Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 23:18

"Жаримани президент тўласин!" Тошкентда 75 яшар мухолифатчи аёлга ҳукм ўқилди


Судда Вазира Эгамбердиева президент Мирзиёевнинг сиёсий мухолифат ҳақидаги сўзларидан илҳомланганини айтган.
Судда Вазира Эгамбердиева президент Мирзиёевнинг сиёсий мухолифат ҳақидаги сўзларидан илҳомланганини айтган.

24 февраль куни Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани Маъмурий суди 75 яшар мухолифатчи Вазира Эгамбердиевани базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари (1 350 000 сўм) миқдорида жаримага тортиш ҳақидаги ҳукмни эълон қилди.

У Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 202-модда 1-қисми (Рухсат этилмаган йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ва намойишлар ўтказиш учун шароитлар яратиш)да назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбланган.

Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани ИИО ФМБнинг ТТЗ даҳасидаги бўлинмасида ўтказилган онлайн суд мажлисида иштирок этган Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раиси Абдураҳмон Ташановга кўра, расмийлар суд мажлисининг онлайн тарзида ўтказилишини эпидемик вазият билан изоҳлаган.

Суд мажлисида Вазира Эгамбердиеванинг айтишича, шу йилнинг 19 январида ўнга яқин фаоллар унинг уйига йиғилишиб, Қозоғистонда бўлган сўнгги воқеалар, ижтимоий-сиёсий вазиятни муҳокама қилишган. Маъмурий ҳуқуқбузарликка оид иш қўзғатилишига "қўшниларининг Мирзо Улуғбек тумани ИИО ФМБга хабар бергани" асос бўлгани айтилади.

Вазира Эгамбердиеванинг суд ҳукмига муносабати.
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:55 0:00

Вазира Эгамбердиева унга қўлланилган жаримани президент тўлашини талаб қилганини айтади:

"Менга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари миқдорида жарима қўллашди. Мен бу жаримани президент тўлаб беришини талаб қилдим. Сабаби у баланд минбардан туриб мамлакат ичида партия тузилсин, деди. Шундан илҳомланиб, партия тузилишида қатнашган эдим. Ҳеч ким партия йиғилиши учун жой бермади, мен жой берганим учун жарима тўлаяпман. Шунинг учун бу жаримани президент тўлашини талаб қиламан!"

Вазира Эгамбердиеванинг адвокати Руҳиддин Комиловга кўра, Мирзо Улуғбек суди ҳимоя томонининг ишда жабрланувчи ва гувоҳларни сўроқ қилиш билан боғлиқ илтимосномаларни қаноатлантирмаган.

“Суд белгиланган миқдордан кам жарима белгилаганига қарамай, юқори турувчи судга қарор устидан аппеляция тартибида шикоят берамиз. Вазира опа мутлақо айбсиздир”, дейди адвокат Руҳиддин Комилов.

Судга журналистлар, маҳаллий жамоатчилик вакиллари ва сиёсий фаоллар йиғилди. Уларнинг орасидан 6 нафар шахс суд ўтказилган залга киритилди.

Вазира Эгамбердиева Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида туғилган. Ўқитувчиликдан пенсияга чиққан Вазира опа мустақилликнинг дастлабки йилларида “Бирлик” халқ ҳаракати қошидаги “Тўмарис” аёллар клубига раҳбарлик қилган.

2020 йилга қадар Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятининг Тошкент шаҳар бўлими фаоли, сўнг профессор Хидирназар Аллақулов томонидан тузилган янги мухолиф партия тарафдори ўлароқ танилган.

Суд мажлиси шу йилнинг 21 февралида бошланган ва ҳуқуқбузарликда айбланган Вазира Эгамбердиева маъмурий иш материаллари билан танишмагани боис маҳкама қолдирилганди.

XS
SM
MD
LG