Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 14:58

Манбалар: Россия ҳукумати қаттиқ санкцияларга тайёр эмасди


Путин Москва ташқарисидаги Ново-Огарёво қароргоҳида видеоалоқа тарзидаги ҳукумат йиғилишида.
Путин Москва ташқарисидаги Ново-Огарёво қароргоҳида видеоалоқа тарзидаги ҳукумат йиғилишида.

Россия ҳукуматининг молия-иқтисодиёт блоки ҳамда йирик давлат ширкатлари раҳбарлари Украинага тажовуз ортидан мамлакатга қарши жорий этилган санкцияларга тайёр бўлмаган.

Ҳукумат ўзларини “ДХР” ва “ЛХР” деб атаётган бўлгинчи ҳудудлар мустақиллиги тан олинган тақдирда чекланган санкциялар киритилишига ҳозирлик кўрган, аммо кенг кўламли уруш бошланишини кутмаганди.

“Агентство” нашри Россия ҳукуматидаги манбаларига таянган ҳолда шундай хабар берди.

Юқори мартабали мулозимлардан бири айтишича, у кенг кўламли тажовуз бўлишини “билмаган”. Ҳамкасбларининг кўпчилиги 24 февраль куни Россия Украинага бостириб кирганини эшитиб, “эсанкираб қолганлар”. “Агентство” нашрига изоҳ берган айрим мулозимлар вазиятни таърифлашар экан, сўкинишдан ўзларини тия олмаганлар.

“Агентство” суҳбатдошларидан бири Россия мулозимлари Ғарб жорий этадиган энг қаттиқ чора мамлакатни SWIFT тизимидан узиш бўлади, деган фикрда бўлганини айтган. Ҳукумат бунақа сценарийга ҳозирлик кўрган, хусусан, стресс-тестлар ўтказган, бу ҳақда қатор нашрлар, жумладан, The Bell хабар қилган эди.

“Аммо Ғарб мамлакатлари биз кутгандан кўра анча қаттиққўллик билан санкциялар жорий этди, хусусан, Марказий банк активларини музлатиб қўйди. Ғарб ширкатлари Россия бозоридан кета бошлади. Бунақа санкиялар эффектини ҳеч ким ҳисобга олмаганди”, дейишган “Агентство” манбалари.

Таъкидланишича, 2014 йилнинг мартида – Қрим аннексия қилинган “Рус баҳори” чоғида ҳукумат Украинанинг Донецк, Луганск ва Харьков вилоятлари Россияга қўшиб олиниши мумкинлигини ҳисобга олган ҳолда эҳтимолий оқибатларни ҳисоблаб чиққан, лекин ўшанда мамлакат иқтисодиёти бунга тайёр эмаслиги маълум бўлгач, режа бекор қилинган.

Манбага кўра, кучли стресс ҳолатида бўлишига қарамай Кремль ва ҳукумат мулозимлари ишдан бўшаш ҳақида ҳозирча ўйлашмаяпти, бу хоинлик бўлади, деб ҳисоблашяпти.

Журналист Фарида Рустамова ўзининг Кремлдаги, ҳукуматдаги ва Давлат думасидаги манбаларига ҳавола қилган ҳолда, Путиннинг энг яқин одамларидан бошқа ҳамма Украинага бостириб киришга қарор қилинганидан бехабар бўлгани ҳақида ёзди. Ҳатто Хавфсизлик кенгашининг “ДХР” ва “ЛХР”ни тан олиш масаласи кўрилган 21 февралдаги йиғилишида ҳам Путин бу ёғига нима бўлишини Кенгаш аъзоларидан ҳеч кимга айтмаган.

“Путинни яхши танийдиган шахс”лардан бири Рустамова билан суҳбатда “президент Ғарб Россия билан муносабатларда ўйин қоидаларини бузганига қаттиқ ишонади”, деб айтган. “Бу бемаънилик даражасига етиб келган паранойя”, деган исми сир тутилишини истаган рус мулозими.

“Ҳозир Путин мудофаа вазири Шойгу билан Бош штаб бошлиғи Герасимовнинг эрта-индин Киевни оламиз, деган гапига чиппа-чин ишониб ўтирибди”, қўшимча қилган у.

Россия ҳукумати, Украинага қарши тажовузи ортидан Ғарб мамлакатлари жорий этган санкцияларга жавобан энг аввало рубль курсини тутиб туриш чораларини кўрди, жумладан экспортчиларга экспорт тушумининг 80 фоизини биржада сотиш мажбурияти юкланди, резидентларга хорий банклардаги ҳисобварақларига валюта қўйиш тақиқланди, чет ллик шахсларга дивиденд тўлаш ман қилинди, Марказий банк ставкани 20 фоизга оширди. Шунга қарамай, рубль қадри тушиб кетди – ҳозирда доллар курси 100 рублдан зиёд, евро эса 120 рублгача баҳоларда сотилмоқда.

XS
SM
MD
LG