Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:49

“Юз йил олдин қандай бўлсак, шундаймиз”. АОКА ўтган асрда ишланган фильмдаги "очиқ саҳна"ни текширмоқда


Рожер Дональдсон суратга олган ва Мел Гибсон бош ролни ўйнаган “Баунти” фильми қарийб 40 йил аввал экран юзини кўрган.
Рожер Дональдсон суратга олган ва Мел Гибсон бош ролни ўйнаган “Баунти” фильми қарийб 40 йил аввал экран юзини кўрган.

Sevimli телеканалида намойиш этилган “Сабрия” сериали атрофидаги можаро Ўзбекистондаги расмий ахлоқ-одоб нормалари ва цензура борасидаги баҳсларни яна бир марта кун тартибига олиб чиқди.

Ҳозирнинг ўзида телеканал раҳбариятидаги истеъфолар ва у билан афиллангани айтилган Ўзбекистон Кинематография агентлиги раҳбари Фирдавс Абдухолиқовга қарши манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ текширув ҳамда маҳкамага сабаб бўлган можарога расмийлар, ижтимоий тармоқлар ва киночиларнинг муносабатлари турлича.

Вақти-вақти билан юз берадиган бу каби можаролар манзарасида Ўзбекистонда нимани кўрсатиш мумкину, нимани кўрсатиш мумкинмаслиги ҳақидаги мунозаралардан тортиб, либерализм ва анъанадорлик, давлатнинг ахборот сиёсати ҳамда медиа макондаги рақобатга қадар турли фаразлар илгари сурилади.

30 январь куни “Кинотеатр” телеканалида намойиш этилган “Баунти” фильмидаги ярим яланғоч қабила аëлларининг тасвирлари тармоқларда эътирозларга сабаб бўлди.

Ўтган асрнинг саксонинчи йилларида денгиз саргузаштлари жанрида олинган хорижий фильм намойиши юзасидан Ўзбекистон Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги дастлабки ўрганиш ишларини олиб бораётгани ва экспертлар тайинланганини маълум қилди.

Орадан бир кун ўтиб телеканал масъулларидан бири ишдан олинди, яна бирига хайфсан берилди.

Режиссёр Рожер Дональдсон суратга олган ва Мел Гибсон бош ролни ўйнаган “Баунти” фильми экран юзини кўрганига қарийб қирқ йил бўлди.

Фильмда қабила аёлларининг кўкраги очиқ юргани акс этган бир неча сониялик саҳналар бор.

“Уятмен”лар назари яна аёллар кўкрагига тушди”

Ўзбекистонлик таниқли фотосуратчи ва ҳужжатли фильм устаси Умида Аҳмедова 21 асрда қирқ йил олдин олинган фильмнинг “менталитетга тўғри келмайди”, дейилаётганидан таассуф билдиради.

“Биз қандай давлат, исломий давлатми ё дунёвий? Жадидчи боболаримиз юз йил олдин айтган гаплар шу кунда ҳам актуал бўлиб қоляпти. Масалан, Мунаввар қори Абдурашидхоновнинг “Туркистон” газетасида 1923 йилда чиққан сўзлари. “Бугун Оврўпо халқи осмонга учар экан, бизда соч ва соқол муҳокамада”. Бу юз йил олдин ёзилган. Майли, “Баунти” фильми тижорий фильм экан. Лекин бу тақиқ асосида қанча-қанча классик фильмларни кўрсата олмаймиз”, - дейди Аҳмедова.

Ўзбекистонлик таҳлилчи Алишер Илҳомов “Баунти” фильмида муҳокама қилишга арзирлик қизиқарли ва ибратли жиҳатлар кўп эканини айтади.

“Лекин "уятмен"ларимиз назари фильмнинг мазмунига эмас, яна ўша, улар “ҳаром” деб билган интим саҳналар, аёлларнинг кўкрагига тушди. Бу ажабланарли эмас. Маданий ва мафкуравий муассасаларни бутун жамиятга ўз ғояларини сингдирувчи “бобой”лар бошқарадиган мамлакат учун хосдир бу”, - дейди Илҳомов.

“Юз йил олдин қандай бўлсак, шундаймиз”

Блогер Ақида Ханум тармоқлардаги “дод-вой”га қараб телеканал фаолиятига баҳо бериш, ходимларини жазолаш нотўғри, деган фикрда.

“Фейсбукда хай-вай кўтарилади, ўшандан кейин бу нарса бошланади. Аслида керак эмас бунақа қилиш. Чунки шу ҳақда гапираётганларнинг ўзларининг тарбияси бузуқ, қилаётган иши на бир инсонийликка ёки Исломга тўғри келади. Хуллас, юз йил олдин қандай бўлсак, худди шундай, Чўлпон, Фитратлар ёзган аҳволдамиз”, - дейди блогер Озодлик билан суҳбатда.

