Тўпга тутилган Северодонецкда гуманитар ёрдам маркази вайрон этилди
Украина омбудсмани Людмила Денисова мамлакат шарқидаги Северодонецк шаҳрида тўпга тутилган гуманитар маркази йўқ қилинганини билдирди. Марказ биносига саккизта снаряд тушган, натижада бино деворлари йиқилган, омборхонада эса ёнғин чиққан.
Денисовага кўра, “марказ ҳар куни 300 нафаргача киши боқиб, тўшакка михланган хасталарни озиқ-овқат ва гигиеник воситалар билан таъминлаб келган. Жамоатчилик фаоллари кунига ҳаракатланиши қийин бўлган аҳоли вакилларига автомобиль ва велосипедларда ёки ҳатто пиёда зарур ашёлар етказиб туришган.
АҚШ президенти Россиянинг Украинадаги ҳаракатларини геноцид деб атади
АҚШ президенти Жо Байден Россия қўшинлари томонидан Украинада тинч аҳолига қарши амалга оширилган жиноятларни 12 апрель кунги чиқишида илк бор геноцид деб атади.
“Мен буни геноцид деб атадим, чунки Путин украин бўлиш имкониятининг ўзини йўқ қилишга уринаётгани тобора аёну равшан бўлиб боряпти. Бунга далил-исбот тобора кўпаймоқда”, дея билдирган Байден.
АҚШ президенти фикрича, Россия Украина аҳолисига нисбатан геноцидни амалга оширяптими-йўқми – бунга оид расмий хулосани ҳуқуқшунослар чиқаради, бироқ Байденга кўра бу геноциддир.
Россия Украина чегарасига қўшимча куч тортмоқда
Россия Украина билан чегарага қўшимча аскар ва ҳарбий техника олиб келмоқда. Maxar Technologies ширкатининг сунъий йўлдошдан олинган тасвирлари ана шундан далолат беради.
Maxar Technologies Россиянинг Белгород вилояти ҳудудидан олинган кадрларни ёйинлаган. Уларда қўриқчилар ҳамроҳлигида ҳаракатланаётган ҳарбий техника карвони акс этган.
Украина ҚК қўмондонлиги: Об-ҳаво шароити Россия ҳарбийлари режасига тузатишлар киритмоқда
Россия қўшинлари об-ҳаво шароитининг ёмонлиги туфайли авиация кўмагидан камроқ фойдаланишга мажбур бўлмоқда. Бу ҳақда Украина Қуролли кучлари Бош штаби 13 апрель тонгидаги ҳисоботида билдирган.
Қўмондонлик қайдича, Россиянинг Су-25 жанговар учоғи уриб туширилган. Харьковни ўққа тутиш давом этмоқда, РФ қўшинлари Мариуполга ҳаводан зарба беряпти, “Азовсталь” металлургия мажмуаси ҳамда денгиз порти йўналиши бўйлаб ҳужум олиб борилмоқда.
Хабарномада Донецк ва Луганск вилоятлари ҳудудида украиналик ҳарбийлар томонидан ўтган кеча-кундузда душманнинг олти ҳужуми қайтарилгани, Россиянинг икки ҳарбий автомобили ва учта артиллерия тизими йўқ қилингани айтилган. Бу маълумотлар мустақил манбалар томонидан тасдиқланган эмас.