Песков: Россия Украина билан Минскда музокара ўтказишга тайëр!
Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков Россия Украина билан музокара қилиш учун Минскка ўз делегациясини юборишга тайëрлигини билдирди.
Украинага уруш бошланганидан бир кун ўтиб қилинган бу баëнотида Песков Россия Ташқи ишлар ва Мудофаа вазирлиги расмийларини Минскка юборишини маълум қилди.
Украина президенти 25 февраль куни Россия томони билан музокараларда мамлакатнинг қўшилмаслик мақомини муҳокама қилишга тайëрлигини билдирди.
Песков Украинани демилитаризация қилиш Киев билан музоакарларнинг муҳим қисми бўлажагини таъкидлади.
Молдова 24 соат ичида 16 минг украиналик қочқинни қабул қилди
Молдова Ички ишлар вазири Россия Украинага уруш бошлаганидан бери ўтган 24 соат ичида ўз ҳукумати 16 минг қочқинни қабул қилганини билдирди.
Вазирга кўра¸ украиналикларнинг аксарияти Европа иттифоқи ҳудудига ўтиш истагини билдирган¸ улардан фақат 100 нафари Молдовадан бошпана сўраган.
Молдованинг Украина билан чегарасидаги Очнита ва Паланка назорат ўтказиш пунктида қочқинларга ëрдам кўрсатиш марказлари очилди. Молдова Украина билан 1222 километ ўзаро чегарага эга.
Украиналик қочқинлар сони ошиб бораëтган бир кезда¸ Молдова парламенти мамлакатда 60 кунлик фавқулодда ҳолат эълон қилди.
Бундай қарор Кишинëв ҳукуматига оммавий намойишларни тақиқлаш ва исталмаган шахсларни мамлакатдан ҳайдаб чиқариш ваколатини беради.
Туркия НАТОдан Украинага ëрдам масаласида қатъий позиция кўрсатишни сўради
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Россиянинг Украинага қарши ҳужумига НАТО ва Ғарбнинг муносабати етарли даражада кучли бўлмаганини танқид қилди.
Эрдўғон 25 февраль кунги НАТО фавқулодда саммити ҳарбий иттифоқнинг вазиятга қатъийроқ ёндашувига олиб келишига умид билдирди.
- НАТО қатъийроқ қадам ташлаши керак эди. НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг билан гаплашдим. Суҳбат давомида ўз позициямизни билдирдик.
Афсуски¸ ҳозирча Европа Иттифоқи ва барча Ғарб¸ Украинага маслаҳат беришдан нарига ўтиб¸ қатъий позиция кўрсатгани йўқ¸ деди Эрдўғон жумладан.
Туркия президенти аввалроқ Россия ва Украина ўртасида воситачиликни таклиф қилган эди.
Айни пайтда Туркия Ташқи ишлар вазири Мевлут Чавушўғли Россия кемаларининг Қора денгиздаги Босфор ва Дарданелла бўғозларидан ўтишини тақиқлаш ҳақидаги Украина сўрови кўриб чиқилаëтганини билдирди.
Турк дипломатлари раҳбари¸ 1936 йилги Анқара конвенциясига мувофиқ¸ Россия кемаларининг бу бўғозлардан қатновини тўлиқ тақиқлашнинг имкони қарийб йўқлигини қўшимча қилди.
Пайшанба куни Украина Босфор ва Дарданелла бўғозидан Россия ҳарбий кемалари ўтишини тақиқлашни сўраб расман Туркияга мурожаат қилди. Монтрë конвенциясига кўра¸ уруш пайтида бу бўғозлардан ҳарбий кемаларнинг ўтиб-қайтиши тақиқланади ва Қора денгиз соҳилидаги давлатларнинг ҳарбий кемалари ўз базасига қайтарилиши лозим.
Чавушўғли Украина сўрови борасида экспертлар жорий вазиятнинг уруш ëки уруш эмаслиги ҳақида хулоса берганидан сўнг қарор чиқарилишини билдирди.
Formula One Россияда ўтказиладиган Grand Prix мусобақасини бекор қилди
Россиянинг Украинага бошлаган ҳужуми ортидан жорий йил 25 сентябрь куни Сочида бошланиши режаланган Grand Prix мусобақаси бекор қилинди.
Бу ҳақдда Formula One мусобақалари ташкилотчилари 25 февраль куни маълум қилди.
Бу баëнотдан олдин Европа футбол ассоциацияси май ойида Санкт Петербугда ўтказилиши белгиланган Чемпионлар лигаси финал ўйинининг Парижга кўчирилганини эълон қилди.
Украина босқинига жавоб тариқасида Халқаро чанғи федерацияси ҳам Россияда ўтказилиши белгиланган жаҳон кубоги мусобақаларини бекор қилди.