БМТ: Украинада тинч аҳоли орасида қурбон бўлганлар сони камида 1982 нафарга етган
БМТ инсон ҳуқуқлари олий комиссарлиги Россия босқини бошланган 24 февралдан буён Украинада тинч аҳоли орасида 1982 киши нобуд бўлгани, 2558 киши эса оғир яраланганини тасдиқлади. Ташкилот қайдича, жанговар ҳаракатлар чоғида камида 153 нафар бола қурбон бўлган.
БМТ вакиллари жанговар ҳаракатлар давом этаётган айрим жойлардан келаётган маълумотлар кечикаётгани ҳамда уларни қўшимча равишда тасдиқлатиш зарурлигини қайд этган ҳолда Украинада инсон талафотига оид ҳақиқий рақамлар бундан анча юқори бўлиши мумкинлигини урғулаган.
Франция президенти Россиянинг Украинадаги ҳаракатларини геноцид деб аташдан бош тортди
Франция президенти Эммануэл Макрон журналистларнинг “Россиянинг Украинадаги ҳаракатларини геноцид сифатида тан олиш мумкинми” деган саволига “Йўқ” деб жавоб берди.
“Бугунги кунда мен бу каби атамаларни ирод этишдан ўта эҳтиёткор бўлардим, чунки бу икки халқ оға-инидир... Мен урушни тўхтатиш ва тинчликни тиклаш йўналишидаги ҳаракатларимини, барча имкониятларимни ишга солган ҳолда, давом эттираман. Мен ҳис-ҳаяжонли баёнотлар бу ишга ёрдам беради деб ҳисобламайман”,-деди Макрон.
Айни пайтда Макрон “Европа минтақасида мисли кўрилмаган даражадаги ҳарбий жиноят содир этилаётгани”ни тан олишини таъкидлади.
АҚШ президенти Жо Байден 12 апрель кунги чиқишида Россия қўшинлари томонидан Украинада тинч аҳолига қарши амалга оширилган жиноятларни илк бор геноцид деб атаган эди.
“Мен буни геноцид деб атадим, чунки Путин украин бўлиш имкониятининг ўзини йўқ қилишга уринаётгани тобора аёну равшан бўлиб боряпти. Бунга далил-исбот тобора кўпаймоқда”, дея билдирган Байден.
АҚШ президенти фикрича, Россия Украина аҳолисига нисбатан геноцидни амалга оширяптими-йўқми – бунга оид расмий хулосани ҳуқуқшунослар чиқаради, бироқ Байденга кўра бу геноциддир.
Бучада 403 жасад топилди
Буча мэрига кўра, 12 апрель ҳолатига шаҳар ҳудудида 403 нафар кишининг жасади топилган, уларнинг россиялик аскарлар томонидан ўлдирилгани тахмин қилинмоқда. Шунингдек, 16 киши бедарак йўқолган.
"Ҳозиргача биз, шаҳар Кенгашида фуқароларнинг бедарак йўқолганлиги, уларнинг қариндошлари улар билан боғлана олмагани билан боғлиқ 16 та ҳолатни қайд этдик. Улар тириклигига, қаергадир яшириниб, алоқага чиқа олмаётганига умид қилиб қоламиз. Лекин катта эҳтимол билан улар қурбон бўлган 403 нафар фуқароларимизнинг тақдирини такрорлаши жуда ачинaрли”, деди Буча мэри Анатолий Федорук.
Украина ва Ғарб мамлакатлари рус ҳарбийларини тинч фуқароларни қатлиом қилишда айбламоқда, Россия эса айбловларни қатъиян рад этяпти. Кремль Бучадаги ҳолатни “фейк” деб атаб, бу воқеаларни “фитна” ва “саҳналаштирилган томоша” деб иддао қилишда давом этмоқда.
Харьковга тақиқланган миналар ташланган
Россия қўшинлари Харьковга белгиланган вақтда портлайдиган миналарни ташлади.
Бундай миналарни қўллаш Оттава шартномаси билан тақиқланган.
Шартномани 163 давлат имзолаган, улар орасида Россия йўқ.
Миналар турар-жой бинолари ҳовлиларида ётгани айтилмоқда.