Украина Омбудсмени: Рус аскарлари Бучада 14 - 24 ёшли 25 қизни зўрлаган
Россия аскарлари Киев яқинидаги Буча шаҳарчасида 25 га яқин қизни ертўлада сақлаган ва мунтазам равишда уларни зўрлаган. Бу ҳақда BBCга Украина омбудсмени Людмила Денисова маълум қилди. Омбудсменга кўра, зўрланган қизлар 14-24 ёшлар атрофида бўлганлар, улардан 8 нафари ҳозирда ҳомиладор.
“Қизларга “сизларни шундай зўрлаймизки, бошқа эркаклар билан жинсий алоқа қила олмай қоласизлар, умрбод украин бола туғмайсизлар”, деб айтишган”,- деди Денисова.
BBC Киев вилоятида яшовчи 50 ёшли аёлдан ҳам интервью олган. У Чеченистондан келган аскар зўравонлик қилганини, уни ҳимоя қилмоқчи бўлган эрини отиб ташлаганини айтди.
Россия аскарлари томонидан қизларнинг ва ўғил болаларнинг зўрланиши фактлари Украина ҳукумати, ҳуқуқ фаоллари ва халқаро ташкилотлар, жумладан, Human Rights Watch томонидан қайдга олинди.
“Настояшчее время” телеканалининг билдиришича, Украина Омбудсмени ижтимоий тармоқдаги саҳифасига: “Рус армиясидаги террорчи ва жаллодларнинг ёвузлиги чегара билмайди. Масалан, Бучада 14 ёшли қизалоқ 5 нафар рус аскари томонидан зўрланган. Ҳозир у ҳомиладор. Бучада рус аскарлари 11 ёшли ўғил болани онасининг кўз олдида зўрлашган. Зўрланишни кўриб турсин, деб онасини стулга боғлаб қўйишган. Ирпенда 20 ёшли қизни уч аскар бирданига зўрлаган”,- деб ёзган.
БМТ жинсий зўравонлик ҳолатлари бўйича тергов ўтказишга чақирди. Россиянинг БМТдаги вакили Украинада болалар ва аёллар зўрлангани тўғрисидаги хабарларни инкор қилди.
Австрия канцлери: Путин “Донбас масаласини ҳал этиш” фикрида собит турибди
Австрия канцлери Карл Нехаммер Москва яқинида Россия президенти Владимир Путин билан бўлиб ўтган учрашуви тафсилотларини очиқлади.
Австрия журналистлари учун ўтказилган брифингда канцлер Путин билан учрашувдан ҳеч қандай ижобий таасурот олмаганини айтди. Нехаммер Путин санкцияларга қарамай, “Донбас масаласини ҳал этиш” фикрида собит қолаётганини таъкидлади. Айни пайтда Путин Россияга нисбатан жорий этилган санкциялар ўта оғир эканини тан олган.
Карл Нехаммер Путинга “Украинада уруш тезроқ тўхтатилиши шарт” эканини, “Украинада одамлар ўлар экан, Россияга нисбатан санкциялар янада кучайтирилишини” маълум қилган.
Канцлер Путин билан учрашув қатъий оҳангда ва очиқ ўтганин билдирди. “Бу дўстона ташриф эмас эди. Бу сафар мажбурий бўлди”,-деди у.
Икки давлат лидерлари Буча воқеаси юзасидан қарама-қарши позицияни билдирди. Бучада Россия ҳарбийлари томонидан юзлаб тинч аҳолининг қатлом қилинишини Россия президенти “ғарбнинг нохолислиги” сифатида баҳолаган.
Нехаммер Россия Украинага уруш очган 24 февралдан бери Москвага борган илк Европа лидери бўлди. Москва яқинидаги Ново-Огарёво резиденциясида ўтган учрашив бир ярим соат давом этди.
Австриянинг Kronen Zeitung газетасининг ёзишича, Нехаммер учрашувда Путин билан қўл бериб кўришмасликни ва суратга тушмасликни илтимос қилган. Нехаммер бу учрашувдан ва фотосуратлардан Россия пропагандаси фойдаланмаслиги учун шундай йўл тутганини айтган.
Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков учрашув аввалидаёқ музокаралар тўғрисида ҳеч қандай баёнот ва хабар берилмаслигини маълум қилган эди.
Зеленский: Ҳатто Буча қатлиомидан сўнг ҳам ЕИ Россия энерготашувчиларига эмбарго масаласини ҳал эта олмаяпти
Украина президенти Владимир Зеленский видеоалоқа орқали Литва депутатлари билан мулоқот қилди.
“Европа Иттифоқи уруш туфайли Россияга қарши санкцияларнинг олтинчи пакетини муҳокама қилмоқда ва ҳалигача нефтга санкция киритиш масаласи номаълум бўлиб қолмоқда. Ҳатто Буча ва бошқа шаҳарлардаги қатлиомдан кейин ҳам ЕИнинг айрим давлатлари қачон Россия энерготашувчиларини харид қилишни чеклашларини аниқлай олмаяптилар”,-деди Зеленский.
Владимир Путин: Шак-шубҳасиз қуролли кучларимиз белгиланган мақсадга эришади
Беларусь президенти Александр Лукашенко билан “Восточний” космодромига сафар қилган Россия раҳбари Владимир Путин Украинадаги уруш мавзусига эътибор қаратди.
Унга кўра, “қуролли кучлар белгиланган мақсадга эришиши борасида ҳеч қандай шак-шубҳа мавжуд эмас”.
“Бизнинг мақсадимиз олижанобдир”,-деган Путин асосий мақсад “Донбасс аҳолисига кўмак кўрсатиш” эканини урғулади.
Бундан аввал Кремль “махсус ҳарбий амалиёт”дан мақсад Украинани “денацификациялаш” ва “демилитаризациялаш”, шунингдек, “АҚШ ҳукмронлигига чек қўйиш” эканини айтиб келаётган эди.
Ғарб разведкаси Россия ҳарбийлари яқин кунларда Донбассда кенг кўламли ҳарбий ҳаракатларни амалга ошириши кутилаётганини билдирмоқда.
Путин Россия аскарлари Украинада “мардонавор, саводли, эффектив ва самарали” жанг қилаётганини таъкидлади.
Халқаро кузатувчилар, разведка ва ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари Украинада рус аскарлари тинч аҳолини, жумладан, болаларни ўлдираётгани, қийноқларга солаётгани ва зўрлаётганини қайд этмоқдалар.
Россия ҳукумати расман бу хабарларга муносабат билдирмади. Россиянинг БМТдаги вакили эса Россия аскарлари Украинада қизларни ва ўғил болаларни зўрлаганини инкор қилди.