Кремль: Мирзиëев Путин билан суҳбатда "тушуниш" изҳор қилди
"Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиëев Россиянинг Украинадаги махсус ҳарбий операцияларини тушуниш билан қабул қилишини билдирди"¸ деб хабар қилди Кремль матбуот хизматига таяниб Россия ахборот агентликлари.
Ўзбекистон президенти матбуот хизмати 25 февраль куни Шавкат Мирзиёев Россия Президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилганини маълум қилди.
Ўзбек томони расмий хабарига кўра¸ Мирзиëев ва Путин халқаро мавзулар доирасида "Украина атрофида юзага келган вазият юзасидан ҳам фикр алмашган".
Россия ҳарбийлари Украина пойтахти Киевни ишғол қилишга уринаëтган бир пайтда бўлиб ўтган Путин-Мирзиëев телефон мулоқотининг қайси томон ташаббуси билан бўлгани ҳозирча айтилмади.
Айни шу куни Россия Бош вазири Қозоғистон президенти¸ Россия Федерация кенгаши раиси Валентина Матвиенко Тожикистон президенти билан суҳбатлашди.
Кремль тарқатган хабарга кўра¸ Ўзбекистон¸ Қозоғистон ва Тожикистон раҳбарлари Россия билан ўзаро ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилган.
24 февраль куни АҚШ¸ Буюк Британия¸ Европа Иттифоқи ва Канада каби давлатлар Украинага уруш бошлаган Россияга қарши кескин иқтисодий санкция жорий қилди.
Порошенко: Украинанинг эркин халқи Путинга ҳеч қачон таслим бўлмайди!
Украина собиқ президенти Петро Порошенко Киевни Россия ҳарбийлари ишғолидан ҳимоя қилишга уринаëтган ҳудудий мудофаа батальони таркибида қўлига қурол олганини билдирди.
2014-2019 йилларда Украина президенти бўлган Порошенко CNN телеканалига Киев кўчасидан қўлида Калашников автомати ушлаган ҳолда интерьвю берди.
"Украина халқи Путиндан нафрат қилади" деган Порошенко ўз тупроғини Россия босқинчиларидан ҳимоя қилиш учун тузилган ҳудудий мудофаа батальонига қўшилиш истагида бўлган кўнгиллилар ниҳоятда кўплигини таъкидлади.
Порошенко Россия армиясининг таққослаб бўлмас даражада кучли эканига қарамай¸ "эркин украиналиклар ҳеч қачон таслим бўлмаслиги ва ўз келажагини Европа билан бирга кўражагини" таъкидлади.
Россия ҳарбийлари Киев яқинидаги Ҳостомел аэропортини қўлга олганини айтмоқда
Россия Мудофаа вазирлиги матбуот котиби Игорь Конашенков Киев яқинидаги Ҳостомел аэропорти Россия ҳарбийлари қўлига ўтганини эълон қилди.
Киев шимол-ғарбидан 7 километр масофада жойлашган Ҳостомел аэропорти Украинадаги стратегик жиҳатдан энг муҳим аэропорт ҳисобланади. Мазкур аэропорт ўта оғир ва йирик самолëтларнинг учиб-қўнишига имкон берувчи йўлакларга эга. Унинг қўлга олиниши Россия ҳарбийларининг Киевни ишғол қилиш учун кўп сонли десант кучлари ташлашига имкон яратади.
Россия Мудофаа вазирлиги расмийси шунингдек¸ пойтахт Киевнинг ғарб томондан қуршовга олинганини ҳам маълум қилди.
Россиянинг Украинага ҳужуми. Киев ракета ҳужумига тутилди