Россиянинг Украинага тажовузига жавобан АҚШ ва иттифоқчилари қўллаётган иқтисодий санкциялар рус рублининг кескин қадрсизланишига олиб келди.
Россия Марказий банки рубль буткул қулашининг олдини олиш учун шошилинч чоралар кўраётгани айтилади.
Россияга санкциялар Ўзбекистон иқтисодига таъсир кўрсатмай қолмайди. Ўзбек мигрантлари уйларига юборадиган пуллар мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 10 фоизидан кўпроғини ташкил этади. Бу миллиардлаб доллар дегани.
Россия Украинага бостириб киришидан олдин 1 АҚШ доллари 75 рублга баҳоланган бўлса, бир ҳафта ўтиб 120 рублдан ошиб кетди.
Россияда меҳнат қилаётган миллионлаб ўзбек муҳожирлари рублда маош олади. Ўзбекистонга эса, улар маблағларини АҚШ долларида жўнатишади.
Ҳозирнинг ўзида меҳнат муҳожирларининг даромадлари хорижий валюта ҳисобида деярли икки баробарга камайган.
"Ойига 500$ жўнатиб тургандик, энди шуни ярмини ҳам юборолмаймиз"
Россиянинг Хабаровск шаҳрида шифокор бўлиб ишловчи ўзбекистонлик Султон Полвонов Ғарб Россияга киритган санкцияларни ўз баданида ҳис қилаётган миллионлаб ўзбек муҳожирларидан бири.
“Ҳозир бир доллар 120 рубль. Баъзи жойларда 130 рубль. Бир ҳафта олдин ҳаммаси яхши эди. Ҳозир 200 долларингиз 100 доллар бўлиб қолди. Ҳозир Ўзбекистонга пул жўнатиш эмас, тирикчилик асосий қайғу бўлиб турибди. Кўпчилик уйга пул юбормаяпти. Нархлар ҳам ошди. Топганимиз ҳозир ўзимизнинг ҳаражатдан ортмаяпти”, - дейди Полвонов.
Озодлик суҳбатлашган Россиядаги яна бир ўзбек мигранти вазият шундай давом этса, Ўзбекистонга қайтиб кетишдан бошқа чораси қолмаслигини айтади.
“Ҳозир доллар ҳисобида бу ерда топаётганимиз деярли яримга камайди. Ойига 500 доллар жўнатиб тургандик, ҳозир шуни ярмини ҳам юборолмаймиз. Лекин, ўзимизда бу ерда топганимнинг ярмини топсам ҳам, шуниси маъқул менга. Оиламдан узоқда ишлашнинг маъноси қолмаяпти”, - дейди исми очиқланмаслигини истаган меҳнат муҳожири.
"Доллар тушишини кутамиз"
Мигрантлар рус рублининг қадрсизланиши манзарасида даромадларни сақлаб қолиш йўлларини излашмоқда.
Баъзилар Россияда вазият яхшиланишини кутишдан бошқа чораси йўқлигини айтишади.
"Мен доллар тушишини кутмоқчиман. Икки ой бўладими, уч ой бўладими тўплаб турамиз. Рубль яна қурбини тикласа алмаштириб, тўплаганимизни жўнатамиз", - дейди Москва шаҳрида фаррошлик қилувчи Музаффар.
Айрим ўзбекистонликлар даромадларини сақлаб қолиш мақсадида Россиядан доллар эмас, рублнинг ўзини ҳам жўнатиб кўришмоқда.
“Кеча жўнатдим 100 долларга пулим етмади. 9000 минг рублни ўзини жўнатдим. Ўзбекистонда ҳам рубль тушиб кетибди. 700 минг бўлди. Бу аввалгидан қирқ фоиз кам”, - дейди Москвада қурилишда ишловчи Акром.
"Рубль курси бутун дунёда тушяпти"
Аммо иқтисодчиларга кўра, Россиядан рублнинг ўзини жўнатиш ҳам ёрдам бермайди.
Ўзбекистонлик иқтисодчи блогер Отабек Бакировга кўра, ватанига рубль жўнатган муҳожирлар, қайтага, кўпроқ ютқазишлари мумкин.
“Масалан, 10000 рубль жўнатган бўлсангиз, бу кўпи билан 800000 сўм бўлади. Долларга чаққанда бугунги сотиб олиш курси билан бу 73 доллар бўлади.
Бошқача айтганда 1 доллар сизга 137 рублга айланмоқда. Бу энг яхши ҳолатда.
Тўғри тушунинг, рубль курси фақат Россияда эмас, бутун дунёда, Ўзбекистонда ҳам тушиб кетган.
Шошилманг, кутинг. Ваҳима вақтида қарор қабул қилманг”, - деб ёзди Отабек Бакиров.
Тошкентлик иқтисодчи Тоҳир Собиров фикрича, Ғарбнинг Россияга санкциялари асоратларини яқин келажакда Ўзбекистон янада кўпроқ ҳис қила бошлаши турган гап.
“Чунки аксарият минтақа давлатлари қатори Ўзбекистон иқтисоди ҳам Россиядан келаётган пул ўтказмалари ва импортга қараб қолган. Ҳозир Ўзбекистон Марказий банки маълумотларига қарасак ўзбек сўмининг доллар ёки еврога нисбатан курси бир маъромда турибди. Лекин яқин келажакда Россия рубли ортидан сўм ҳам ўз қадрини йўқота бошласа ажабланмаймиз, бу эса, ўз навбатида, четдан, келаётган маҳсулотлар нархларининг қимматлашувига сабаб бўлади”, - дейди Собиров.
Россия Федерал миграция хизматининг расмий рақамларига таянилса, бу мамлакатда қонуний мақомда яшаб турган ўзбекистонликлар сони 2 миллиондан ортади.
Россияда яна шунча сонда ноқонуний мақомдаги ўзбекистонликларнинг борлиги тахмин қилинади.
Жаҳон банки ҳисоботига кўра, ўтган йил ўзбекистонлик меҳнат мухожирлари Россиядан 7 ярим миллиард доллардан ортиқ пул жўнатган. Бу 2020 йилги кўрсаткичдан 26 фоизга кўпдир.
Ўтган ой Ўзбекистон Меҳнат вазирлиги 2022 йилда Россияга кўпроқ меҳнат муҳожирларини юбориш режаланаётганини маълум қилган эди.