Россия зиёлилари урушга қарши очиқ хат эълон қилди
Россия олимлари ва илмий журналистлар Украина билан урушга қарши очиқ хат эълон қилишди. Унда, жумладан, шундай дейилади:
"Биз мамлакатими қуролли кучлари томонидан Украина ҳудудида бошланган ҳарбий ҳаракатларга қарши қатъий норозилик билдирамиз. Бу мудҳиш қадам кўплаб қурбонларга олиб келади ва амалдаги халқаро хавфсизлик тизими асосларига путур етказади. Европада янги уруш олови ёқилгани учун жавобгарлик тўлиғича Россиянинг зиммасида.
Бу урушни ҳеч нима билан оқлаб бўлмайди. Украина бизга яқин мамлакат ва шундай бўлиб қолади. Кўпчилигимизнинг Украинада қариндошларимиз, дўстларимиз ва илмий ишлар бўйича ҳамкасбларимиз бор. Бизнинг оталаримиз, бобо ва бобокалонларимиз нацизмга қарши елкама-елка жанг қилганлар. Шубҳали тарихий тахайюлга муккасидан кетган Россия Федерацияси раҳбариятининг геосиёсий амбицияларини деб уруш қилиш боболаримиз хотирасига нисбатан сурбетларча хиёнатдир.
Россия уруш оловини ёқиш билан ўзини халқаро изоляцияга, яккамохов-мамлакат бўлишга маҳкум этди. Бу шуни англатадики, эндиликда биз – олимлар ўз ишимиз билан кўнгилдагидек шуғуллана олмаймиз: зеро бошқа мамлакатлардаги ҳамкасблар билан тўлақонли ҳамкорлик қилмасдан илмий тадқиқотлар ўтказишни тасаввур қилиб бўлмайди. Россиянинг дунёдан ажратиб қўйилиши мамлакатимиз маданий ва технологик деградацияда давом этишини ва ижобий истиқболлар мутлақо қолмаганини билдиради. Украина билан уруш бу мавҳумликка томон қўйилган қадамдир".
Мактубни РФА академиклари Александр Аникин, Юрий Апресян, Виктор Васильев, Роальд Сагдеев, Александр Соболев, Сергей Стишов, Светлана Толстая, Ефим Хазанов ва бошқа ўнлаб олимлар ҳамда илм тарғиботчилари имзолашган.
Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербокнинг расмий баёноти:
- “Бугун биз ўзга оламда уйғондик. Ойлаб давом этган ҳозирлик, ёлғон ва пропагандадан сўнг президент Путин ўз таҳдидларини мудҳиш ҳаракатлар билан кучлантиришга қарор қилди. Россия ҳукумати Украинага ҳужум қилиш билан дунё кўз ўнггида халқаро тартибнинг энг оддий қоидаларини бузаётир. Россия бу йўлни ўзи танлади. Сўнгги бир неча ойда биз мазкур инқирозга дипломатия йўли билан ечим топиш учун қўлимиздан келган барча ишни қилдик. Аммо Россия бизнинг музокара таклифларимизга жавоб бермади.
- Украинлар ушбу хунрезликни оқлаши мумкин бўлган ҳеч нима қилишгани йўқ. Мазкур уруш энг аввало бир нарсага – Украина халқининг ўнлаб йиллар эрксизликдан сўнг демократия ва тинчликда яшаш, зулмлардан холи эзгу келажакка етишиш ҳуқуқига зарба беришга қаратилган.
- Президент Путин, сиз бу орзуни асло йўқ қила олмайсиз. У Украинада тирик, бизнинг мамлакатимизда ҳам барҳаёт. Россияда кўп одамларнинг уятдан бошлари хам бўлганига ва улар Россия номи Украинадаги қардошларини ҳеч бир сабабсиз ўлдиргани учун узоқ йилларга булғанганидан дарғазаб эканига ишончим комил.
- Азиз ватандошлар, бугун эрталаб биз ҳаммамиз эсанкираб қолдик, аммо биз ожиз эмасмиз.
- Биз бу воқеаларга ҳозирлик кўрдик ва эндиликда иттифоқчи ва ҳамкорларимиз билан бирга ҳаракатга ўтамиз, ҳар бир қадамимизни Украинадаги дўстларимиз билан келишамиз. Бугун ЕИ даражасида ва НАТО доирасида, шунингдек “катта еттилик” доирасида қатор учрашувлар ўтказамиз. Биз Россияга қарши энг кўламли санкциялар жорий этамиз. Ўз хавфсизлигимизни, иттифоқчиларимиз хавфсизлигини мустаҳкамлаймиз. Бироқ ҳозир гап фақат Европа ҳақида эмас.
- Бировнинг суверенитети нисбатан кучли бўлган қўшниси хоҳиши билан поймол этилишини дунёнинг ҳеч бир мамлакати ҳазм қила олмайди. Биз бутун дунёдаги дипломатик тармоғимиз ёрдамида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти низомига ишончи бор жамики давлатларни ушбу агрессияга қарши биргаликда кураш олиб боришга чақирамиз”.
Путин Украинага уруш эълон қилди. Зеленский ёрдам сўрамоқда
Мирзиёев ҳукумати ҳануз Украинадаги вазиятга муносабат билдирмади
Шу кунда 3 кунлик сафар билан Қорақалпоғистонда юрган президент Шавкат Мирзиёев, у ердаги муаммолар ҳақида гапира туриб, дунёдаги таҳликали вазиятга бирров тўхталди.
"Дунё кун сайин эмас, соат сайин таҳликали бўлиб боряпти. Биз иқтисодиётимиз, мудофаамизни мустаҳкам қилиб, ишонч билан жонажон ватанимизнинг қудратини кўтаришга ҳаракат қилишимиз керак", деди Шавкат Мирзиёев.
Президентнинг бу сўзлари, расмий манбаларда берилгани йўқ. Бу иқтибосни унинг сафарини ёритаётган блогер Азиза Қурбонова ўз Телеграм каналида эълон қилди.
Расмий Тошкент, шу кунга қадар Украина ва Россия чегарасида кескинлашиб келган вазият ва 24 февраль тонгидан бошланган уруш ҳаракатлари ҳақида бирор баёнот бермади.
Фақатгина, Киевдаги ўзбек элчихонаси, 24 февраль куни фуқаролар эвакуацияси учун тайёргарлик бошланганини маълум қилди.