Google Сбербанк иловаларини ўчирди
Google Сбербанкнинг Android смартфонларига мўлжалланган мобил иловасини Google Play дўконидан ўчирди.
Бу ҳақда ТАСС давлат агентлиги хабар қилди. Google вакили агентликка берган изоҳида илова жорий этилган санкциялар туфайли ўчирилганини билдирган.
Аввалроқ чиққан “Сбербанк онлайн” иловасига бунақа чекловлар татбиқ этилмайди.
Мариуполда 20 мингга яқин тинч аҳоли қурбон бўлган
Уч ҳафтадан буён қамалда қолаётган Мариуполда эса 21 мингга яқин тинч аҳоли ҳалок бўлган ва яраланган.
Буни Мариупол мэри Вадим Бойченко матбуотга маълум қилди:
“Ҳисоб-китобларимизга кўра, Мариуполда тинч аҳоли орасидаги қурбонлар ва ярадорлар сони 21 мингга етган. Бизга ҳаммаси маълум, жасадлар кўчалардан ғойиб бўлаётгани ҳақида далиллар мавжуд. Бизга маълум бўлишича, улар жасадларни концентрация жойлари деб аталадиган жойларга яширмоқда. Бу орқали Мариупол шаҳрида содир этилган хунрезликларнинг изларини йўқ қилиш режалаштирилган. Биз буни геноцид, уруш жинояти деб биламиз”.
БМТ инсон ҳуқуқлари олий комиссарлигига кўра, Россия босқини бошланган 24 февралдан буён Украинада тинч аҳоли орасида жами 1982 киши нобуд бўлган, 2558 киши эса оғир яраланган. Ташкилот қайдича, жанговар ҳаракатлар чоғида камида 153 нафар бола қурбон бўлган.
Европанинг тўрт президенти Киевга келди
Литва президенти Гитанас Науседа, Польша президенти Анжей Дуда, Латвия президенти Эгилс Левитс ҳамда Эстония президенти Алар Карис Украина президенти Владимир Зеленский билан учрашиш учун Киевга келишди.
Бу ҳақда Литва раҳбари ўз твиттерида маълум қиларкан хабарга вокзалда олинган суратни илова қилган.
Украинадаги урушда 20 журналист ҳалок бўлди
Россия ҳужум қилган 24 февраль санасидан бери Украинада камида 20 нафар журналист ўлдирилди.
Украина журналистлар миллий уюшмаси бу рақамлар фақат Бош прокуратура ўлимини тасдиқлаган журналистларга тегишли экани, аслида рақамлар кўпроқ бўлиши мумкинлигини таъкидлади.