Ўзбекистонда телеканалларда намойиш этилаётган “беҳаё саҳналар” юзасидан эътироз биринчи марта кузатилаётгани йўқ.

Умида Аҳмедова тармоқлардаги муҳокамалар кўпинча одамларни асосий муаммолардан чалғитади, деган фикрда.

“Ким телевизор кўради ҳозир? Нимага шунча шовқин-сурон? Саволлар кўп. Лекин бу аҳолини жиддий муаммолардан чалғитишдан бошқа ҳеч нарса эмас. Мен ўсмирлик пайтимда эслайман, Наби ака Раҳимовга одамлар қоғозга ёзиб йўллашган, у одам ўқиб берганлар. “Мана шунақа савол келди, артистлар саҳнада, экранда бир-бири билан қучоқлашади, деб сўрашяпти”, деган. Ўшанда Наби ака “ҳей, одамлар, панадагисидан қўрқинглар”, деб чиройли жавоб берганди”.

19 январь куни Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Саида Мирзиёева ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида "Сабрия" сериалини "Ўзбекистондаги турмуш тарзи борасида ижодкорларнинг бузуқ фантазияси" дея танқид қилган ва мутасадди ташкилотларни "контентга баҳо бериш"га чақирганди.

Ўзбекистонлик журналист Анора Содиқова АОКАнинг аралашувидан сўнг кино баҳона умумий контент четда қолиб, алоҳида телеканалларнинг танқид нишонига айланаётганига эътибор қаратади.

“Ўзбекистон қонунчилигида порнография нима эканлигига аниқ таъриф бор ва уни тарқатган манбага ҳам жазо бор. “Сабрия”да менимча қонун бузилиши кузатилмаган. Бу ишга тепадагиларнинг аралашиши кино баҳона медиа магнатга ҳужумдек кўринди. Амалдорларнинг қаршилигига қараб киноларни тақиқлаш керак эмас. Қонунчиликка кўра иш қилиш керак”, - дейди Содиқова.

Ўзбекистонлик режиссёр Улуғбек Йўлдошев эса, президент маъмурияти қошида тузилган АОКА муҳим муаммолар қолиб “сериаллар мавзусига ўралашиб қолаётгани”дан таассуф билдиради.

“АОКА ўз эътиборини сўз эркинлиги, демократизация ва бошқа глобал муаммоларга қаратиш ўрнига кинода кўрсатилган оддий аёлларнинг кўкрагини муҳокама қилиб ўтирса. Бунақа ёндашув билан Алишер Навоий, Фирдавсий, Умар Ҳайём ёки Пушкин, Достоевский каби бошқа классикларнинг асарлари асосида олинган киноларни ҳам экранлардан олиб ташлаш мумкин”.

Озодлик Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги матбуот хизматидан агентлик фаолияти ва цензура борасидаги танқидлар юзасидан ёзма саволларга жавоб ололмади.

Ўзбекистон Кинематография агентлиги матбуот котиби Нозим Сафари Озодлик билан суҳбатда кинолар ўзбек аудиториясига мос бўлиши кераклигини айтади.

"Томошабинлар ўзбек эканлигини унутмаслигимиз керак. Режиссёрларимиз шу аудитория зеҳниятини эътиборга олган ҳолда фильм суратга олиши керак. Ўзбекистондамиз, Европада эмас", - дейди Нозим Сафари.

Журналист ва собиқ дипломат Беруний Алимов мавзуга фақат ўзбек зеҳнияти эмас, балки "шарқ маданияти контексти"да ёндашиш тўғри бўлишини айтади.

"Шарқ маданияти бу. Мен Японияда тўрт йил ишлаганман, у ерда ҳам қаттиқ қаралади очиқ кўринишларга. Менга масалан, фарзандларим билан ўтирганда бундай киноларни кўриш жуда ноқулай", - дейди Алимов.

Журналист Дилобар Аслиддин қизи эса: "Бизникилар бу ишларни яширинча қилади, телевизорда кўрсатса "дод" дейишга уста", - дейди.

“Ўзбек ўпишмайди”ми?

Озодлик билан суҳбатда бўлган киноижодкорлар совет даврида олинган ўзбек киноларида яланғоч аёл ёки ўпишиш саҳналари бўлгани ва томошабинлар ўша пайтда бунга эътироз билдирмаганликларини эслашади.

“Ўзбекфильм” студиясида 1936 йилда суратга олинган илк овозли фильм “Қасам”да ҳам ўпишиш саҳналари бўлган.

“Тролл.уз” канали намойиши тақиқланиши мумкин бўлган ўзбек киноларини санаб чиқди.

