Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 10:17

Рус аскарлари Харьковдан суриб чиқарилмоқда. Россия қатл қилган аҳолининг жасадлари топилди. Уруш хроникаси

12 май: Урушнинг 78-куни

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши Россия аскарлари чекинганидан сўнг Киев вилоятида минглаб кишиларнинг жасадлари топилгани тўғрисида билдирди.

АҚШ ҳукумати Украинага Россияга оид разведка маълумотларини тақдим этишдаги айрим чекловлар тўғрисидаги қўлланмани тасдиқлади.

Украина Қуролли кучлари Бош штаби Харьковнинг шимолидаги Питомник қишлоғи Россия босқинчиларидан озод қилинганини билдирди.

Рим папаси Франциск 11 май куни Ватиканда “Азов” полки жангчиларининг рафиқаларини қабул қилди.

Чехия парламентининг юқори палатаси Россия армиясининг Украинадаги хатти-ҳаракатларини геноцид деб тан олиш ҳақида қарор қабул қилди.

Nokia Россия бозорини тарк этяпти

Nokia Россия бозорини тарк этаётганини эълон қилди.

“Украинага босқин бошланган куниёқ Nokia Россияа ортиқ қола олмаслиги аён бўлган эди. Сўнгги ҳафталарда биз таъминотни узиб, янги бизнесни тўхтатдик. Чекланган илмий-тадқиқот фаолиятимизни эса Россиядан кўчирамиз”, дейилади ширкат хабарномасида.

Канада Россиянинг 33та корхонасига санкция қўллади

Канада Россиянинг мудофаа соҳасига оид 33 та корхонасига қарши санкциялар киритмоқда.

Хусусан, Москва физика-техника институти, “Вимпел” кемасозлик заводи, Курган машинасозлик заводи, Гагарин номидаги авиация заводи ва бошқа корхоналар санкцияга тушди.

Канада март ойи охирида Россия Федерация кенгашининг 160 аъзоси, шунингдек Россия МСК раиси Элла Памфилова, “Норникель” ширкатининг асосий эгаси Владимир Потанин, “Ренова” ширкатлар гуруҳининг директорлар кенгаши раиси Виктор Вексельберг ҳамда СИБУР акциядори Кирилл Шамаловларга қарши санкциялар жорий этган ва уларнинг Канададаги активларини музлатган эди.

Разведка: Россия 2-3 ҳафтадан сўнг ҳужумларни кучайтиради

Ғарб разведкаси Россия ҳарбийлари яқин кунларда Донбассда кенг кўламли ҳарбий ҳаракатларни амалга ошириши кутилаётганини билдирмоқда.

Буюк Британия мудофаа вазирлигига кўра, Украина шарқида 2-3 ҳафтадан сўнг ҳарбий ҳаракатлар кучайиши кутилмоқда.

Вазирлик ҳисоботида айтилишича, Россия қўшинларининг ҳужумлари ҳануз Украина армиясининг Донецк ва Луганск яқинидаги позицияларига қаратилган, Николаев ва Херсонда ҳам жанглар давом этмоқда, Краматорскка ҳужум қайтадан бошланмоқда

Россия қўшинларини Беларусдан Украина шарқига кўчириш давом этяпти.

Россия Мариуполда кимёвий қурол қўллагани айтилмоқда

12 апрелга ўтар кечаси Украина стратегик коммуникациялар ҳарбий бошқармаси Россия қўшинлари “Мариуполда ҳарбийлар ва тинч аҳолига қарши” кимёвий қурол қўллаганини маълум қилди.

Мариуполни мудофаа қилаётган “Азов” полки расмий каналида ёзилишича, “заҳарловчи модда душман дронидан ташланган”. Полк асосчиси Андрей Билецкий “Азов”нинг уч жангчиси жабрланганини, уларда “нафас қисиши, вестибул-атактик синдром” кузатилаётганини айтди.

Украина мудофаа вазири ўринбосари Анна Маляр айни пайтда бу иддао ўрганилаётганини билдирди.

Британия мудофаа вазири ўринбосари Жеймс Хиппи Британия ҳарбий разведкаси Россиянинг Мариуполда кимёвий қурол ишлатганига оид иддаоларни жиддий ўрганаётганини билдирди:

"Агар кимёвий қурол қўлланган бўлса, бизнинг бош вазиримиз ва бутун дунё бўйлаб бошқа ҳукумат раҳбарлари бунга қандай жавоб чоралари кўриш ҳақида зудлик билан бош қотиришлари лозим. Россия президенти Владимир Путин кимёвий қуролдан келгусида фойдаланиш ёки аллақачон фойдаланилганлик шунчаки оддий қабул қилинмаслигини ва Ғарб бунга жим қараб турмаслигини аниқ тушуниши керак”.

Россия кимёвий қурол қўлланига оид хабарларга расмий изоҳ берганича йўқ. Аммо тан олинмаган “ДХР” “Халқ милицияси бошқармаси” бошлиғи Эдуард Басуриннинг баёноти шов-шув бўлди. У Россия ТВ эфирида Мариуполь ҳимоячиларини Россия қўшинлари кўпдан бери ишғол эта олмаётган “Азовсталь” заводидан “ҳайдаб чиқариш” учун Мариуполь ҳимоячиларига қарши “кимёвий қўшинлар” ишга солиниши мумкинлиги ҳақида гапирган эди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG