Хитой: Путин Украина билан юқори даражали музокарага тайëр
Хитой давлат телевидениесининг хабар беришича¸ Си Цзинпин билан мулоқотда Украина билан юқори даражали музокарага тайëрлигини билдирган.
Бу хабар арафасида Кремль Украинанинг қўшилмаслик статусини музокара қилишга тайëрлиги ҳақида президент Зеленский қилган таклифни кўриб чиқаëтганини билдирган эди.
Хитой телевидениеси президент Си Цзинпин Россия ва Украина муаммосининг музокаралар орқали ҳал қилиниши тарафдори эканини таъкидлади.
Айни пайтда¸ Украина президенти Владимир Зеленский дунë раҳбарларига Россияга босимни кучайтиришни сўраб мурожаат қилмоқда.
Чанғичилар федерацияси Россияда режаланган мусобақаларни бекор қилди
Чанғи спорти бўйича Жаҳон кубогининг жорий мавсумда Россияда ўтказилиши режаланган барча мусобақалари¸ Кремль Украинага бошлаган уруш ортидан бекор қилинди ёки бошқа жойга кўчирилди. Бу ҳақда Халқаро чанғичилар федерацияси хабар қилди.
Бу қарор 2022 йилги Пекин Қишки Олимпиада ўйинларида энг кўп медаль олган Норвегия ва Швеция Россиядаги мусобақаларга ўз жамоасини юбормаслигини билдириши ортидан қабул қилинди.
18-20 март кунлари Нижний Тагил¸ 25-27 мартда эса Чайковскийда чанғида сакраш бўйича аёллар ўртасидаги Жаҳон кубоги мусобақалари, шунингдек 18-20 март кунлари Тюменда жаҳон кубоги мусобақалари ўтказилиши белгиланган эди.
Росавиация Буюк Британия учоқларининг Россияга парвозини тақиқлади
Лондон ҳукумати киритган санкцияларга жавобан Росавиация Буюк Британия самолëтларининг Россияга парвоз қилишини тақиқлади. Бу ҳақда авиарегулятор ўз сайтида маълум қилди.
Мазкур тақиқ Буюк Британия фуқароларига тегишли, улар ижарага олган ёки фойдаланаётган, шунингдек, ушбу мамлакатда рўйхатдан ўтган учоқларга тегишли. 25 февраль куни Москва вақти билан 11:00 да кучга кирган чекловлар Британия учоқларининг Россия ҳаво ҳудуди орқали транзит парвозларига нисбатан ҳам татбиқ этилади.
Росавиация баëнотига кўра, мазкур чоралар “Буюк Британия авиация маъмурларининг душманона қарорларига жавоб сифатида қабул қилинган”.
24 февраль куни Россия томони ўзаро авиақатновлар масаласида маслаҳатлашув ўтказиш таклифи билан Буюк Британия авиация маъмурларига мурожаат қилган эди. 25 февраль куни Британия таклифни рад этди.
Россиянинг Украинага тажовузи манзарасида Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон Аэрофлот¸ Ростех ва Россия банкларига қарши санкциялар жорий этилганини эълон қилди.Мазкур жазо чоралари доирасида ВТБнинг Британиядаги барча активлари музлатилди.
Лондон ҳукумати, шунингдек, россияликлар Буюк Британиядаги ҳисоб рақамларида сақлаши мумкин бўлган пул миқдорига (66,8 минг доллар) чеклов қўйди¸ Россияга юқори технологик маҳсулот экспорт қилишни тақиқлади.
Путинга яқин олигархлар ҳам Лондон қора рўйхатига киритилди. Улар орасида Путиннинг қизи Катерина Тихонованинг собиқ эри Кирилл Шамалов ва ВТБ бошқаруви раиси Денис Бортников бор.
Ўзбекистон консуллиги ўз фуқаролари Польша орқали эвакуация қилинишини билдирди
Украинадаги Ўзбекистон дипломатик идораси мамлакат фуқароларини Польша орқали олиб чиқиш тартибини эълон қилди.
Элчихона расмий сайтида эълон қилинган маълумотга кўра¸ Украинадаги ўзбек диаспораси вакиллари Львовга келган фуқаролар рўйхатини тузмоқда.
Мазкур рўйхатга кирган ўзбекистонликлар¸ айтилишича¸ Ўзбекистоннинг Украина ва Польшадаги элчихоналари вакиллари ҳамроҳлигида марказлашган ҳолда автобусларда олиб чиқилади.
"Бошқа барча ҳолатларда Сиз чегарани ўтишда муаммоларга дуч келасиз"¸ дейилади баëнотда.
Элчихона шунингдек¸ эвакуация рўйхатига биринчи навбатда аёллар, болалар, талаба ва қариялар киритилиши¸ Украинадан чиқиб кетишни истовчиларнинг барчасини эвакуация қилиш учун "барча имкон ишга солиниши"ни маълум қилди.
Россия Украинага уруш бошлаши ортидан ўн минглаб одам ўз уй-жойини ташлаб¸ мамлакат ғарбий чегаралари томон йўлга чиқди. Оқибатда Украинанинг Польша¸ Руминия каби қўшнилари билан чегараларда километрлаб тиқин пайдо бўлди.