“Қаранг, "Шум Бола" фильмида ҳам 2 сония давомида аёлни кўкраги кўрсатилган саҳна бор. Бу скрин ҳам ўша фильмдан олинган. Бировни аёли билан ўпишиб ўтирган эркак саҳнаси ҳам бор. Эслайсизми?

Бу фильмни миллионлаб одамлар кўрган. Ҳаммамизни онгимиз заҳарландими энди? Ғафур Ғулом эса халқ душманими?

…Шунча каламушлар халқ пулларини еб мазза қилиб юрибди, бизлар эса яримта одам томоша қиладиган каналга қарши курашамиз ва директорига хайфсан берамиз. Зўр. Гап бўлиши мумкин эмас. Шундай ҳаракат қилишда давом этинглар!”, - дея истеҳзо қилади Troll.uz

Совет даврида олинган ўзбек киноларида ҳам ўпич саҳналари бўлган. "Ўткан кунлар" фильмидан саҳна.
Совет даврида олинган ўзбек киноларида ҳам ўпич саҳналари бўлган. "Ўткан кунлар" фильмидан саҳна.

“Ёр ёр”, “Водиллик келин” каби фильмиларни суратга олган таниқли ўзбек кинорежиссёри Али Ҳамроев ўз вақтида бундай саҳналарни қирқиб ташлашни талаб қилган цензорларга қарши турганини эслайди.

“Ёр-ёр" фильмида битта саҳна бор-тўй. Ўша ерда биринчи марта ўпишиш саҳнаси кўрсатилган, келин- куёвлар ўпишяпти. Менга картина директоримиз “олиб ташланг, бу бўлмайди” деган, мен “олиб ташламайман, чиройли-ку” деганман. Фильм премьерасида раҳматли Шароф ака Рашидов кино тугаб, залда чироқ ёнганидан сўнг, мени қучоқлаб, “бизнинг халқимизга катта совға қилиб бердингиз” деган. Чиройли кино, деган. Шундан кейин ҳеч ким ўпишиш саҳнасини олиб ташланг демади”.

Ўзбек кинорежиссёри Али Ҳамроев.
Ўзбек кинорежиссёри Али Ҳамроев.

Али Ҳамроев Самарқандда ўтган йили суратга олган бадиий фильмда ўпишиш саҳналари “камчилик” сифатида кўрилгани, лекин мутасаддиларнинг танқидларига қарамасдан бу саҳнадан воз кечмаганини айтади.

“Декабрда топширдим. Сценарийсини ҳам ўзим ёздим. Раҳматли Бахтиёр Ихтиёров охирги ролини ўйнади. У ерда ҳам камчиликлар топишди, олиб ташламайман, дедим. Ёшлар ўпишади-да! Африкада қайсидир қабилада бурнини уриштириб саломлашишар экан, уни ҳам қирқиб ташлаш керакми?”, - дейди Али Ҳамроев.

“Кичкина Вера”дан бошланган катта тақиқ

Ўзбек киноижодкорлари мустақиллик арафаси ва ундан кейинги йилларда севги саҳналари акс этган киноларни тақиқлаш ëки қайчилаш авж олганини айтишади.

1988 йилда “Кичкина Вера” фильми Москвадаги Марказий телевидение орқали намойиш этилганида, трансляция Ўзбекистон ҳудудида тўхтатиб қўйилганди. Ўзбек матбуотида эса фильмни қораловчи мақолалар чоп этилган.

Тармоқ фойдаланувчилари “очиқ саҳналар” мустақиллик йилларида телевидениеда намойиши тақиқлаб қўйилган Шуҳрат Аббосовнинг "Оловли йўллар" ҳамда Элëр Эшмуҳаммедовнинг "Шок" фильмларида ҳам борлигига эътибор қаратишди.

Ўзбек киноижодкорлари ўтган 30 йилга яқин даврда ўзбек телеканалларида ўнлаб фильмлар яқин намойиши тақиқланганини айтишади.

Кинодокументалист Умида Аҳмедова “менталитетга тўғри келмайди” дея киноларга тақиқ қўяётган ўзбек амалдорларининг ҳаракатларини “бемаънилик” деб ҳисоблашини айтади.

“21 асрда ўзбеклар менталитетига у тўғри келмайди, бу тўғри келмайди, дейиш нима дегани бу? Сиз кимсиз халқ нима кўриши, нима кўрмаслигини ҳал қиладиган, халқ учун жавоб берадиган?”, - дейди Умида Аҳмедова.

Айрим киноижодкорлар “Сабрия” телесериали атрофидаги можаро ортидан фильмлар устидан давлат назорати янада кучайишидан хавотир билдиришган.

XS
SM
MD
LG