Буюк Британия “Аэрофлот”га қарши санкциялар жорий этди ва россияликлар Қироллик банкларида сақлаши мумкин бўлган пул миқдорига чеклов қўйди
Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон “Аэрофлот” авиаширкати ҳамда ВТБ дохил рус банкларига қарши санкциялар жорий этилганини эълон қилди. Унинг сўзларига кўра, ВТБ банкининг барча активлари “музлатилади”.
Лондон шунингдек, россияликлар Буюк Британия банкларидаги ўз ҳисоб рақамларида сақлаши мумкин бўлган пул миқдорига чеклов киритди.
Бундан ташқари, Россияга юқори технологик маҳсулотлар экспорт қилиш тақиқланди. Жонсон Россия келгусида SWIFT банклараро тўлов тизимидан узиб қўйилишини истисно этмади.
Россия олигархлари ҳам санкцияларга дучор бўлади, деб ёзади The Guardian. Мазкур рўйхатда Россия президенти Владимир Путиннинг қизи Катерина Тихонованинг собиқ эри Кирилл Шамалов ҳам бор.
Шунингдек, Буюк Британия ВТБ бошқаруви раисининг ўринбосари Денис Бортников ҳамда Бирлашган авиақурувчилар корпорацияси раҳбари Юрий Слюсарга қарши санкциялар жорий этди.
Россия ҳарбийлари Чернобиль АЭСини эгаллади
Бу ҳақда Украина Қуролли кучларининг қуруқликдаги қўшинлари қўмондони маслаҳатчиси Алена Шевцова хабар қилди.
"Россияликлар Чернобиль станциясини босиб олди. Станция таркиби гаровга олинди. Бу нафақат Украина, балки Европа учун ҳам жиддий хавфдир", деди Алена Шевцова.
Украина Ички ишлар вазири маслаҳатчиси Антон Герашенконинг айтишича, россиялик ҳарбийлар Беларус ҳудудидан Чернобиль АЭСи ҳудудига бостириб кирган.
"Радиоактив чиқиндиларни қўриқлаётган миллий гвардия аскарлари душман билан жангга кирди. Агар артиллерия ҳужуми оқибатида ядровий чиқиндилар кўмилган жойлар очилиб кетса. унинг чанги Украина, Беларусь ва ЕИ далавтларига ёпирилиши мумкин", деб ёзди Антон Герашенко.
Черниговда рус разведка взводи таслим бўлди
Чернигов шаҳри яқинида Россия армиясининг 74-мотоўқчи разведка бригадаси таслим бўлди.
Бу ҳақда Украина бош қўмондони Валерий Залужний маълум қилди.
Расмий баёнотга кўра, бригада старшинаси Смоленск областининг Ельня шаҳрида ҳарбий машғулотда бўлгани ва Украинага ҳужум ҳақида кеча маълумот олганини айтган. Рус аскарлари, ҳужумни қилиб, ортга қайтамиз, деб ишонганини айтишган.
ТИВ: Украинада 4300 га яқин Ўзбекистон фуқароси бор
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳозирда Украина ҳудудида 4300 га яқин Ўзбекистон фуқароси борлигини маълум қилди.
Айни пайтда, рўйхат шакллантирилаётгани айтилди.
Украинада юз бераётган воқеалар туфайли Вазирликка оммавий ахборот воситаларидан кўплаб саволлар келиб тушган. Саволларга Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Ю.Қабулжонов жавоб берган.
Расмийга кўра, Украинада рўй бераётган воқеаларда Ўзбекистон фуқаролари орасида жабр кўрганлар қайд этилмаган.
"Ўзбекистон Республикасининг Киевдаги Элчихонаси томонидан эвакуация режаси ишлаб чиқилмоқда. Шу мақсадда, биринчи навбатда, қўшни давлатлар орқали жўнаб кетиш йўналишлари ва кейинги бориш манзиллари ўрганилмоқда", дея маълум қилди".