Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 00:47

Рус аскарлари Харьковдан суриб чиқарилмоқда. Россия қатл қилган аҳолининг жасадлари топилди. Уруш хроникаси

12 май: Урушнинг 78-куни

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши Россия аскарлари чекинганидан сўнг Киев вилоятида минглаб кишиларнинг жасадлари топилгани тўғрисида билдирди.

АҚШ ҳукумати Украинага Россияга оид разведка маълумотларини тақдим этишдаги айрим чекловлар тўғрисидаги қўлланмани тасдиқлади.

Украина Қуролли кучлари Бош штаби Харьковнинг шимолидаги Питомник қишлоғи Россия босқинчиларидан озод қилинганини билдирди.

Рим папаси Франциск 11 май куни Ватиканда “Азов” полки жангчиларининг рафиқаларини қабул қилди.

Чехия парламентининг юқори палатаси Россия армиясининг Украинадаги хатти-ҳаракатларини геноцид деб тан олиш ҳақида қарор қабул қилди.

Россия Украинада С-300 тизими йўқ қилинганини билдирди, Словакия рад этди

Россия Мудофаа вазирлиги 10 апрель куни Днепрда Россия ракета зарбалари оқибатида Европа Украинага тортиқ этган тўртта С-300 зенит тизими йўқ қилинганини билдирди.

“Настояшчее время” телеканалининг хабар беришича, Россия Мудофаа вазирлиги С-300 зенит тизимлари қайси давлат томонидан тортиқ қилинганини очиқламади. Аммо ўтган ҳафтада Словакаия Украинага С-300 тизимларини етказиб бергани хабар қилинган эди.

Словакия бош вазири Эдуард Хегер Украина ҳукуматига таянган ҳолда “Россия пропагандаси Украинада С-300 ни йўқ қилгани тўғрисида” тарқатган маълумотни рад қилди.

Ўзбекистон Украинага гуманитар ёрдам жўнатди

Украинанинг Закарпатье вилояти ҳарбий маъмурияти Ўзбекистонга гуманитар ёрдам жўнатгани учун миннатдорчилик билдирди.

Расман билдирилишича, Ўзбекистон томонидан жўнатилган 34 тонна гуманитар ёрдам Закарпатьедаги Европа гуманитар хабларидан бирига 8 апрель куни етиб келган.

Вилоят ҳарбий маъмурияти бошлиғи Виктор Микитанинг айтишича, Ўзбекистон гуманитар ёрдами дори-дармонлар, хусусий аптечкалар, узоқ муддат сақланадиган озиқ-овқат маҳсулотларидан иборат.

Айни пайтда Ўзбекистон ҳукумати Украинага гуманитар ёрдам жўнатгани тўғрисида расман маълумот бермаган. Аммо АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен 9 апрелда Украина ва Афғонистонга кўрсатаётган гуманитар ёрдамлари учун Тошкентга миннатдорчилик билдирганди.

Ўзбекистон матбуоти Украинадаги уруш юзасидан тўлақонли маълумот беришдан тийилиб келади. Жумладан, ўзбек расмий матбуоти Россия ҳарбийларининг Буча шаҳрида юзлаб тинч аҳолини қатлиом қилгани тўғрисидаги хабарларни ёзмади.

Айни пайтда 17 март куни Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Ўзбекистон Украина суверенитетини ҳурмат қилиши, бўлгинчи ДХР ва ЛХРларни тан олмаслигини билдирган эди. Мазкур баёнот ортидан Ўзбекистон матбуотида унинг саломатлиги ёмонлашгани ва хоиржга даволаниш учун кетгани хабар қилинди.

Бунга қадар эса Ўзбекистон президенти матбуот котиби Шерзод Асадов Тошкент Украинадаги вазият юзасидан нейтрал позицияда эканини маълум қилган эди.

Ўзбекистондан фарқли Россия етакчилигидаги минтақавий блоклар аъзоси бўлган қўшни Қозоғистон Сенати раиси Маулен Ашимбаев 7 апрель кунги баёнотида Бучадаги оммавий қотиллик юзасидан БМТ текширув ўтказиши ва айбдорлар жазоланиши кераклигини айтди.

Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев 4 апрель куни АҚШнинг National Interest журналида эълон қилинган мақоласида Россиянинг Украинадаги ҳаракатларини “уруш” деб атаган ва Қозоғистон Украинанинг ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилишини таъкидлаган.

Ўзбекистон томони эса, ҳозирча, Бучадаги воқеаларга ўз муносабатини билдиргани йўқ.

Россия босқинида 183 бола ўлди

Россия босқини бошланганидан бери Украинада 183 бола нобуд бўлди, яна 342 дан ортиқ бола яраланди.

Украина Бош прокуратурасига кўра, бомбалаш ва ўққа тутиш натижасида жами 938 та ўқув муассасасига зарар етган, шундан 87 таси бутунлай вайрон бўлган.

Москва Украина ва Ғарб давлатларининг ҳарбий жиноятлар ҳақидаги айбловларини рад этиб келмоқда. Россия ўзининг жанубий қўшнисини демилитаризация қилиш ва “денацификация” қилиш бўйича “махсус операция” деб аталган амалиётда тинч аҳоли нишонга олинганини рад этиб келади. Украина ва Ғарб давлатлари буни уруш учун асоссиз баҳона деб атаган.

Луганскдаги ракета ҳужумида 6 киши яраланди

Украина расмийлари 10 март куни Луганск ва Днепр вилоятларига ракета зарбалари берилганини, натижада аэропорт бутунлай вайрон бўлгани ва камида олти киши яралангани ҳақида хабар берди.

Дарина Суркан, Днепр вилояти Фавқулодда вазиятлар хизмати матбуот котиби:

"Бугун соат 10:06 да Днепрга яна бир ҳужум бўлди. Душман ракеталари аеропортга зарба берди. Бунинг оқибатида аеропорт ва унинг атрофидаги инфратузилма тўлиқ вайрон қилинди. Ҳужум натижасида 100 квадрат метр майдонда ёнғин чиқди. 12: 47 да ёнғинни ўчириш ва ҳужум оқибатида етказилган зарарни бартараф этиш ишлари олиб борилаётган бир вақтда худди шу нишонга яна бир ракета учирилди. Натижада олти нафар қутқарувчи яраланган, улардан бир нафарининг аҳволи ўта оғир, уч нафари ўртача оғир, икки нафари эса енгил тан жароҳати олган”.

Россия Мудофаа вазирлиги “юқори аниқликдаги ракеталар Звонетскийдаги хорижлик ёлланма аскарлар билан тўлдирилган миллатчи “Днепр” баталонининг базаси ва қароргоҳини вайрон қилганини маълум қилди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG