.

Тошкентдаги Республика Онкология ва радиология марказида эса 25 январь куни блэкаут сабаб муолажалар тўхтатилди.

Тошкентдаги Онкология марказига Elekta Infinity ширкати ишлаб чиқарган замонавий чизиқли тезлаткич нур бериш ускунаси 2018 йилда қарийб 2 миллион доллар эвазига ўрнатилганди.
Тошкентдаги Онкология марказига Elekta Infinity ширкати ишлаб чиқарган замонавий чизиқли тезлаткич нур бериш ускунаси 2018 йилда қарийб 2 миллион доллар эвазига ўрнатилганди.

Марказга Elekta Infinity чизиқли тезлатгични етказиб берган “UMN Medical” ширкати бош директори Манвел Арутунянинг Озодликка айтишича, юқори технологияли ускуналар генераторда ишламайди.

“Чизиқли тезлатгичлар доимий токда ишлайди, движокда ишламайди. Кеча муолажа шунинг учун тўхтатилган эди. Бугундан тўлиқ режимда ишлаяпти”, - деди Арутунян.

Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Севара Убайдуллаева Озодлик билан суҳбатда баъзи касалхоналарда муаммолар юзага келган бўлиши мумкинлигини инкор қилмади.

“Тўғри, баъзи ускуналарга доимий ток керак. Ҳар-хил ҳолат бўлиши мумкин, движоклар ишламай қолиши мумкин. Мана, гемодиализ ускунаси ҳам сиз айтаётгандай, юқори технологияли қурилма, у ҳам электродвижок билан ишламаслиги мумкин. Бизда оғир беморларни ушлаб турган ускуналар учун керак бўлган қувватига қараб движок ўрнатганмиз. Гемодиализ ёки нурлаш ускуналари билан муолажа кейин ҳам давом эттириш мумкин бўлган муолажалар сирасига киради. Свет тиклангандан кейин ҳам давом эттирса бўлади. Ҳаёт учун реанимацион ҳолатларда инсон ҳаётини сақлаб қолиш мумкин бўлган ҳолатларда юқори қувватли генераторлар ишлатилади”, - дейди Севара Убайдуллаева.

Бундан аввал электр таъминотидаги узилишлар сабаб сунъий нафас олиш қурилмаси ишламай қолиши натижасида ўлим ҳолатлари ҳам бўлган.

2018 йилнинг декабрида Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл туманида 59 яшар ўқитувчи электри ҳар куни узилиб турган касалхонада 14 кун комада ётиб вафот этгани ҳақида Озодлик хабар берган эди.

Движок ишламай қолиши билан боғлиқ баъзи ҳолларда шифокорлар ёки қариндошлари қурилмани қўли билан сиқиб, беморларга кислород беришга мажбур бўлган ҳолатлар ҳам кузатилган.

“Блэкаут” Марказий Осиёнинг Ягона электр тармоғига уланган қўшни давлатлар - Қозоғистон ва Қирғизистоннинг йирик шаҳарларида ҳам кузатилди. Миллионлаб аҳоли электр энергиясисиз қолди.

Аммо бу давлатларда электр таъминоти бир неча соат ичида тўлиқ тикланди.

Ўзбекистон Энергетика вазирлигининг билдиришича, мамлакатнинг айрим ҳудудларида 27 январь куни ҳам энерготизимдаги йирик авария оқибатларини бартараф этиш ишлари давом эттирилади.

XS
SM
MD
LG