UNICEF мулозими: Украиналик миллиондан зиёд бола очлик таҳдиди остида қолмоқда
БМТ Болалар жамғармаси (UNICEF) фавқулодда дастурлар директори Мануэль Фонтен Россия босқинидан жабр кўрган украиналик миллион нафардан зиёд бола сурункали тўйиб овқатланмаслик ва очлик хавфи остида эканини билдирди.
Мулозимга кўра, бу энг аввало жанговар ҳаракатлар олиб борилаётган ёки мунтазам равишда авиазарбаларга нишон бўлаётган жойларда қолаётган болаларга тегишлидир. Бундай жойларда қолаётган болалар сони, UNICEF маълумотига кўра, 3,2 миллион атрофидадир.
Энг мушкул вазият, жаноб Фонтен сўзларига кўра, гуманитар фожеани бошдан кечираётган Мариуполь каби тинч аҳоли вакиллари чиқиб кетолмаётган шаҳарларда кузатилмоқда.
Варшавада Россия элчихонаси тасарруфида бўлиб келган турар-жой мажмуаси Украинага ижарага берилади
Варшава мэри Рафал Тшасковский 11 апрель куни, Польша расмийлари иддаосича, Россия элчихонаси тасарруфида ноқонуний бўлиб келган турар-жой мажмуаси национализация қилинганини очиқлади. Тшасковскийга кўра, эндиликда бу мажмуа қочқинларни жойлаштириш учун Украинага ижарага берилади, бу ерда мактаб ва маданий марказ ҳам фаолият кўрсатади.
Варшаваликлар томонидан кинояли тарзда Szpiegowo – “Шпионово” деб атаб келинган бу мажмуа ўтган асрнинг 70-йилларида совет элчихонаси томонидан ижарага олинган.
Польшада коммунистик режим қулаганидан кейин бинолар бўшаб қолган, бироқ СССРнинг вориси эканини даъво қилган Россия уларни Польшага топширишдан бош тортиб келган. Польша томон иддаосига кўра, бинолар ва ер участкаси ижарасига оид шартнома муддати аллақачон тугаган.
Германия ТИВ раҳбари Украинани оғир қуроллар билан таъминлашга чақирди
Германиянинг Rheinmetall қуролсозлик ширкати Украинага ўзи ишлаб чиқарган оғир қуроллар, жумладан, танкларни етказиб беришга ҳозирлигини билдирди. Бу ҳақда Handelsblatt нашри хабар қилди.
Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок 11 апрель куни Украинага оғир қуроллар етказиб бериш зарурлиги ҳақида баёнот берган.
Handelsblatt нашрининг ёзишича, гап Бундесвер фойдаланмаётган ўнлаб “Леопард-1” танклари ҳақида бормоқда. Rheinmetall раҳбари Армин Паппергер илк “Леопард” Украинага олти ҳафтадан сўнг етказилиши мумкинлигини айтган, аммо бунинг учун Германия ҳукумати розилиги керак. Бербокнинг кечаги баёноти ҳукумат бунга қарши эмаслигини билдириши мумкин. ТИВ раҳбари ўз баёнотида Украинани қурол билан таъминлашда “креативлик” зарурлигини таъкидлаган эди.
Россия босқинига қадар Германия, НАТОдаги қатор мамлакатлардан фарқли ўлароқ, Украинага қурол-аслаҳа етказиб беришдан бош тортиб келган. Аммо кейинроқ бу тақиқ бекор қилиниб, Киевга танкка қарши ва ҳаво ҳужумига қарши қуроллар тақдим этилган. Украина ҳукумати эндиликда оғир қуроллар, хусусан зирҳли техника ва учоқларга муҳтожлигини таъкидламоқда.
Киев мулозимаси: Москва билан тўққизта гуманитар йўлак бўйича келишувга эришилди
Украина бош вазири ўринбосари Ирина Верешчук 12 апрель ҳолатига Москва билан 9 та гуманитар йўлак бўйича келишувга эришилгани ҳақида маълум қилди. Мазкур йўлаклар орасида Мариуполь, Бердянск, Энергодар, Лисичанск, Попасний ва Рубежний йўлаклари бор.
Душанба, 11 апрель куни гуманитар йўлаклар орқали Украина шаҳарларидан 4354 киши олиб чиқилган. Улар орасида, Верешчукка кўра, 556 нафар мариуполлик ҳам бор.
Украинанинг шарқий ҳудудлари расмийлари аҳолини шаҳарлардан кўчишга чақирмоқда. Украиналик ҳарбийлар ва ғарб разведкаси маълумотига кўра, Россия яқин орада бу йўналиш бўйлаб шафқатсиз ҳужумларни бошлаши кутилмоқда.